Дурузларнинг хатари

0

Дурузлар – ботиний исмоилий убайдийларнинг ашаддий фирқаларидан бири бўлиб, улар ўзларидан чиққан амир Ҳоким Биамриллаҳни худо деб эътиқод қиладилар. Бу фирқа кофирларга азоб, мўминларга эса савоб берилиши каби охиратда юз берадиган бир қанча эътиқодларни инкор этишган. Уларнинг фикрича, инсон вафот этганидан кейин унинг руҳи яна қайтадан дунёга келади. Агар у яхши одам бўлса руҳи яна инсон шаклида, акс ҳолда, бирон бир ҳайвон шаклида дунёга келади. Бу фирқа ҳижрий бешинчи асрнинг бошларида Мисрда пайдо бўлган. Ислом уламолари умматни бу тоифадан қаттиқ огоҳлантиришган.

Аллома Сафорийний кофирларнинг, хусусан, дурузларнинг китобларини йўқотиш вожиблиги ҳақида шундай дейди:

“Мен дурузларнинг баъзи китобларини ўқиб, жуда ҳам ҳайратда қолдим. Улар яҳудий, насроний ва мажусийлардан ҳам баттар, биз билган энг кофир кимсалардир. Чунки улар шаръий ҳукмларни тан олишмайди, қиёматни инкор қилишади ва бир ярамас убайдий подшоҳни худо деб билишади”.

Улар ўз эътиқодларини қаттиқ яширгани боис уларнинг ақидаси ҳаммага ҳам маълум эмас. Шуни ҳам айтиб ўтиш лозимки, улар баъзи эътиқодий масалаларда нусайрийлар билан келишмасаларда, лекин аксарида улар билан ҳамфикрлар. Бироқ нусайрийлар Али розияллоҳу анҳуни, дурузлар эса Ҳоким Биамриллаҳни худо деб билгани учун ҳар икки фирқа бошқасини ўзига қаттиқ душман деб ҳисоблашади.

Бугунги кунимизда Исроил давлатида яшовчи дурузлар чин дилдан яҳудийларга хизмат қилмоқдалар. Исроил ҳукумати ҳам буни билгани учун уларга нисбатан яхши муносабатда.

Баъзи инсонлар дурузларнинг ақидасини яхши билмагани учун уларни мусулмон деб ўйлайди. Аслида эса улар Исроил ҳукуматининг фойдасига хизмат қилаётган, бутун адоватини мусулмонларга қаратган бир фирқадир.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг