Ҳижобнинг шартлари

1

Ҳижобнинг шартлари

Муслима аёлнинг либосида бир неча шартлар вужудга келиши талаб қилинади. Агар бу шартлардан бири мавжуд бўлмаса, у ҳолда ҳижоб шаръийлигини йўқотади.

Бу шартлар қуйидагилар:

1⃣. Ҳижоб баданнинг ҳамма ерини ўраб туриши керак.

Уламолар юз ва икки кафтни ҳам ўраш вожиблиги хусусида ихтилофлашишган. Аммо уларнинг ҳаммалари фитналар пайтида ва бизнинг замонамиздаги каби фосиқ муҳитда юз ва кафтни ҳам ўраш вожиб эканига иттифоқ қилганлар.

2⃣. Шаръий ҳижоб эркакларни ўзига қаратадиган нарсалар билан зийнатланмаган бўлиши лозим.

 Аллоҳ азза ва жалла айтади: “…ва зийнатларини (бегоналарга) кўрсатмасинлар” [Нур:31].

3⃣. Шаръий ҳижоб  шаффоф бўлмаслиги, балки баданни кўрсатмайдиган даражада қалин бўлиши керак.

Чунки ҳижобдан мақсад баданни яширишдир. Шаффоф кийимдан мақсад ҳосил бўлмайди.  Аксинча, шаффоф кийим аёлга зийнат бўлиб, бошқалар учун фитна бўлади.

4⃣. Шаръий ҳижоб кенг бўлиши керак.

Чунки тор кийим баданнинг шаклини билдириб туради ва одамлар эътиборини жалб қилади. Бунда, шубҳасиз, ўзгалар учун фасод бор.

5⃣. Шаръий ҳижоб  хушбўйланган бўлмаслиги лозим.

 Негаки, аёл киши уйидан хушбўйланиб кўчага чиқишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қайтарганлар.

6⃣. Шаръий ҳижоб эркакларнинг кийимига ўхшамаслиги лозим.

Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салам ўзини аёлларга ўхшатадиган эркакларни ва ўзини эркакларга ўхшатадиган аёлларни лаънатлаганлар (Аҳмад ривояти).

7⃣. Шаръий ҳижоб кофир аёлларнинг кийимларига ўхшамаслиги лозим.

Чунки шариат куфр аҳлига хилоф иш тутишга буюрган ва уларга ўхшашликдан қайтарган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар:

Ким ўзини бир қавмга ўхшатса, бас у ўшалардандир” (Аҳмад ва Абу Довуд ривояти).

8⃣. Шаръий ҳижоб халқ эътиборини ўзига жалб қиладиган “шуҳрат либоси”  бўлмаслиги лозим.

“Шуҳрат либоси” дегани, уни кийиш билан инсонлар орасида шуҳрат қозонишга сабаб бўладиган, одамлар эътиборини ўзига жалб қиладиган кийимлардир.

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтадилар:

“Шуҳрат либоси”нинг муайян сифат ва кўриниши йўқ. Шуҳрат либоси деганда,  инсон уни кийиши туфайли одамлар орасида машҳур бўлиб қоладиган кийимлар, одамлар бу кийим сабабли унга ишора қилиб  “фалончи бундай кийинибди,  ундай кийинибди”, деб инсонларга гап бўладиган кийимлар назарда тутилади”.

Шунга биноан,  баъзан муайян кийим бир инсонга нисбатан “шуҳрат либоси” ҳисобланса,  бошқа бир инсонга нисбатан худди шу кийим бундай ҳисобланмаслиги мумкин.

Демак, “шуҳрат либоси” инсонларнинг шаръан мўътабар урф-одатига хилоф кийим деганидир.

Қолаверса, шариат “шуҳрат либоси”дан қайтаришининг сабаби,  бу нарса одамларнинг бундай кийим кийган кишини ғийбат қилишига сабаб бўлгани учундир, валлоҳу аълам.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳижобда мазкур шартлардан бири бўлмаса, аксинча кийим унга чирой қўшадиган безаклар билан безалган бўлса ёки диққатни тортувчи рангда бўлса ёки хушбўйланган бўлса ёки аъзоларни билдириб турадиган даражада тор бўлса ёки кофир аёлларнинг ёки  умуман эркакларнинг кийимига ўхшаш бўлса, у ҳолда бундай кийим шаръий ҳижобликка ярамайди. Шаръий ҳижобнинг ушбу саккизта шартининг ҳар бирига далолат қилувчи оят ёки ҳадислар мавжуддир. Муслима аёл кўчага чиққанида албатта мазкур талабларга жавоб берадиган шаръий либос билан чиқиши лозим.

Discussion1 dona sharh

Изоҳ қолдиринг