Муфассирлар: Имом Қуртубий

0

Исми

Имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳнинг тўлиқ исми Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Бакр ибн Фараҳ Ансорий Хазражийдир. У ҳижрий еттинчи асрнинг бошларида Андалус[1]нинг Қуртуба қишлоғида таваллуд топган. Сўнг Мисрнинг Асют вилоятига кўчиб ўтиб, ўша ерда яшаб, вафот этган.

Ёшлиги

Имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳ ёшлигиданоқ диний ва арабий илмларга қаттиқ муҳаббат қўйган эди. У Қуртуба (Кордова) шаҳрида Қуръони Каримни ёд олди. У ердаги машҳур уламолардан дарс олиб, араб тили, фиқҳ, қироат каби илмларни пухта эгаллади. У ҳижрий 627 йилда отаси вафот этгунга қадар Қуртубада яшади.

Имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳ ўрта ҳол оилада ўсиб-улғайди. У илм олиш билан чекланиб қолмай, кулоллик ҳунари билан ҳам шуғулланган. Ўша вақтларда Андалусда кулоллик ҳунари кенг тарқалган эди.

У Андалус урушида иштирок этди. Андалус қўлдан бой берилиб, христианларнинг қўлига ўтганидан кейин Имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳ 633 йилда у ердан чиқиб, Мисрга кўчиб келди.

Китоб ўқишга қизиқиши

Имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳнинг бўш вақти йўқ, доим ё ибодат билан ё илм ўрганиш билан машғул, илм олишга иштиёқи баланд, китоб ўқишни жуда севар эди. Китоблари кўплигидан уйи бамисоли кутубхонага айланганди. Хусусан, ҳофиз Ибн Абдулбар ва аллома фақиҳ Абу Бакр ибн Арабийнинг китобларини кўп ўқиди.

Устозлари

  1. Имом ва муҳаддис Ибн Равож: тўлиқ исми Абу Муҳаммад Абдулваҳҳоб ибн Равож Искандароний Моликий, ҳижрий 648 йилда вафот этган.

  2. Аллома Ибн Жуммайзий: тўлиқ исми Баҳоуддин Абулҳасан Али ибн Ҳибатуллоҳ ибн Салома Мисрий Шофеий, 649 йилда вафот этган. У ҳадис, фиқҳ ва қироат илмларида катта олимлардан бўлган.

  3. Абу Аббос: тўлиқ исми Зиёуддин Аҳмад ибн Умар ибн Иброҳим Моликий Қуртубий. У “Муфҳим” асари (“Саҳиҳи Муслим”нинг шарҳи)нинг муаллифи, 656 йилда вафот этган.

  4. Ҳасан Бакрий: тўлиқ исми Ҳасан ибн Муҳаммад ибн Амр Таймий, 656 йилда вафот этган.

Шогирдлари

Имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳнинг энг машҳур шогирдлари қуйидагилар:

  1. Ўғли Шиҳобиддин Аҳмад

  2. Абу Жаъфар Аҳмад ибн Иброҳим ибн Зубайр

  3. Исмоил ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим

  4. Зиёуддин Аҳмад ибн Абу Сауд ибн Абулмаолий Бағдодий.

Ёзган асарлари

Имом Қуртубийнинг китоблари деганда ҳамманинг хаёлига биринчи бўлиб у кишининг тафсир китоби келса, ажабмас. Аксар инсонлар Қуртубий роҳимаҳуллоҳни танишмаса ҳам, унинг тафсирини билишади. Ҳатто у китобнинг асл номи унитилиб, одамлар орасида “Тафсири Қуртубий” номи билан машҳур бўлган. Бу китобнинг тўлиқ исми “Жомеу аҳкомил Қуръон вал-мубийну лима тазоммана минас-суннати ва ойил Қуръон” (яъни “Қуръон аҳкомларини қамраб олувчи ва ундаги суннат ва оятларни баён қилувчи”)дир. Ушбу китоб энг улуғ ва энг фойдали тафсир китобларидан биридир. Муаллиф унда турли қиссалар ва тарихий воқеалар ўрнига Қуръон ҳукмлари, қироатлар, эъроб, носих ва мансухларни айтиб ўтган. Имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳнинг бундан бошқа асарлари ҳам бор. Жумладан:

  • “Ат-тазкираҳ фий умурил-мавто вал-охираҳ” (“Ўликлар ва охират ишларига оид эслатма”)

  • “Ат-тизкор фий афзолил-азкор” (“Зикрларнинг фазилати хусусидаги эслатма”

  • “Ал-асно фий шарҳи асмоиллаҳил-ҳусно ва сифотиҳил-улё” (“Аллоҳнинг гўзал исмлари ва олий сифатларига бағишланган юксак изоҳ”

  • “Ал-эълом бимо фий дийнин-насоро минал-мафосиди вал-авҳом ва изҳору маҳосини динил-ислом” (“Насоролар динидаги бузуқлик ва хаёлий фикрларни танитиш ва ислом динининг мақтовга сазовор – гўзал жиҳатларини ошкор қилиш”)

  • “Қамъул-ҳирси биз-зуҳди вал-қанааҳ ва радду зуллис-суоли бил-касби вас-синоаҳ” (“Зоҳидлик ва қаноат ила таъмагирликка барҳам бериш ҳамда касб-ҳунар ўрганиш орқали тиланчилик хорлигини йўқотиш”). Ушбу китоб ҳақида Ибн Фарҳун: “Мен бу борада ундан яхши китоб кўрмадим” – дейди.

Вафоти

Улуғ имом ва аллома Қуртубий роҳимаҳуллоҳ 671 йил тўққизинчи шаввол душанба куни вафот этди. Аллоҳ таоло у кишини ўз раҳматига олсин!

[1] Бугунги кундаги Испания ва Португалия давлатларининг ўрни.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг