Сувга тааллуқли масалалар

1

Сувга тааллуқли масалалар:

1– Ишлатилган сув:

 Ишлатилган сув таҳорат ёки ғусл қилишда ишлатилган сувдир. Ишлатилган сувнинг ҳукми асл сув ҳукмининг айнан ўзи, яъни у тоза ва бошқа нарсаларни ҳам тозаловчидир. Ишлатилган сувни қайта ишлатиш жоиз эканида ундан бошқа сувнинг бор ёки йўқлигининг аҳамияти йўқ. Бунга қўйидагилар далилдир:

Биринчидан, Рубаййеъ бинти Муаввиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўлларини ювгандан кейин унда қолган сув қолдиғи билан бошларига масҳ тортдилар[1].

Иккинчидан, Аллоҳ таолонинг “Сув топа олмасангиз  покиза тупроқ билан таяммум қилингиз” [Моида: 6], деган сўзининг умумий тушунчасига биноан ишлатилган сув ҳам “сув” ҳисобланади. Бу сув поклигини йўқотганини кўрсатадиган бирон оят ёки ҳадис келмаган, шу боис у покиза сув ҳукмида қолаверади.

Учинчидан, аслида тоза бўлган бу сув уни ишлатган кишининг покиза аъзоларига тегиши билан поклигини йўқотмайди.

2– Покиза нарса аралашган сув:

Покиза нарса аралашган сув, модомики, бу нарса сувни ҳаддан ташқари ўзгартириб юбормаган ва уни сувлик табиатидан чиқариб юбормаган бўлса, оддий сувдан фарқ қилмайди.  Сувга аралашган покиза нарса оз миқдорда сувнинг ранги, таъми ёки ҳидини ўзгартиришининг ҳам зиёни йўқ. Агар сувга покиза нарса аралашиб, уни сувлик табиатидан чиқариб юборса, у ҳолда бу сув тоза ҳисоблансада, бироқ ундан таҳоратда фойдаланиб бўлмайди[2].

Умму Ҳонеъ розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Маймуна (иккови) бир идиш –  хамир асорати қолган тоғорада(ги сувда)н ғусл қилдилар[3].

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Агар жунуб бошини “хатмий” билан ювса жоиздир[4]. “Хатмий” – бош ювишда ишлатиладиган ўсимлик тури.

3– Нажосат аралашган сув:

Нажосат аралашган сувнинг ҳукми қуйидагичадир:

А) нажосат аралаши натижасида сувнинг сифатлари: таъми, ранги ёки ҳидидан бири ўзгарса сув нажосатга айланади. Бунга далил ижмодир.

Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Уламолар ижмо қилишганки, агар оз ёки кўп сувга нажосат тушиб, унинг таъми, ранги ёки ҳидини ўзгартирса сув нажосат ҳисобланади[5].

Б) агар сувнинг мазкур сифатларидан бири ўзгармаса, унинг оз ёки кўплигидан қатъий назар, сув аслига биноан покизалигича қолаверади.

Бунга далил “Сунан” асҳоблари Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадис: “Эй Расулуллоҳ, Бузоа қудуғудан таҳорат олсак бўладими?” – дейилди. Бузоа қудуғи ҳайз қони артиладиган латталар, ит гўштлари ва сассиқ (нажосат ва ахлатлар) ташланадиган (яъни сел бу нарсаларни оқизиб келиб, унга ташлайдиган) қудуқ эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сув тозадир, уни ҳеч нарса нажосат қилмайди”, – дедилар[6].

Ушбу ҳадис очиқдан-очиқ сувнинг пок экани, уни ҳеч нарса нажосат қилмаслигини кўрсатмоқда. Биз юқорида агар сувнинг учта сифатидан бири ўзгарсагина нажосат бўлиши тўғрисидаги ижмони нақл қилган эдик.

Кимдир айтиши мумкин: “Бу ҳадисга “икки хум сув” тўғрисидаги ҳадис тескари келади-ку, чунки у ҳадисдан тушунилишича, сув икки хум миқдоридан оз бўлса унга нажосат таъсир қилиши мумкин?”.  “Икки хум сув” ҳадисининг матни қуйидагича: “Агар сув икки хум миқдорига етса унга нажосат таъсир қилмайди[7].

Эътирознинг жавоби: бу икки ҳадис ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ. Негаки, биринчидан, агар сув икки хум ёки ундан кўпроқ миқдорга етса ҳар қандай ҳолатда унга нажосат таъсир қилмайди. Чунки сувнинг кўплиги унда нажосатнинг зоҳир бўлиши ёки унинг сувга таъсир қилишини олдини олади ва бу биринчи ҳадис – “Сув тозадир, уни ҳеч нарса нажосат қилмайди” ҳадисига мувофиқдир.

Иккинчидан, ҳадис икки хум миқдоридан оз сувга нажосат таъсир қилишини тўғридан-тўғри баён қилмаган. Бироқ, ҳадисдан икки хум миқдоридан оз сувга нажосат таъсир қилиши мумкинлиги тушунилади. Шунингдек, ҳадисда бу миқдор сувга нажосат тушса сув поклик табиатини йўқотиши ҳам очиқдан-очиқ айтилмаган. Фақат бу миқдор сувга нажосат тушиб, сувнинг сифатларидан бирини ўзгартириши мустасно бўлиб, бу ҳолатда сув поклик табиатини йўқотади.

Сиддиқ Ҳасанхон роҳимаҳуллоҳ айтади: “Икки хумдан оз миқдордаги сувга унинг ҳиди, ранги ёки таъмини ўзгартирадиган даражада нажосат аралашигина сувнинг нажосат бўлиши ва поклик табиатини йўқотишини келтириб чиқаради. Борди-ю, сувга унинг сифатларидан бирини ўзгартирадиган даражада нажосат аралашмаса, бу сувнинг нажосат бўлишини тақозо қилмайди[8].

 Танбеҳ: Абдурраззоқ “мурсал” ровийлар шажараси ила Ибн Журайждан “(Мадина яқинида жойлашган) Ҳажар (қишлоғи)нинг хумларичалик” деган қўшимчани ривоят қилган. Ибн Журайж шундай дейди: “Дарҳақиқат, Ҳажар хумларини кўрдим. Битта хумга икки мешдан ортиқроқ сув кетар экан”.

Айрим замонамиз уламолари бир хум сувни 200 кг деб белгилаганлар.

 4 – Дарахт барглари, йўсин (бақасалла), шунингдек, шамоллар учириб келиб сувга ташлаган ёки сел оқизиб келган хас-чўплар ва шу каби нарсалар сувга тушиб уни ўзгартириши сувни поклик табиатидан чиқариб юбормайди. Аллоҳ таолонинг “Сув топа олмасангиз  покиза тупроқ билан таяммум қилингиз” [Моида: 6], деган сўзига биноан, бундай сув асл ҳолича қолаверади, яъни тоза ва бошқа нарсаларни тозаловчилик табиатини йўқотмайди.

Шунга биноан, сувга қўшиладиган тозаловчи моддалар, гарчи сувда асорати қолсада, уни поклик табиатидан чиқармайди.

5 – Сувга тупроқ аралашиб, сувни ўзгартириши унинг поклигини йўқотмайди. Зеро, тупроқ ўзи тоза бўлиб, бошқа нарсаларни ҳам поклаш сифатида сувга ўхшашдир.

6 – Туриб қолган сув:

Туриб қолган сув поклик хусусиятини йўқотмайди. Шунга кўра, идишларда узоқ вақт туриб қолиши натижасида сув ўзгарса-да, у билан таҳорат олиш жоиздир.

Ибн Мунзир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Уламолар агар нажосат тушмаган бўлса туриб қолган сув билан таҳорат олиш жоиз эканига ижмо қилганлар. Бу фикрга фақат Ибн Сирингина қўшилмай, туриб қолган сувга таҳорат олиш жоиз эмас, дейди”. Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “(Бу борада) аксар уламоларнинг фикри афзалдир[9].

7 – Ибн Қудома роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар ғусл қилиш асносида аъзосидаги заъфарон ва хамир каби покиза нарса сувга аралашиб уни ўзгартирса, бундай сув билан таҳорат қилишга монелик қилмайди[10].

Шунга кўра, агар киши ғусл қилаётиб баданини совунлаб, сўнгра устидан сув қўйса, яъни баданига совун аралаш сув оқизса қилган  ғусли дурустдир. Юқорида Ибн Масъуднинг сўзини келтирган эдик: “Агар жунуб бошини “хатмий” билан ювса жоиздир[11].

8– Қуёш таъсирида исиган ёки оловда  иситилган сув:

Қуёш таъсирида исиган ёки оловда  иситилган сув билан таҳорат олиш жоиз. Бундай сув билан таҳорат олиш жоиз эмаслигига далолат қиладиган бирон далил йўқ. Шунга кўра, қуёш батареяларини ишлатишнинг зиёни йўқ.

Аксинча, Умар ва ўғли Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумодан иситилган сув ишлатиш жоизлиги собит бўлган. Дорақутний Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, “У қумғонда сув иситиб, исиган сувга ғусл қилар эди[12].

Айюб роҳимаҳуллоҳдан ривоят қилинади: “Нофеъдан иситилган сувда таҳорат олиш тўғрисида сўрадим. “Ибн умар иситилган сувда ғусл қилар эди” – дея жавоб берди Нофеъ[13].

9 – Замзам суви билан таҳорат қилиш:

   Замзам суви билан таҳорат қилиш жоиздир. Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир челак Замзам суви чақиртириб, ундан ичдилар ва таҳорат қилдилар[14].

10 – Агар киши асли тоза бўлган сувнинг нажосатлигида ёки асли нажосат бўлган сувнинг тозалигида шубҳа қилса, ҳар икки ҳолатда ҳам аниғи билан, яъни асли билан ҳукм қилади. Демак, аслида тоза бўлган нарса тоза, аслида нажосат бўлган нарса нажосатдир. Шунингдек, бирон ернинг нажосат ёки поклигида шубҳа қилса ҳам шундай, яъни аслига қараб ҳукм қилинади. Аслида ер покдир.

11 –Агар тоза сув билан нажосат сувни ёки пок кийим билан нажосат теккан кийимни ажратиб бўлмай қолса, у ҳолда имкон қадар ажратишга ҳаракат қилади ва тозалик эҳтимоли каттароқ бўлганини ишлатади. Албатта, бу масалада ихтилоф бор, ундаги тўғри фикр юқорида зикр қилинганидир (“Ал-шарҳул мумтеъ” асарига мурожаат қилинг).

13– Саудия Арабистони Катта Уламолар Ҳайъатининг фикрига кўра, замонавий фильтерлаш ва тозалаш услублари воситасида нажосатлардан тозаланган ҳамда нажосат аралашиши туфайли таъми, ранги ва ҳидида ўзгариш сезилмаган канализация ва оқава сувлар покиза ҳисобланади ва у билан таҳорат олиш ёки нажосатларни тозалашда фойдаланиш жоиз. Шунингдек, Ҳайъат бу сув модомики тиббий жиҳатдан соғлиққа зиёни бўлмаса уни ичиш ҳам жоизлигини, агар уни истеъмол қилиш соғлиққа зиёни бўлса ичмасликни тавсия қилади[15].

[1] Ҳасан. Абу Довуд (130) ва Байҳақий (1\ 237) ривоят қилган. Ҳадисни шайх Албоний “ҳасан” деган.
[2] Қаранг: “Доимий Қўмита фатволари” (5\ 91), 11108 сонли фатво.
[3] Саҳиҳ. Аҳмад (6\ 342), Насоий (1\ 131) ва Ибн Можа (378) ривоят қилган.
[4] Табароний “Кабир”да (9\ 254) ва Ибн Абу Шайба (1\71) ривоят қилган. Шунингдек, бунга ўхшаш сўз Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ҳам собит бўлган.
[5] “Ал-ижмо” (4 -бет). Нававийнинг “Мажмуъ” (1/ 110) асарига қаранг.
[6] Саҳиҳ. Абу Довуд (66), Термизий (66), Насоий (1\ 174) ва Аҳмад (3\ 31) ривоят қилган. Термизий ҳадис ҳақида “ҳасан ҳадис” деган.
[7] Саҳиҳ. Абу Довуд (63), Термизий (67), Насоий (1\ 46), Ибн Можа (517, 518), ва Аҳмад (2\ 38) ривоят қилган. Шунингдек, ҳадисни Ибн Хузайма (92), Ҳоким (1\ 224), Ибн Манда ва Ибн Дақиқил Ийд саҳиҳ деганлар. “Талхисул ҳабийр” (1\ 16-20) асарига қаранг.
[8] “Ал-равзатун надийя” (1\ 8).
[9] “Ал-ижмо” (4-бет). Қаранг: “Ал-муғний” (1\14).
[10] “Ал-муғний” (1\ 14).
[11] Табароний “Кабир”да (9\ 254) ва Ибн Абу Шайба (1\71) ривоят қилган. Шунингдек, бунга ўхшаш сўз Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ҳам собит бўлган.
[12] Саҳиҳ. Дорақутний (1\ 37), Ибн Абу Шайба (1\ 31) ва Байҳақий (1\ 6) ривоят қилган. Ҳадисни шайх Албоний “Ирвоул ғалил” (16) китобида саҳиҳ деган.
[13] Саҳиҳ. Ибн Абу Шайба (1\ 31) ва Абдурраззоқ (1\ 174) ривоят қилган. Ҳадисни шайх Албоний “Ирвоил ғалил” (17) китобида саҳиҳ деган.
[14] Ҳасан. Абдуллоҳ ибн имом Аҳмад “Завоиди Муснад” (1\ 76) китобида ривоят қилган ва шайх Албоний “Ал-ирво”да (13) ҳасан деган.
[15] “Доимий Қўмита фатволари” (5\ 95), 2468 сонли фатво.

Discussion1 dona sharh

  1. Pingback: Таҳорат китоби

Изоҳ қолдиринг