Қаллиқ танлаш

1

Хитба аҳкомлари

  Хитбанинг маъноси:

Арабча “хитба” сўзи муайян аёлга уйланиш рағбатини изҳор қилиш ва бу ҳақда унинг валийсига билдириш маъносини англатади.

Куёв ёки қаллиқ танлаш:

Қаллиқ танлаш:

Инсон ўзига умр йўлдош танлашда қуйидагиларга эътибор қаратиши лозим:

  • Умр йўлдошининг солиҳа бўлиши: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Аёл тўртта нарса учун: мол-дунёси, насл-насаби, чиройи ва дини учун никоҳланади. Барака топгур, диндорини қўлга кирит[1].

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Диндор аёл Аллоҳнинг тоатида эрига ёрдам беради, қўл остидаги фарзандларини солиҳ фарзандлар қилиб тарбиялайди, эри йўқлигида ўзининг иффати, эрининг мол-мулки ва уйини сақлайди. Буни акси ўлароқ, диёнатсиз аёл келажакда эрига зиён келтириши мумкин[2].

  • Умр йўлдошининг бокира бўлиши мустаҳабдир. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан: “Эй Жобир, бокирага уйландингми ёки бевагами?” – деб сўрадилар. “Бевага” – деди у. “Бокирага уйланмабсан-да, ўзаро бир-бирларинг билан дилхушлик қилар эдинглар[3]. Бухорийга оид бошқа бир ривоятда: “Ўзаро бир-бирларинг билан кулишадиган[4], дейилади.

Бироқ айрим ҳолатларда, муайян сабабларга кўра бева хотинга уйланиш бокира қизга уйланишдан афзал бўлиши мумкин. Юқоридаги ҳадис  давомида Жобир розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай дейди: “Отам вафот этиб, ўзидан кейин еттита ёки тўққизта қиз қолдириб кетди. Шу боис, бевага уйландим, сингилларимга ўзларига ўхшаган (рўзғор ишларига ўқувсиз бокира) қиз олиб келишни хуш кўрмадим”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳ сенга барака берсин[5] ёки бошқа бир ривоятда келишича, “Тўғри қилибсан” – дедилар.

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Агар инсон фойдали бир мақсадларни кўзлаб бевага уйланса, бу унинг учун (бокирага уйланишдан) афзалдир[6].

  • Хотиннинг кўп туғадиган ва эрпарвар бўлиши. Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб деди: “Мен насл-насабли бир хотин топдим, лекин туғмас экан, унга уйланаверайми?”. “Йўқ” – дедилар у зот. Ҳалиги одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига иккинчи бор келиб сўраган эди, у зот бундан қайтардилар. У учинчи бор келганида унга шундай дедилар: “Вадуд” – эрпарвар ва “валуд” – кўп туғадиган хотинга уйланинглар, зеро, мен сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман[7].

“Вадуд” – эрининг севги муҳаббатини қозонишга интиладиган, уни рози қилишга бор кучини сарфлайдиган хотин.

“Валуд” – кўп фарзанд туғадиган хотин. Бу унинг жисмонан соғлом бўлишидир. Буни унинг опа-сингиллари, амма ва холаларига қараб билиш мумкин.

  • Олийжаноб ва соғлом ахлоқий муҳитдан чиққанлиги. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида шундай дейдилар: “Одамлар (хулқ-атворларининг хилма-хиллигида) тилла ва кумуш конларига ўхшайдилар. Агар динда илмли бўлсалар одамларнинг жоҳилият давридаги яхшилари исломда ҳам яхшиларига айланадилар[8].

Шу боис, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш қабиласининг солиҳа  аёлларини мақтадилар. Негаки, улар болаларига меҳрибонлик кўрсатиш ва эрпарварлик каби яхши сифатларга эга эдилар.  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Умму Ҳонеънинг қўлини сўрадилар. Шунда Умму Ҳонеъ: “Эй Расулуллоҳ, мени ёшим ўтиб қолди, (устига-устак қаровга муҳтож) фарзандларим ҳам бор” – деди. Шунда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Туя минган энг яхши аёллар Қурайшнинг солиҳа аёллари; улар ёш болаларига меҳрибон ва эрининг топган-тутган мол-мулкини асраб-авайловчидирлар[9].

Бундан кўринадики, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Қурайш аёлларини иккита сифат билан мақтаганлар:

Биринчиси: фарзандларга меҳр-шафқатлилик.

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ дейди: “Фарзандларига меҳрибон аёл етимлик даврида уларни парваришлаган ва шу сабаб турмушга чиқмаган аёлдир. Агар бу ҳолатда аёл турмушга чиқса, у ҳолда меҳрибон аёл бўлмайди[10].

Иккинчиси: эрининг мол-мулкини асраб-авайлашда унга ғамхўрлик қилиш. Бу аёл кишидан эрининг мулкини асраб-авайлаш, исрофгарчиликка йўл қўймасдан омонат билан сарф-харажат қилишни тақозо қилади.

Танбеҳ: бу дегани бева аёл турмушга чиқиши ҳаром дегани эмас. Аксинча, бева аёлнинг турмушга чиқиши ҳалол ва жоиздир. Бироқ бева аёл фарзандларининг тарбияси билан машғул бўлиши афзал. Агар у ўзининг фитнага тушиб қолишидан қўрқса, у ҳолда турмушга чиқиши афзал бўлади, валлоҳу  аълам.

  • хотинда бўлиши керак бўлган сифатлардан яна бир нечаси қуйидаги ҳадисда зикр қилинган сифатлардир: “Аёлларнинг энг яхшиси унга қарасанг сени хурсанд қиладиган, (бирон ишга) буюрсанг итоат этадиган, унга тегишли бирон қасам ичсанг, қасамингни бузмасликка ёрдам берадиган ва кўчага чиққанингда уйда иффатини ва сенинг мол-мулкингни асраб-авайлайдиган аёлдир[11].

[1] Бухорий (5090), Муслим (1466), Абу Довуд (2047), Насоий (6/ 68) ва Ибн Можа (1858) ривоят қилган.

[2] “Ал-шарҳул мумтеъ” (5\ 122), “Ал–мактабатул исломийя” нашриёти.

[3] Бухорий (5079, 5247), Муслим (715), Абу Довуд (2048), Термизий (1100), Насоий (6\ 61) ва Ибн Можа (1860) ривоят қилган.

[4] Бухорий (5367) ва Муслим (715) ривоят қилган.

[5] Бухорий (5367), Муслим (715), Термизий (1100) ва Насоий (6\61)  ривоят қилган.

[6] “Ал-шарҳул мумтеъ” (5\ 124), “Ал-мактабатул исламийя” нашриёти.

[7] Ҳасан. Абу Довуд (2050), Насоий (6\ 65) ва Ибн Ҳиббон (4056) ривоят қилган.

[8] Бухорий (3353, 3374, 3493, 3495) ва Муслим (2526) ривоят қилган.

[9] Бухорий (5082, 5137) ва Муслим (2527) ривоят қилган.

[10] Фатҳул Борий (9/ 125).

[11] Насоий (6\ 68), Аҳмад (2\ 251), Байҳақий (7/ 82) ва Таёласий (1\ 306) ривоят қилган. Ҳадис матни Таёласийга оид.

Discussion1 dona sharh

  1. Nusratulloh

    Assalomu Alaykum
    Agar beva ayolning qizlari k’op va bo’yi etgan qizlar bo’lsa, u ayolning johilga turmushga chiqishi joizmi?

Изоҳ қолдиринг