Имкони бор одам қачон ҳаж қилиши керак?

0

Ҳаж дарҳол бажарилиши керакми ёки кечиктириб бажарса ҳам бўладими?

  Бир гуруҳ уламолар, жумладан, Шофеий, Саврий ва Авзоийлар ҳаж кечиктириб бажарса жоиз бўлган фарз дейдилар. Уларнинг фикрича, инсон ҳажни кечиктириши билан гуноҳкор бўлмайди, балки уни умрининг истаган вақтида бажариши жоиздир.

Бу уламоларнинг далили шундан иборатки, ҳаж ҳижрий олтинчи йилда фарз қилинсада, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни ўнинчи йилга қадар кечиктирдилар.

Бошқа бир гуруҳ уламолар, жумладан, Молик, Аҳмад, Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва айрим Шофеий мазҳабидаги уламоларнинг фикрича, ҳаж дарҳол бажарилиши лозим бўлган фарздир.

 Бу гуруҳ уламоларнинг далили юқорида зикр қилинган ҳажни адо этишга шошилиш тўғрисидаги ҳадис ва ундан ташқари Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзидир: “Мен бу (ислом) шаҳарларига бир қанча одамларни юборишни, улар имконияти бўлатуриб ҳаж қилмаган кишиларни топиб, уларнинг зиммасига (ғайримусулмонларга солинадиган) “жизя” солиғини солишларини ўйлаб қолдим. (чунки) улар мусулмон эмаслар, улар мусулмон эмаслар[1].

Бу борадаги тўғри фикр ҳаж дарҳол бажариладиган фарз, деган уламоларнинг фикридир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаж ибодатини адо этишни ўнинчи йилга қадар кечиктирганларини ҳужжат қилишга келсак, бу ҳақда Шавконий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Бунга шундай жавоб берилди: аввало ҳаж фарз қилинган сана хусусида ихтилоф мавжуд; Айрим фикрларга кўра ҳаж ўнинчи йилда фарз бўлган. Бу фикрга кўра кечиктиришнинг ўзи йўқ. Борди-ю, ҳаж ўнинчи йилдан олдин фарз қилинган эканига таслим бўлинса-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳажда ширк аҳли билан аралашишни истамаганлари, бу нарса макруҳ саналгани боис ҳажни кечиктирган бўладилар. Негаки, у пайтда мушриклар ҳаж қилишар эканлар Каъбани яланғоч тавоф қилишар эдилар. Кейинчалик, Аллоҳ таоло Байтул Ҳаромни улардан тозалагач ҳаж қилдилар. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам сабабли равишда ҳажни кечиктирганлар. Ҳолбуки, тортишув жойи, ҳаж қилишга имкон бўлатуриб кечиктириш жоиз ёки йўқлиги хусусидадир”[2].

[1] Саид ибн Мансур, Байҳақий “Сунан”да (4\ 334) ва Ибн Абу Шайба (2\ 206) ривоят қилган. Шунингдек,  Фокиҳий “Ахбори Макка”да (1\ 382) шунга ўхшаш гапни ривоят қилган. Бу ривоятнинг бир қанча йўллари ва лафзлари мавжуд бўлиб, улар бу сўзнинг Умар розиёллоҳу анҳудан собит эканига далолат қилади.

[2] “Найлул автор” (5\ 9).

Изоҳ қолдиринг