Закот беришдан бош тортган кишининг ҳукми

0

Закот беришдан бош тортган кишининг ҳукми:

Закот исломнинг фарз ва рукнларидан бири. Закотни беришга имкон бўлганида уни кечиктирмай дарҳол бериш вожибдир. Агар киши закотнинг фарзлигини инкор қилиб уни тарк қилса кофир бўлиб диндан чиқади ва уни куфри сабаб ўлдириш вожибдир. Бу ҳукм, албатта, закотнинг вожиблигини билган кишига тегишли. Бордию, киши исломга янги кирган ёки узоқ дашту биёбонда ўсиб-ўлғайган бўлса, у ҳолда жоҳиллиги сабаб узрли бўлади. Бироқ инсон мусулмонлар диёрида яшаб закотнинг фарзлигини билмасликни даъво қилса узри қабул қилинмайди.  Чунки закотнинг фарзлиги динда барчага маълум ва машҳур ишлардандир.

Агар киши закотнинг фарзлигини эътиқод қилатуриб уни адо этмаса катта гуноҳлардан бирини содир этган бўлади. Бироқ закот бермаган кишининг жазоси хусусида келган ҳадисга биноан кофир бўлмайди. Ҳадисда жумладан шундай дейилади: “Ҳаққи (закоти)ни бермайдиган бирон бир олтин ёки кумуш эгаси йўқки, албатта қиёмат куни бўлганида унга (бу тилло ва кумушлар) оловдан иборат листлар шаклига келтирилади ва (то оловга ўхшаш ҳолатга келгунига қадар) жаҳаннам ўтида қиздирилади. Сўнгра у билан бу кимсанинг (икки) ёнбоши, пешонаси ва орқаси куйдирилади. Миқдори (дунёдаги) эллик минг йилга тенг келадиган  кунда бу оловли листлар совуган сари уни куйдириш учун қайтадан қизитилаверади. Бу ҳолат то бандалар ўртасида ажрим қилиниб, киши ўзининг жаннат ёки дўзахга элтувчи йўлини кўргунича давом этади”.

Ҳадисдаги “киши ўзининг жаннат ёки дўзахга элтувчи йўлини кўргунича” деган сўз закотнинг фарзлигини эътиқод қилган ҳолда уни адо этмаган кишининг кофир бўлмаслигига далилдир. Зеро, бундай киши кофир бўлганида унга фақат жаҳаннамга элтувчи йўл кўрсатилган бўлур эди.

Ҳоким бундай кимсани закотни беришга мажбурлаши ва закотни беришдан бош тортгани учун таъзир бериши вожиб. Баҳз  ибн Ҳаким отасидан, отаси эса бобосидан ривоят қилади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “… Ким закотни беришдан бош тортса, албатта биз закотни ҳам ва унга қўшиб мол-мулкининг ярмисини ҳам олурмиз. Бу ҳукм Раббимиз қатъий фарз қилган ҳукмлардан биридир...”[1]. Ҳадиснинг ровийлар шажараси ҳасан. Демак, ҳоким закотни беришдан бош тортган кишидан закотни ва жазо тарзида мол-мулкининг ярмисини олади.

Бу борадаги устивор фикрга кўра, ярим мол-мулкидан мақсад, барча мол-мулки эмас, балки закотини беришдан бош тортган мол-мулкининг ярмисидир[2].

Санъоний роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Мазкур ҳадис ҳокимнинг закотни беришдан бош тортган кишидан уни мажбуран олишига далилдир. Зоҳир бўлишича, бу ҳукм уламолар ўртасида ижмо қилинган ҳукм бўлиб, закот учун ҳокимнинг нияти кифоядир. Бу ният закот зиммасида вожиб бўлган киши, (яъни эгаси)га кифоя қилади. Закот эгаси ажр олмасада зиммасидан закотнинг вожиблиги соқит бўлади[3].

Кишидан мажбуран закот чиқариш билан зиммасидан соқит бўладими?

Шайх Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳ айтади: “Зоҳирда бу билан закот зиммасидан соқит бўлади ва ундан қайтадан закот чиқариши талаб қилинмайди. Бироқ, ботинда бу билан закот зиммасидан соқит ҳам бўлмайди ва унга кифоя ҳам қилмайди. Негаки, у Аллоҳга яқинлик қилишни, зиммасидаги Аллоҳнинг ҳаққини адо этишни ният қилмади. Шу боис, унга охиратда бу қилмиши учун закот чиқармаган кишининг жазоси берилади. Чунки закот унинг хоҳишисиз чиқарилди”[4].

Мазкур ҳукм закот беришдан бош тортган якка шахслар хусусидадир. Бироқ закотни беришдан бош тортганлар куч-қувватга эга бўлган бирон жамоат бўлсалар, у ҳолда то закотни адо қилмагунларича уларга қарши уруш қилинади. Бунга далил “Икки саҳиҳ ҳадислар тўплами”да Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадисдир. Унда  Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Мен одамлар то “Ла илаҳа иллаллоҳ, (яъни Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ) ва Муҳаммад Аллоҳнинг расули” деб гувоҳлик бермагунларича, намозни адо қилмагунларича ва закотни бермагунларича уларга қарши уруш қилишга буюрилдим. Агар улар буни бажарсалар, ўшанда жон ва мол-мулкларини мендан асраб қоладилар. Шунда ҳам ислом ҳаққи-талаби сабаб (уларнинг жон ва мол-мулкига аралашиш) бундан мустасно бўлиб, уларнинг ҳисоб-китоби Аллоҳнинг зиммасидадир[5]. Бунга саҳобаларнинг тутган йўллари ҳам далил бўлади, чунки улар закотни беришдан бош тортган одамлар жамоатига қарши жанг қилган эдилар.

[1] Ҳасан. Абу Довуд (1575), Насоий (5\ 15) ва Ҳоким (1\ 397) ривоят қилган. Ҳадисни Ҳоким саҳиҳ деган ва Заҳабий бу ҳукмда унга мувофиқ бўлган.

[2] Мисол учун, кишининг зиммасида тилла ва мева-чеваларнинг закоти бўлса-ю, меваларнинг закотини бериб, тилланинг закотига қолганда бахиллик қилса, у ҳолда жазо тарзида барча мол-мулкининг ярмиси эмас, балки фақат тилланинг ярмиси мусодара қилинади.

[3] “Субулус салом” (2\600), “Дорул жийл” нашриёти.

[4] “Шарҳул мумтеъ” (6\ 199).

[5] Бухорий (25), Муслим (22), Абу Довуд (2640), Термизий (2606) ва Насоий (6\ 4) ривоят қилган.

Изоҳ қолдиринг