Муҳаддислар амири – Имом Бухорий (4)

0

“Саҳиҳи Бухорий”ни ёзиши

Бухорийнинг энг машҳур китоби “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари, суннатлари ва ҳаётларидан қисқача саҳиҳ муснад тўплам” исмли китобидир. Бу китоб нафақат унинг китоблари ичида, балки бутун ҳадис илмида ёзилган китобларнинг энг машҳури ҳисобланади. У “Жомеи саҳиҳ” ёки “Саҳиҳи Бухорий” исмлари билан танилган. Бу китоб фақат саҳиҳ ҳадислар борасида ёзилган илк китобдир. Имом Бухорий бу китоб ҳақида: “Мен бу китобга Аллоҳдан истихора қилиб, икки ракаат намоз ўқиганимдан кейин саҳиҳлигига аниқ ишонч ҳосил қилган ҳадисларимни киритдим” – деган. Бу китобни ёзишда Бухорий ҳаддан ташқари кўп меҳнат қилди. Уни ёзиб, тўплаб, тартиблаб, бобларга ажратиб чиқишга ўн олти йил умрини сарфлади. Бухорийнинг илм талабида қилган машаққатли сафари ҳам шунча муддатни ташкил қилади.

Бухорий бу китобни ёзишга уни ундаган сабаб ҳақида гапирар экан, шундай дейди: “Исҳоқ ибн Роҳавайҳнинг (роҳимаҳуллоҳ) ҳузурида эдим. У: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳиҳ суннатлари борасида бир қисқача китоб ёзсаларинг қани эди!” – деди. Шунда бу ишга нисбатан менда меҳр уйғонди ва “Жомеи саҳиҳ”ни ёзишга киришдим” ва яна: “Тушимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрибман. Гўёки қўлимда бир йилпиғич билан у кишини қўриб турган эмишман. Баъзи туш таъбир қиладиганлардан сўрасам: “Сен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини унга ёлғон аралашишидан қўриқлар экансан” – дейишди. Мана шу нарса мени “Жомеи саҳиҳ”ни ёзишга ундади” – деган.

Бухорий Пайғамбаримизнинг масжидларида бу китобни ёзишни бошлади. Ёзиб бўлганидан кейин уни одамлар орасига чиқариб юбормай, қайта-қайта текшириб, хатоларини тузатиб чиқди. Шу боисдан бу китобни уч марта қайта-қайта ёзиб чиқди. Шундан кейин бу китоб ҳозирги кўринишида чиқди.

Бу китобни ёзишда Бухорий қўлидаги олти юз мингта ҳадисдан 7275 тасини танлаб олган. Чунки Бухорий ҳадисни бағоят аниқлаб олганидан кейингина қабул қилар эди. Бир ҳадисни қабул қилиши учун унинг ўзига хос шартлари бор эди. Масалан, ровий ишончли, адолатли, зеҳнли, пухта ёдлаган, илмли ва тақволи бўлишидан ташқари ўзи ривоят қилаётган шахси билан замондош бўлиши, ундан ҳадис эшитган бўлиши керак эди.

Бухорий бу китобини ўзининг устозлари ҳамда муҳаддис шерикларига кўрсатганида улар жуда ҳам маъқуллашди. Уларнинг ичида Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Али ибн Мадиний ҳамда Яҳё ибн Маийн каби ҳадис илмининг етук олимлари бор эди. Уларнинг барчалари бир овоздан шу ишни маъқуллаб, бу китобдаги ҳадисларни саҳиҳ эканига гувоҳлик бердилар. Фақат тўртта ҳадисда хилоф бор. Уқайлий: “Бу тўртта ҳадисда ҳам Бухорийнинг гапи тўғри, тўрталаси ҳам саҳиҳ” – деган. Қолаверса, бутун уммат бу китобни Аллоҳнинг китобидан кейинги энг саҳиҳ китоб деб қабул қилишган.

Улуғ олимлар бу китобни ўқиб-ўрганиб, унга изоҳ ва шарҳлар ёза бошлашди. Ҳатто мусулмон бўлмаган олимлар ҳам бу китобни ўрганиб, таржима қилиб, у ҳақда ўнлаб китоблар ёзилди.

“Саҳиҳи Бухорий”нинг энг машҳур шарҳлари қуйидагилар:

  1. “Аъломи Сунан” Имом Абу Сулаймон Хаттобий (ҳижрий 388 йилда вафот этган)

  2. “Кавокиби Дарорий Фий Шарҳи Саҳиҳи Бухорий” Шамсиддин Кирмоний (ҳижрий 786, милодий 1348 йилда вафот этган)

  3. “Фатҳи Борий Фий Шарҳи Саҳиҳи Бухорий” Ҳофиз Ибн Ҳажар (ҳижрий 852, милодий 1448 йилда вафот этган)

  4. “Умдати Қори Шарҳи Саҳиҳи Бухорий” Бадриддин Айний (ҳижрий 855, милодий 1451 йилда вафот этган)

  5. “Иршоди Сорий Илаа Шарҳи Саҳиҳи Бухорий” Қасталоний (ҳижрий 923, милодий 1517 йилда вафот этган)

Бухорий ҳақидаги мақтовлар

Бухорий роҳимаҳуллоҳ илм борасида ва уламолар орасида катта мартабага сазовор бўлди. Унинг тенгдошлари ва устозлари бу нарсани тан олиб, унга мақтовлар айтишган. Ҳатто тенгдошлари уни ҳадис борасида “амийрулмўъминин” деб лақаблашган. Бу эса ҳадис соҳасидаги энг юқори мартаба ҳисобланади.

“Ер юзида ҳадис илмида Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийдан олими йўқ” (Ибн Хузайма).

“Агар мен ўзимнинг умримдан олиб, Муҳаммад ибн Исмоилнинг умрига қўшишим мумкин бўлганида шунақа қилардим. Чунки мен ўлсам, бир одам ўлди демакдир. Агар у вафот этса – бу илм йўқолди демакдир” (Яҳё ибн Жаъфар).

“Мен олимлар, зоҳидлар ва ибодатгўйлар билан суҳбатда бўлдим. Лекин эсимни таниганимдан буён Муҳаммад ибн Исмоилдақасини кўрмадим. Унинг замондошлари орасидаги мартабаси худди Умарнинг саҳобалар ичидаги мартабасидек эди” (Қутайба ибн Саид).

“Ироқда ҳам, Хуросонда ҳам ҳадиснинг саҳиҳ эканига путур етказадиган иллатлар, тарих ва санадлар борасида Муҳаммад ибн Исмоилдан олимини кўрмадим” (Абу Исо Термизий).

Улуғ шогирди Муслим ибн Ҳажжож Бухорийнинг пешонасидан ўпиб: “Эй устозлар устози, муҳаддислар саййиди, ҳадис илмининг табиби! Келинг, мен оёқларингиздан ўпай! ” – деган.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг