Али розияллоҳу анҳу: Қурайш ва Бани Ҳошим

0

Қурайш қабиласи

Қурайш қабиласининг бошқа араб қабилалари ичида олий насаб, фасоҳатли, нотиқ, гўзал хулқли, шижоатли ҳамда ботир қабила эканини барча араблар тан олишган. Ҳатто улар ўртасида бу борада ҳеч қандай баҳс-мунозарага ўрин йўқ эди. Қурайш ён атрофдаги қабилалар билан иттифоқ қилган, Иброҳим алайҳиссалом шариатидаги аксар қадриятларга амал қилар эди. Қурайш бошқа араблардан фарқли ўлароқ, диндорлиги боис ҳурматга сазовор, одоб-ахлоқли, фарзандпарвар, ҳаж ва бошқа ибодатларни адо қилар, ўликларини кафанлар, жунубликдан ғусл қилишар, оташпарастлардан узоқ турар, рашк қилишгани ҳамда мажусийларга ўхшаб қолмаслик учун ўзига маҳрам бўлган аёлларга никоҳланишнинг яқинига ҳам йўлашмас эди. Уларнинг бу ишларининг тўғри экани Қуръонда ҳам таъкидланган. Улар маҳр ва гувоҳлар асосида никоҳланар, хоҳлаган қабилаларидан уйланишар ва бошқа қабила вакиллари тарафидан уларга ҳеч қандай талаблар қўйилмас эди. Бошқа қабилага қиз беришса куёвдан динида мустаҳкам туриш шартини талаб қилишар эди. Куёв бола уларнинг динига эргашмаса унга қиз бериш ҳалол эмас ва обрў-эътиборимизга тўғри келмайди, деб билардилар.

Бани Ҳошим уруғи

Бани Ҳошим – Қурайш ичида энг нуфузли уруғ. Уларнинг тарих ва сийрат китобларида нақл қилинган сўзлари ва қилган ишлари билан танишар эканмиз, уларни бошқалардан ажратиб турган талай ижобий хислатларга дуч келамиз. Қурайш қабиласида инсоний ҳис-туйғулар, ҳар бир ишга адолат билан ёндашиш, ақли расолик, Каъбанинг Аллоҳнинг ҳузурида муқаддас уй эканига қаттиқ ишониш, зулм ва ҳақни тан олмасликни ёмон хислат деб билиш, олий ҳимматлилик, меҳмон ва мазлумга марҳамат кўрсатиш, саховат, шижоат, хуллас барча мақтовга сазовор сифатлар бор эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аждодлари мана шундай инсонлар бўлишган. Бироқ улар ваҳийдан узоқ, икки пайғамбар орасидаги жаҳолат замонасида яшаб ўтдилар. Шунинг учун ҳам бошқа араблар билан жоҳилий эътиқод ва ибодатларда ҳамфикр бўлишган.

Абдулмутталиб ибн Ҳошим

Абдулмутталиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг боболари бўлади. У амакиси Мутталиб вафот этганидан кейин ҳожиларга овқат ва сув бериш ишини ўз зиммасига олган ва бу ишни маромига еткизиб бажариб келган.

Абдулмутталиб Қурайшдаги энг бой ёки Қусай каби Маккадаги ягона итоат этиладиган бошлиқ эмас эди. Маккада ундан кўра бой кишилар кўп бўлсада, лекин Абдулмутталиб ҳожиларни таомлантириш ва суғориш ишини бажаргани, замзам қудуғини ўз қарамоғига олгани учун қавмидаги энг обрўли шахсга айланган. Чунки бу ишлар Байтуллоҳга тегишли бўлган обрўли ишлар эди. Абдулмутталибнинг Ҳабашистон подшоҳи Абраҳа билан ўрталарида бўлиб ўтган суҳбат, бизга унинг Каъба Аллоҳнинг ҳузурида муқаддас уй ва уни Аллоҳнинг ўзи ҳимоя қилишига қанчалик ишонганини, унинг шахсияти қанчалик кучли эканини кўрсатиб беради. Абраҳа Каъбани бузиб, унинг одамлар ўртасидаги обрўсини йўқотиш мақсадида Маккага уруш қилиб келган эди. Абраҳа Абдулмутталибнинг икки юзта туясини олиб қўяди. Абдулмутталиб изн сўраб, Абраҳанинг ҳузурига киради. Абраҳа унинг ҳурматини жойига қўйиб, тахтидан тушиб уни кутиб олади ва у билан бирга ўтириб, нима мақсадда келганини сўрайди. Абдулмутталиб: “Истагим шуки, подшоҳ менинг икки юзта туямни қайтариб берса!” – деди. Абдулмутталибдан бу гапни эшитган Абраҳа ундан ўзини тортиб шундай деди:

-Мен Каъбани бузишга келган бўлсаму, мен билан бу ҳақда гаплашмай, ўзинг ва аждодларингнинг динини қўйиб, икки юзта туянгни сўрайсанми?!

-Мен туяни эгасиман. Каъбани ҳимоя қиладиган эгаси бор.

-Мендан ҳимоя қилолмайди.

-Кўрамиз.

Ҳақиқатдан ҳам Абдулмутталиб айтганидек, Каъбани эгаси ҳимоя қилди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй Муҳаммад! Парвардигорингиз фил эгаларини қандай (ҳалок) қилганини кўрмадингизми? У зот уларнинг (Каъбатуллоҳни вайрон қилиш учун қўллаган барча) ҳийла-найрангларини барбод қилмадими? У зот уларнинг устига сополдан бўлган тошларни отадиган тўп-тўп қушларни юбориб, уларни (қурт-қумурсқалар томонидан) чайнаб ташланган сомон каби (илма-тешик) қилиб юборди!” (Фил).

Абдулмутталиб болаларини зулм қилмасликка буюрар, гўзал хулқли бўлишга ундар, пасткашлик ва разил ишлардан қайтарар эди. Абдулмутталиб саксон ёшида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саккиз ёшликларида дунёдан ўтди. Яъни, у тахминан милодий 578 йилда вафот этган. Айтишларича, Абдулмутталиб вафот этгани боис Маккада бир қанча кун бозорлар очилмаган экан.

(давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг