Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Қуддус исмининг маъноси

0

Қуддус арабча “қудс” сўзидан олинган. “Қудс” сўзининг икки хил маъноси бор:

Бири поклик, шунга биноан “Қуддус” сўзининг луғавий маъноси “бениҳоят пок” бўлади. Бу фикрга кўра, “Муқаддас замин”нинг ибораси “Пок (яъни одамлар гуноҳлардан покланиши учун борадиган) замин” маъносини англатади.

Иккинчиси эса барака бўлиб, “Қуддус” сўзи луғатда “муборак” маъносини ифодалайди. Бу фикрга кўра, “Муқаддас замин” ибораси “Муборак юрт” маъносини билдиради.

“Қуддус” сўзининг икки тур луғавий маъноси бўлгани учун муфассирлар Аллоҳ таолонинг бу исмининг маъносида ҳам икки хил фикрга борганлар. Қатода роҳимаҳуллоҳ Аллоҳ таолонинг “Қуддус” исми “Муборак” маъносида деган бўлса, Ибн Жарир Табарий, Байҳақий, Ибн Касир, Алусий ҳамда Шавконий каби бошқа муфассирлар эса бу исм “Айбу нуқсонлардан Пок” маъносида дейишган.

Байҳақий роҳимаҳуллоҳ: “Қуддус – айбу нуқсон, бола ва шериклардан Пок дегани…” – деганлар.

Ғазолий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Қуддус – инсоннинг хаёлига келиши, тасаввур қила олиши, ҳис органлари воситасида билиши ёки тафаккурида гавдаланиши мумкин бўлган барча шакл-шамойиллардан Пок бўлган зотдир”.

Бу исм Қуръони Каримда икки бор зикр қилинган. Бири Ҳашр сурасида, иккинчиси Жума сурасининг бошида келган:

  1. У Аллоҳ шундай зотдирки, ундан бошқа ҳеч қандай илоҳ йўқ. У ёлғиз Подшоҳ, (барча айбу нуқсонлардан) Покдир” (Ҳашр: 23).

  2. Осмонлару ердаги барча нарсалар (ёлғиз) Подшоҳ, (барча айбу нуқсонлардан) Пок, Қудратли ва Ҳикматли Аллоҳга тасбеҳ айтади” (Жума: 1).

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, Аллоҳ таолони айбу нуқсонлардан поклаш жаҳмий ва мўътазилийлар каби Аллоҳнинг исм ва сифатларини йўққа чиқариш дегани эмас. Аллоҳ таолонинг ўзи бор деган сифатларини бор деб эътиқод қилиш Аллоҳ таолони поклашнинг бир қисмидир.

Аҳли суннат Аллоҳ таолони поклар экан, Унинг исм ва сифатларини йўққа чиқармайди. Исм ва сифатларни бор, деб этиқод қилишда эса Уни бошқаларга ўхшатмайди. Шўро сурасидаги: “Ҳеч нарса Аллоҳга ўхшаш эмас ва У эшитувчи, кўрувчидир” (Шўро: 11) – оятида Аллоҳ таоло Ўзига ўхшаш ҳеч бир нарса йўқ эканини айтиш билан бирга Ўз сифатларини зикр қилиб ўтди.

Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари айбу нуқсондан пок бўлганидек, У зотнинг айтган сўз ва қилган ишлари ҳам айбу нуқсондан покдир. Аллоҳнинг сўзлари рост, айтган хабарлари ҳақдир. Зеро, Аллоҳ таолодан кўра ростгўйроқ ким бор?!

Аллоҳ таолонинг қилган ишлари хато ва унутиш каби айбу нуқсонлардан холи. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: “Раббингизнинг сўзлари сидқу адолатда комил бўлди. Унинг сўзини ўзгартирувчи йўқдир. У эшитувчи ва билувчидир” (Анъом: 115),– деган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъ ва саждада Аллоҳ таолони бу исми билан кўп зикр қилар эдилар. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам рукуъ ва саждаларида: “Суббуҳун Қуддусур Роббул малааикати варруҳ (Аллоҳ барча айбу нуқсонлардан пок, фаришталар ва Жаброилнинг парвардигоридир)” – дер эдилар (Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло барча айбу нуқсонларимизни кечирсин. Зеро, беайб Парвардигор!

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг