Аллоҳ йўлида риботда туришнинг фазилати

0

Аллоҳ йўлида риботда туришнинг фазилати

Рибот – мусулмонлар билан кофирлар ўртасидаги чегарада туриш дегани. Риботда туришдан мақсад, кофирларнинг фурсат пойлаб мусулмонлар юртига ҳужум қилишининг олдини олиш. Ҳозирда бундай кишиларга чегара қўшинлари дейилади. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй мўминлар,  сабр қилингиз ва сабру тоқат қилишда (кофирлардан) устун бўлингиз ҳамда доимо (кураш — жиҳод учун белингиз боғлиқ ҳолда) риботда турингиз!  Ва Аллоҳдан қўрқингизким,  (шунда) шояд нажот топгайсизлар!” [Оли Имрон: 200].

Аллоҳ йўлида риботда туришнинг фазилати хусусида бир қанча ҳадислар бор:

  • Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Аллоҳ йўлида бир кун риботда туриш дунё ва ундаги барча нарсалардан яхшироқдир. Жаннатдаги қамчи сиғадиган миқдордаги жойингиз дунё ва ундаги нарсалардан яхшироқдир[1].

  • Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини эшитдим: “Бир кеча-кундуз риботда туриш бир ойлик рўза ва таҳажжуд намозидан яхшироқдир. Агар (мужоҳид) риботда турганида ўлса, тириклигида бажариб келган амаллари давом этади, (жаннатдан берилувчи) ризқи ҳам узилмайди ва (қабрда савол бериб) имтиҳон қилувчи (фаришта)дан омон қолади[2].

  • Фазола ибн Убайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Ҳар қандай маййитнинг амалига (ўлими сабаб) муҳр босилади (яъни, унинг амали ниҳоясига етади). Фақат бундан Аллоҳ йўлида риботда турган киши мустаснодир. Зеро, то қиёматга қадар унинг амали зиёда бўлиб бораверади ва қабрдаги савол-жавобдан саломат қолади[3].

Аллоҳ йўлида риботда туришнинг фазилати тўғрисида бундан бошқа ҳам талай ҳадислар мавжуд.

[1] Бухорий (2892), Термизий (1664) ривояти. Шунингдек, ҳадисни Муслим (1881) мухтасар ҳолда ривоят қилган.

[2] Муслим (1913), Термизий (1665) ва Аҳмад (5\ 440) ривоят қилишган.

[3] Саҳиҳ, Абу Довуд (2500), Термизий (1621), Аҳмад (4\ 150) ривоят қилишган. Шунингдек, ҳадисни шайх Албоний “Саҳиҳил жомеъ”да саҳиҳ деган.

Изоҳ қолдиринг