Ибодатнинг негизи

0

Ибодатнинг негизи

Инсондан талаб қилинган ибодатнинг негизини аниқлаш хусусида турли фикрлар мавжуд. Баъзилар ибодатнинг негизи “бўйсуниш ва ўзини хор тутиш” дейдилар. Улар бу маънони арабларнинг “ибодатли йўл” (яъни оёқлар билан босилаверганидан “хорланган” – текис йўл) деган сўзидан олганлар.

Бу фикр тарафдорлари умумий бандачилик тушунчаси билан хос бандачилик тушунчаси ўртасини аралаштириб юборганлар. Умумий бандачилик тушунчаси деганда, бутун еру осмонлардаги мавжудотлар: яхши ва ёмон, мўмин ва кофирларнинг барчасининг Аллоҳга бандалик қилиши – Унинг мулк-салтанати, қаҳр-иродаси ва бошқаруви остида экани назарда тутилади. “Осмонлар ва ердаги бор жонзот (қиёмат кунида) Раҳмон (ҳузурига) банда бўлган (яъни бўйсунган) ҳолда келур” [Марям: 93]. Хос бандачилик тушунчаси эса, Аллоҳга бўйсуниш, яхши кўриш ва Унинг бўйруқларига эргашишдан иборат. Бундай ибодат фақат мўминлар тарафидан тасаввур қилиниши мумкин. “(У кунда уларга айтилур):  “Эй  Бизнинг оятларимизга иймон келтирган ва мусулмон бўлиб ўтган бандаларим,  бу кун сизлар учун ҳеч хавф-хатар йўқ ва сизлар асло ғамгин бўлмайсизлар” [Зухруф: 68].

 Баъзи жамоатлар ибодатни фақат яхши кўришгагина чеклаб қўйганлар. Улар сўфийлар жамоатидир. Улар ибодат бу Аллоҳга бўлган муҳаббатдан иборат, деган даъво остида кўп аҳмоқона ишларга қўл урадилар. Шунингдек, бу тушунча инсоннинг бандалигига зид бўлган, унга Аллоҳдан ўзгага нисбат бериб бўлмайдиган айрим рубубият  сифатларини беришгача олиб борди. Бу тоифага мансуб кўпгина шайх ва пирлар шундай хатарли ишларга қўл урдилар. Сабаби, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам баён қилиб берган ибодат моҳиятини яхши англаб етмаслик, қолаверса, бандага ўз қадрини англашига ёрдам берадиган ақлнинг етишмаслигидир.

Баъзи инсонлар ибодатнинг негизи Аллоҳдан қўрқиш дедилар. Улар хаворижлар тоифасидир. Шу тушунчадан келиб чиқиб, гуноҳлар борасида жуда чуқур кетдилар. Бўлар-бўлмасга мусулмонларни кофирга чиқариб, дўзахда мангу қолишда уларни кофирларга тенглаштириб қўйдилар.

Хаворижлар тоифасининг акси ўлароқ, айрим тоифалар ибодатнинг асоси Аллоҳдан умид қилиш, деган даъвони олға сурдилар. Улар ибодат ва иймоннинг ҳосил бўлиши учун тилда айтишнинг ўзи кифоя, дедилар.

Маълумки, юқорида санаб ўтилган тоифаларнинг барчалари ибодатнинг негизини билиш борасида адашдилар. Улардан ҳар бири ибодат моҳиятининг бир қисминигина ушлаб олиб, қолган қисмларини эътиборсиз қолдирдилар. Қуръон ва суннатни текшириб кўриш ва салафи солиҳлар ҳолатини кузатиш орқали шу нарса маълум бўладики, ибодат асослари “Аллоҳга хокисорлик қилиш, бўйсуниш, Уни яхши кўриш, Ундан қўрқиш ва умид қилиш”дан иборатдир. Айрим салафи солиҳлардан ривоят қилинишича, “Кимда ким Аллоҳга фақат муҳаббат билан ибодат қилса худосиз-мунофиққа айланади, ким Унга фақат умид билан ибодат қилса муржиа, ким Аллоҳга фақат қўрқиш билан ибодат қилса хавориждир, кимда ким Аллоҳга муҳаббат, қўрқув ва умид билан ибодат қилса, ана ўша чинакам мўминдир”дир.

Демак, инсоннинг барча амаллари: якка ёки жамоавий равишда, қалб ва бошқа аъзолар воситасида бажариладиган бутун амалларини тартибга соладиган ибодатнинг асоси “Аллоҳни яхши кўриш, Ундан қўрқиш ва умид қилиш” экан.

Ибн Қаййим роҳимаҳуллоҳ мўминнинг қалбидаги бу уч асосни бамисоли қушга ўхшатади; муҳаббат унинг боши, қўрқув ва умид эса унинг икки қаноти. Қачон қушнинг боши ва икки қаноти соғлом бўлса, у яхши ўчади. Агар қушнинг боши кесилса, у ўлади, борди-ю, икки қанотини йўқотса, у ҳар қандай овчи ёхуд йиртқич ҳайвонларга ем бўлиши муқаррар[1].

[1] “Мадорижус соликийн” (1\ 517).

Изоҳ қолдиринг