Ҳаж кимга фарз?

0

Ҳаж кимга фарз?

Ҳаж мусулмон, оқил, балоғатга етган, озод ва ҳажга боришга имкони бор кишига фарздир. Ҳаж кофирга фарз эмас, чунки кофирнинг қилган ибодати дуруст бўлмайди. Шунинг учун у кофир ҳолатида ибодатга буюрилмайди[1].

Ақлдан озган кишига ҳаж вожиб бўлмайди. Қуйидаги ҳадис бунга далилдир: “Уч тоифадан: то балоғатга етгунига қадар ёш боладан, то эс-ҳушига келмагунча ақлдан озган кимсадан ва то уйғонмагунча уйқудаги кимсадан қалам кўтарилган, (яъни уларга гуноҳ ёзилмайди)[2]. Бу борадаги устун фикрга кўра, ақлдан озган киши вақти-вақти билан ўзига келиб, бу аснода ҳаж амалларини бажаришга имкон топмаса унинг бажарган ҳаж ибодати дуруст бўлмайди. Шофеий роҳимаҳуллоҳ ақлдан озган кишининг бажарган ҳаж ибодати дуруст бўлиши учун хусусан эҳром кийиш, Арофатда туриш, Каъбани тавоф қилиш, Сафо ва Марва ўртасида саъй қилиш асносида эс-ҳуши жойида бўлишини шарт қилган.

Юқорида зикр қилинган ҳадисга биноан ёш болага ҳаж қилиш вожиб эмас. Бироқ, ёш бола ҳаж қилса, ҳажи дуруст бўладими?

Жавоб: ҳа, гарчи бир кунлик чақалоқ бўлса ҳам ёш боланинг бажарган ҳажи дуруст, бироқ, бу ундан фарз бўлган ҳажни соқит қилмайди. Бунга далил Ибн Аббос розиёллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисдир. Унда  шундай дейилади: “Бир аёл ёш болани кўтариб шундай деди: “Эй Расулуллоҳ, мана бунга ҳам ҳаж борми?”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳа, сенга ҳам ажр-савоб бўлади[3].

Ёш бола  қилган ҳажнинг фарз ҳаж ўрнини босмаганлиги қуйидаги ҳадисга биноандир: Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан марфуан ривоят қилинади: “Ҳар қандай ёш бола  ҳаж қилиб, сўнгра балоғатга етса унга бошқа бир ҳаж қилиш вожибдир. Ҳар қандай қул ҳаж қилиб, сўнгра озод қилинса, унга бошқа ҳаж қилиш вожибдир[4].

Қул киши эгасининг рухсати билан ҳаж қилса ҳажи дурустдир. Бироқ унга ҳаж вожиб эмас. Чунки унинг мол-мулки йўқ. Юқоридаги ҳадисга мувофиқ, ундан фарз ҳаж соқит бўлмай, балки озод қилингач фарз ҳажни адо этиши лозим[5].

Ҳажга бориш учун имконият бўлиш шартига келсак, бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзи далил бўлади: “Ва йўлга қодир бўлган кишилар зиммасида Аллоҳ учун мана шу уй, (яъни Каъба)ни ҳаж-зиёрат қилиш бурчи бордир” [Оли Имрон: 97]. Йўлга қодир бўлишдан мақсад “зод ва роҳила”, яъни “йўлга кифоя қиладиган озиқ-овқат ва улов”га эга бўлишдир. Бу ҳақда бир қанча ривоят йўллари ва ҳадис мазмунини қўллаб қувватловчи бошқа матнлар ёрдамида қувватланадиган, ҳужжатликка яроқлик ҳадис мавжуд[6]. Демак, ҳаж фарз бўлиши учун инсон жисмоний ва молиявий жиҳатдан қодир бўлиши ҳамда қамоқда қолиш ёки золим подшоҳдан қўрқиш сингари ҳажга боришдан ман қиладиган омиллар бўлмаслиги лозим.

Шайх Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар моддий жиҳатдан ожиз, жисмоний жиҳатдан қодир бўлса, унга ҳаж қилиш вожиб бўлади, чунки у қодирдир. Бунга Макка аҳлидан бўлган бир кишини мисол қилиш мумкин, чунки у пиёда юриб одамлар билан ҳаж қилишга қодир. Борди-ю, моддий жиҳатдан имкони бўлиб, жисмоний жиҳатдан қодир бўлмаса, у ҳолда бошқа бир кишини ўзининг номидан ҳаж қилдириши лозим бўлади. Бироқ жисмоний ожизлик кетиши умид қилинадиган ожизлик бўлса, у ҳолда жисмоний қудрат ҳосил бўлишини кутади”[7].

Демак, инсон ҳам моддий ҳам жисмоний жиҳатдан ожиз бўлса бундай кишидан ҳаж соқит бўлади ва у вафот этса унинг номидан ҳажжи бадал қилиш ҳам вожиб бўлмайди.

[1] Бу дегани кофир қиёматда ҳаж қилмагани учун жазоланмайди, дегани эмас. Аксинча, кофир Аллоҳнинг буйруқларини бажаришга буюрилган бўлиб, фақат бунинг учун ундан иймон талаб қилинади. Демак, кофир  исломдаги амалий ишларни бажармагани учун охиратда жазоланади.

[2] Ривоят йўлларини йиғиб қараганда саҳиҳ. Абу Довуд (4399), Термизий (1423) ва Насоий (7\ 413) ривоят қилган.

[3] Муслим (1336) ва Абу Довуд (1736) ривоят қилган.

[4] Саҳиҳ. Табароний “Авсат”да (3\ 140), Шофеий (1\ 290), Таҳовий (1\ 435) ва Байҳақий (5\ 156) ривоят қилган. Ҳадисни ҳофиз Ибн Ҳажар “Фатҳ”да (4/ 61)  ва Албоний “Ирво”да  (986) саҳиҳ деганлар.

[5] Устун бўлган аксар уламоларнинг фикри шундан иборат. Ибн Ҳазмнинг фикрича, кишининг қуллик чоғида бажарган ҳажи дуруст ва фарз ҳажнинг ўрнига ўтади. Ибн Ҳазм юқоридаги ҳадисни мансух, яъни ҳукми бекор қилинган, деб ҳисоблайди.

[6] Ҳадисни Албоний “Ирво”да (4\ 160-167) ва Шинқитий “Азвоил баён”да (5\ 92) ҳасан деган.

[7] “Ал-шарҳул мумтеъ” (7\ 13).

Изоҳ қолдиринг