Биринчи ҳадис: (7) ҳижрат қилишнинг ҳукми

0

6 – ҳадисдан олинадиган навбатдаги фойда, ҳижратнинг солиҳ амаллар жумласидан эканлигидир. Чунки ҳижрат билан Аллоҳ ва Расули мақсад қилинади. Зеро, Аллоҳ ва Расули мақсад қилинадиган барча амаллар солиҳ амаллардир. Шунингдек, сиз ҳижрат қилиш орқали Аллоҳга тобора яқинлашишни қасд қиласиз. Маълумки, Аллоҳга яқинлашиш ибодатдир.

Масала: ҳижрат қилиш вожибми ёки мустаҳабми?

Жавоб: Бу масалада ҳар бир ҳолатнинг ўзига хос ҳукми бор. Агар инсон куфр диёрида динини ошкор қилишга қодир бўлса ва уни бундан ман қилувчилар бўлмаса, бу ҳолда унга ҳижрат қилиш мустаҳабдир. Аксинча, динини ошкор қилишга қодир бўлмаса, бундай шахсга ҳижрат қилиш вожиб. Бу борадаги вожиб билан мустаҳабни белгилаб берувчи қоида шундан иборат. Энди фисқу фужур ишлар ошкора қилинадиган мусулмон фосиқ мамлакатлардан ҳижрат қилиш ҳукмига келсак, агар инсон мамлакат аҳлига қўшилиб фисқу фасод ишларга қўл уришдан қўрқса, у ҳолда ҳижрат қилиш унга вожибдир. Борди-ю, бундай қўрқув-хавотир бўлмаса вожиб эмас.  Балки унинг бу юртда қолишида жамиятнинг ўнгланиши бўлса, мамлакатнинг одамларни ислоҳ қилиш, амримаъруф ва наҳий мункар қилиш борасида унга эҳтиёжи борлиги сабаб унинг бу юртда қолиши вожибдир. Ажабланарли томони айрим кишилар ислом диёридан куфр диёрига ҳижрат қиладилар. Агар ислоҳотчи кишилар ислом юртидан ҳижрат қилсалар фисқу-фасод аҳлини қайтарадиган ким қолади? Эҳтимол ислоҳотчи кишилар озлиги, фисқу-фасод аҳлининг кўплиги сабаб мамлакат янада кўпроқ тубанликка юз тутади. Бироқ бу юртда қолиб имкон қадар Аллоҳнинг динига даъват қилса, аста-секин бошқа бирини ўнгланишига сабаб бўлади ва ўз ўрнида у ҳам ўзга бирини ислоҳ қилади. Бора-бора ана ўшалар саъй-ҳаракатининг самараси ўлароқ, бутун мамлакат ҳолати ўнгланади. Агар аксар инсонлар солиҳ инсонларга айлансалар, гарчи босим ўткизиш йўли билан бўлсада, кўпинча хукумат тепасидагиларнинг ҳам ўнгланишига олиб боради. Бироқ минг афсуски, бу нарсани барбод қиладиган солиҳ кишиларнинг ўзларидир. Уларнинг ихтилоф жоиз бўлган бирон бир диний масаладаги хилоф туфайли гуруҳ-гуруҳларга бўлиниб тафриқа қилаётганлиги ва гаплари қовушмай қолаётганига гувоҳ бўласиз. Амалий ҳаётда шу нарса юз беряпти. Хусусан, ислом дини батамом қарор топмаган мамлакатларда буни яққол кузатиш мумкин. Кўпинча намозда икки қўлни кўтариш каби бир масалани деб бир-бирлари билан ўзаро адоватлашиш, нафратлашиш ва уруш-жанжалгача борадилар. Сизларга Минода шахсан ўзим гувоҳ бўлган бир воқеани айтиб бермоқчиман. Бир куни Маърифий Тарғибот Бўлими мудири ҳузуримга Африкадан келган иккита тоифани бошлаб келибди. Бу икки тоифадан ҳар бири бошқа тоифани кофирга чиқарар экан. Нега денг? Мудирни айтишича, бир тоифа “қиёмда намозхон икки қўлини кўксига қўйиши суннат”, деса, иккинчи тоифа “қиёмда намозхон икки қўлини ёнига ташлаб туриши керак”, дер экан. Бу масала диндаги катта асосий масалалардан бўлмаган, иккинчи даражали фиқҳий бир масала. Улар бўлсалар: “Йўқ! Пайғамбар алайҳиссалом: “Кимда ким менинг суннатимдан юз ўгирса мендан эмас[1], – деганлар. Суннатдан юз ўгириш Пайғамбар алайҳиссалом воз кечган куфр амалдир”, – дейдилар. Мана шундай нотўғри тушунчага биноан бир-бирларини кофирга чиқардилар.

Хуллас, ислом унчалик кучли бўлмаган мамлакатлардаги айрим ислоҳотчи мусулмонлар бир-бирларини бидъатчи ва фосиққа чиқарадилар. Агар улар иттифоқ бўлганларида, ихтилофлашган тақдирда ҳам ихтилоф жоиз бўлган масалаларни бағрикенглик билан қабул қилишганларида, бир ёқадан бош чиқариб иш юритганларида эди, умматнинг ҳоли ўнгланган бўлур эди. Бироқ уммат солиҳ кишилар, ислоҳотчи пешволар ўртасида диний масалаларда  бунчалик ихтилоф ва гина-кудуратларни кўргач улардан ва улардаги яхшиликлару ҳидоятдан юз ўгириши мумкин. Балки бундан ҳам ёмони, мусулмонларда ортга тисарилиш ва таназзулга юз тутиш ҳолати юз бериши мумкин. Аллоҳ паноҳ берсин, бу нарса чиндан ҳам содир бўлди. Қанча йигитлар дин эзгулик, ҳидоят, бағрикенглик ва хотиржамлик деган эътиқод билан динга амал қилиб бошлашади. Кейинчалик солиҳ дин пешволари ўртасидаги кескин келишмовчиликлар, ҳасад ва гина-кудуратларни кўриб ҳафсаласи пир бўлади. Оқибат, орзу қилган матлабини тополмагач динга амал қилишни тарк қилишади.

Хулоса қилиб айтганда, куфр диёридан ҳижрат қилиш билан фосиқ мусулмон диёридан ҳижрат қилиш ўртасида фарқ бор. Фосиқ мусулмон диёрларидан ҳижрат қилмоқчи бўлган инсонга: “Сабр қил ва Аллоҳдан ажр умид қил”, – дейилади. Хусусан, агар у ислоҳотчи илм аҳлидан бўлса, бу юртда қолишга янада ҳақлироқдир. Аксинча, баъзан бундай киши хусусида: “Сенинг бу юртдан ҳижрат қилишинг ҳаромдир”, – дейилиши ҳам мумкин. 

[1][1] Бухорий (“Никоҳ китоби”, “Никоҳга тарғиб қилиш боби”, 4776-ҳадис) ва Муслим (“Никоҳ китоби”, “Уйланишга ошиққан кишининг уйланиши мустаҳаблиги  тўғрисидаги боб”, 1401- ҳадис) ривояти.

Изоҳ қолдиринг