Муржиаларнинг таърифи

0

Муржиа сўзининг луғавий маъноси

Муржиа сўзи арабча иржо сўзидан олинган. Иржо сўзи араб тилида умид қилиш, қўрқиш, кечиктириш ҳамда умидлантириш маъноларини ифодалайди. Масалан, Нисо сурасининг 104-оятида умид қилиш маъносида ишлатилган: “Шу билан бирга сизлар Аллоҳдан улар умид қилмаган нарсани (яъни савоб ва шаҳидлик неъматига сазовор бўлишни) умид қиласизлар”. Нуҳ сурасининг 13-оятида эса қўрқиш маъносида келган: “Нега сизлар Аллоҳнинг улуғлигидан қўрқмайсизлар?!”. Тавба сурасининг 106-оятида иржо сўзи кечиктириш маъносида келган: “Яна бошқа (ғазотга чиқмаган) бир гурҳ борки, улар Аллоҳнинг амрига қолдирилганлар”.

Муржиа сўзининг истилоҳий маъноси

Муржиа сўзининг истилоҳий маъноси ҳақида турли хил фикрлар бор. Биз бу фикрларни қисқача баён қилиб ўтамиз:

  1. Муржиалар амални иймонга қўшмайдиган, амал иймоннинг бир бўлаги эканини инкор қиладиган тоифадир. Уларнинг фикрича, иймон фақат тасдиқлашдан иборат бўлиб, кофир одам тоат-ибодат қилса қабул қилинмаганидек, иймон келтирган одамга гуноҳ ишларни қилишнинг ҳеч ҳам зарари йўқ.

  2. Муржиалар гуноҳи кабира қилган кишига бу дунёда ҳеч қандай ҳукм қилмай, унинг ҳукмини қиёматга қолдирган тоифадир.

  3. Баъзилар муржиаликнинг асл келиб чиқиши Али розияллоҳу анҳу билан Муовия розияллоҳу анҳунинг ўртасида бўлиб ўтган фитналарга сукут сақлаган саҳобаларга бориб тақалади деган фикрга боришган.

Юқоридаги таърифларнинг биринчиси энг тўғрисидир. Чунки Али розияллоҳу анҳу билан Муовия розияллоҳу анҳунинг орасида бўлиб ўтган фитналарнинг муржиаликка ҳеч ҳам дахли йўқ. Қолаверса, бу фитнага аралашмаган саҳобаларни муржиаликнинг уруғи деб айблаш энг катта хатодир. Аксинча, бундай фитна вақтида шу фитнага аралашмаганлар энг тўғри йўл тутганлар ҳисобланади. Чунки шубҳа билан мусулмон кишини ўлдириш асло дуруст эмас.

Иржо сўзининг луғавий маънолари ҳам биринчи таърифга тўғри келади. Чунки улар амални иймон даражасига қўшишмаган ва “иймонли кишига гуноҳ ишларни қилишнинг зарари йўқ” шиори остида одамларни умидлантириб, Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқмайдиган бўлишларига сабабчи бўлишган. Иншаоллоҳ келгусида уларнинг қандай пайдо бўлганлари ва асосий эътиқодларини баён қилиб, уларнинг хатоларини бирма-бир ёритиб берамиз.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг