Муҳаммад ибн Сийрин

0

Муҳаммад ибн Сийрин

Муҳаммад ибн Сийриндек тақвосида фақиҳроқ ва илмида тақволироқ кишини кўрмадим” (Муварриқ Ижлий).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қулликдан озод қилган, ўз ҳунари орқали катта даромад ва кўп яхшиликларни қўлга киритган, моҳир мисгар уста Сийрин динининг қолган ярмини тўлдириш, яъни уйланишга қарор қилади. Излай-излай охири мўминлар амири Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг София исмли чўрисини ихтиёр этади.

София ёш бўлишига қарамай, заковатли, гўзал хулқли, ўзига яраша яхши хислатларга эга бўлган хушрўй чўрилардан эди. Қолаверса, у Мадина аёлларидан уни таниганларига: хоҳ ўзининг тенгқўр дугоналарига бўлсин, хоҳ унинг фикр ва сулукдаги жиддийлигини ўзларига ўрнак қилиб олган кекса аёлларга бўлсин баб-баравар суюкли эди. Айниқса, уни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинлари, алалхусус Ойша онамиз (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) жуда яхши кўрар эдилар.

Шундай қилиб Сийрин Софиянинг қўлини сўраб совчи қўйди. Буни қарангки, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу чўрисига совчи қўйган йигитни, ҳудди меҳрибон ота ўз қизига совчи қўйган йигитни суриштиргани каби суриштира бошлади. Аслида бунинг ажабланарли жойи йўқ. Сабаби, София Абу Бакр Сиддиқнинг қалбидан фарзанд сифатида жой олган ва бундан ташқари Сиддиқ розияллоҳу анҳуга Аллоҳ таоло томонидан топширилган омонат ҳам эди. Шунинг учун совчи йигитнинг дини, хулқи ва бошқа сифатлари билан қизиқди ва эринмай суриштириб чиқди. Йигит ҳақида Анас ибн Моликдан сўраганида Анас розияллоҳу анҳу шундай деди: “Эй мўминлар амири, Софияни Сийринга иккиланмай никоҳлаб бераверинг. Софиядан хавотир олманг. Мен Сийринни дини-ю хулқи аъло даражада бўлган, ўта мурувватли инсон деб биламан. Холид ибн Валид “Айнут-тамр” жангида асирга олиб Мадинага олиб келган қирқ қулнинг ичидан Сийрин менинг улушимга тушган эди. Ана шундан бери мен бу йигитни фақат яхшилигини биламан”.

Шундан сўнг Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Софияни Сийринга никоҳлаб беришга рози бўлди. Мушфиқ ота ўзининг суюкли қизига яхшилик қилгани каби, чўрисига ҳам яхшилик қилиш мақсадида, қизлар ҳавас қиладиган, Мадинанинг анча-мунча ҳур қизлари ҳам эриша олмайдиган даражада чиройли тўй қилиб берди. Бу муборак тўйга бир қанча саҳобаи киромлар, жумладан, ўн саккизта Бадр жанги иштирокчилари ҳозир бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ваҳий котиблари Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу икки ёшнинг ҳаққига дуо қилди ва ҳозир бўлганлар эса “амийн” деб туришди. Келинни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хотинлари – мўминларнинг оналаридан учтаси ясантирдилар. Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин.

  Аллоҳ таоло ушбу муборак никоҳнинг самараси ўлароқ, бу ёш келин-куёвга, йиллар ўтиб тобеинларнинг буюкларидан, мусулмонларнинг энг нодирларидан бўлиб етишган бир ўғил фарзанд инъом этди. У Муҳаммад ибн Сийрин эди.

  Келинг, яхшиси бу улуғ тобеиннинг ҳаётини бошидан ҳикоя қилиб берай.

Муҳаммад ибн Сийрин Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида, аниқроғи, унинг халифалик даври тугашига икки йил қолганда дунёга келди. Ҳар бир бурчагида пархезкорлик ва тақво ифори уфуриб турган хонадонда тарбия топди. Ақл-заковатли, доно бу бола балоғат ёшига яқинлашганида, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг масжидларини Зайд ибн Собит, Анас ибн Молик, Имрон ибн Ҳусойн, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳум каби буюк саҳобалар ва кекса тобеинлар билан тўла ҳолда топди. Муҳаммад ибн Сийрин уларнинг илм чашмаларига, худди ташна кишининг зилол сувга талпингани каби талпиниб, уларнинг Аллоҳнинг Китобига оид илмларидан, диндаги билимларидан ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг ривоятларидан, ақлини ҳикмат ва илмга, нафсини салоҳият ва ҳидоятга лиммо-лим қилгудек қониқиб-қониқиб симирди. Сўнгра оиласи билан бирга Басра шаҳрига кўчиб бориб, ўша ерни ўзига ватан тутди.

Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврининг охирроғида асос солинган Басра шаҳри ёш бўлишига қарамай, ўша асрдаги ислом умматининг кўпгина хусусиятларини намоён қилиб турар эди.

 Басра шаҳри Аллоҳ йўлида жиҳод қилаётган мусулмон лашкарлари учун ҳарбий қароргоҳ, Ироқ ва форс аҳлидан Аллоҳнинг динига кирувчилар учун таълим ва иршод маркази эди. Шунингдек, бу шаҳар дунё ободонлиги учун гуёки абадий яшайдигандек саъй-ҳаракат қиладиган, охират учун эса гўё эртага ўладигандек амал қилувчи жиддий исломий жамиятнинг инъикоси эди.

 Муҳаммад ибн Сийрин Басрадаги янги ҳаётини икки бир-бирига тенг ва ёнма-ён йўлда юриш ила давом эттирди: кунининг ярмини илм ва ибодатга, қолган ярмини эса касб ва тижоратга ажратди. Тонг отиб, дунё Раббил оламиннинг нури ила мунаввар бўлгач, Басранинг масжидига бориб таълим олар ва бошқаларга ҳам ўргатар, кун ярмидан ўтгач эса бозорга бориб олди-сотди билан шуғулланар, кеч тушиб, қоронғулик борлиққа ўз пардасини тортгач, уйининг меҳробида қоим бўлган ҳолда Қуръон тиловатига шўнғиб, Раҳмон таолодан қўрққанидан қалб ва кўз ёшларини тўкар, унинг қалб томирларини ёргудек инграшларини эшитган оила аҳли ва бир девор қўшниларининг унга раҳми келар эди.

 Муҳаммад ибн Сийрин бозорда юрганда ҳам одамларга охиратни эслатиб, дунёга берилиб қолишдан огоҳлантирар, уларни Аллоҳ таолога яқин қиладиган йўлларга йўллаб, ўзаро келишмовчиликларни ҳал қилиб юрарди. Вақти-вақти билан маҳзун диллардаги ғашликларни кетгазувчи ҳазилнамо гаплардан ҳам гапириб турар, аммо бу унинг одамлар назаридаги виқори ва ҳайбатини ҳеч ҳам туширмас эди. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло унга зукколик ва ҳайбат-салобат инъом қилганидан, одамлар унинг таъсирли гапларини диққат билан тинглар ва мамнуният билан қабул қилар эдилар. Бозорда савдога берилиб ғафлат босган одамлар, уни кўрганларида, дарҳол ғафлатдан уйғониб, ҳушёр тортиб, Аллоҳ азза ва жаллани эсга олар, таҳлил (Ла илаҳа иллаллоҳ) ва такбирлар айтар эдилар. Айниқса, унинг амалий сийрати одамларга энг яхши муршид эди. Тижоратда икки ишдан бирини танлашга тўғри келиб қолса, гарчи дунёсига зарар бўлса ҳам, динига фойдалигини ихтиёр қилар эди.

 Дин асрорларини чуқур билиши ва ҳалол-ҳаром масалаларига тўғри қараши, баъзан уни одамлар кўзида ғалати туюлган қарорлар қабул қилишга ундарди. Жумладан, бир киши унинг зиммасида икки дирҳам қарзи борлигини ёлғон даъво қилиб келганида, Муҳаммад ибн Сийрин бундан бош тортади. Даъвогар икки дирҳамни деб Ибн Сийрин қасам ичмаса керак деган гумонда унга:

– Қасам ичасизми? – дейди.

– Ҳа, қасам ичаман, – деб, икки дирҳамга қарздор эмаслигига қасам ичади. Одамлар:

–Эй Абу Бакр, кечагина сиздан бошқа бирон одам шубҳаланмайдиган нарса учун ўзингиз шубҳа қилиб қирқ минг дирҳамни тарк этгандингиз. Энди эса арзимас икки дирҳамни деб ҳам қасам ичасизми?”- дедилар.  Шунда Муҳаммад ибн Сийрин: “Ҳа, қасам ичаман. Сабаби, бу кишининг ҳаром ейишини хоҳламайман, чунки мен бу икки дирҳам унга ҳаром эканини яхши биламан-да!” – деб жавоб берди.

 Муҳаммад ибн Сийриннинг илм мажлиси эзгулик, яхшилик ва панду насиҳатдан иборат мажлис бўлар эди. Агар унинг хузурида бирон кимса ёмонлаб қолинса, дарҳол ўша кишининг яхши хислатларини эслатиб қўярди. Ҳатто бир кишининг вафот этиб кетган Ҳажжожни ҳақорат қилаётганини эшитиб: “Ҳой биродар, бас қил! Ҳажжож Парвардигорининг ҳузурига кетди. Сен ҳам Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурига борганингда, ҳаёти дунёда қилган энг кичик гуноҳингни, Ҳажжож қилган энг катта гуноҳдан ҳам ўз нафсингга қаттиқроқ эканини кўрасан. Ҳар бирингиз учун у Кунда ўзига етарли ташвиш бўлур. Шуни билгинки, Аллоҳ таоло мазлумлар учун Ҳажжождан қасосларини олгани каби, Ҳажжожга зулм қилганлардан ҳам қасос олади. Бугундан кейин бировни ҳақорат қилиш билан овора бўлмагин” – деди.

 Тижорат сафарига кетаётган бирон кимса хайрлашиш учун Муҳаммад ибн Сийриннинг олдига келса, унга насиҳат қилиб: “Биродарим, сизга насиҳатим, аввало Аллоҳ азза ва жалладан қўрқинг, Ундан тақво қилинг. Ризқингизни фақат ва фақат ҳалол йўллар билан топинг. Сиз ризқингизни ҳалол бўлмаган йўллар билан топсангиз ҳам, барибир тақдирда ёзилганидан кўпроғини топа олмайсиз”, – деб кузатиб қўярди.

 Муҳаммад ибн Сийрин Умавийлар амирлари ҳузурида ҳам ўзига хос мавқега эга эди. Улар билан кўришганида маломатдан қўрқмай ҳақ сўзни гапирганига тарих шоҳиддир. Чунки у Аллоҳ учун, Расули учун ва мусулмонлар ҳокимлари учун холис насиҳат қиларди. Шулардан бири қуйидаги қиссадир:

Ироқ ва Хуросон ҳокими, Умавийларнинг катталаридан бўлган Умар ибн Ҳубайра Фазорий Муҳаммад ибн Сийринни ҳузурига чорлаб чопар юборади. Ҳокимнинг даъватига ижобат қилиб Муҳаммад ибн Сийрин жияни билан йўлга тушади. Ҳокимнинг олдига киришганда у Муҳаммад ибн  Сийринни иззат-икром билан кутиб олиб, тўрга ўтказади ва ундан дин ва дунё ишларига тааллуқли кўп масалаларни сўрайди. Суҳбат асносида ҳоким:

–Эй Абу Бакр, шаҳрингиз аҳолиси қай аҳволдалар?– деб сўраганида, Муҳаммад ибн Сийрин:

– Шаҳар аҳолиси ичида зулм кенг тарқаган, сиз эса бундан бехабарсиз… Шунда Муҳаммад ибн Сийриннинг жиянлари елкаларини босиб, гапдан тўхташини талаб қилганида, жиянларига қараб:

– Сен булар ҳақида масъул эмассан, аммо мен масъулман. Бу “гувоҳлик”дир, ахир! Аллоҳ таоло: “Ким (гувоҳликдан бош тортиш билан) уни яширса, бас, албатта унинг қалби осий — гуноҳкордир”, – дейди. Суҳбат ниҳоясига етганида Умар ибн Ҳубайра Муҳаммад ибн Сийринни қандай иззат-икром билан кутиб олган бўлса, ундан-да зиёда ҳурмат-эҳтиром билан кузатиб қўяди ва ортидан уч минг динор бериб юборади. Муҳаммад ибн Сийрин дийнорларни олмайди. Жиянлари:

– Ҳокимнинг ҳадясини нима сабабдан олмадингиз? – деб сўраганида, улуғ тобеин шундай жавоб қилади:

– Ҳоким мени яхши одам деган ўйда ҳадя берган. Агар ҳоким ўйлаганидек яхши одам бўлмасам, ҳоким берган ҳадяни олиш менга лойиқ бўлмайди. Агар у ўйлаганидек бўлсам, буни олмаслигим менга авлороқдир.

Аллоҳ таоло Муҳаммад ибн Сийриннинг содиқлигини имтиҳон қилишни хоҳлаб, чинакам мусулмонларга етадиган турли машаққатларга рўбарў қилди. Қуйида ана шундай ҳикоялардан бирини эътиборингизга ҳавола қиламиз:

Улуғ тобеин насияга қирқ минг дирҳамлик ёғ сотиб олади. Ёғ солинган идишларнинг бирини очганида, ичида ўлган сичқоннинг титилиб ётганига гувоҳ бўлади. Бу ҳолатни кўрган Ибн Сийрин ўзича шундай ўйлайди: “Бу идишлардаги ёғларнинг ҳаммаси идишларга алоҳида-алоҳида солинишдан аввал мойжувозда бир идишда бўлган. Демак, бу нажосат фақат мана шу идишдаги ёққа хос эмас. Агар “ёғингга сичқон тушиб, ўлиб, титилиб кетибди. Мен бундай айбли маҳсулотни олмайман”, деб ёғни эгасига қайтариб берсам, у билдирмай ёғни одамларга сотиб юбориши мумкин”. Шундан сўнг, Ибн Сийрин ёғнинг ҳаммасини тўкиб юборади. Бу иш тижорати қаттиқ касодга учраб қолган бир вақтга тўғри келган эди. Бу иш сабабли катта қарзга кириб қолади. Ёғнинг эгаси ҳаққини талаб қилганида қарзни тўлашга қодир бўла олмайди. Ёғнинг эгаси Ибн Сийриндан волийга шикоят қилади. Волий бўйнидаги қарзни адо қилмагунича Муҳаммад ибн Сийринни қамаб қўйишга амр қилади. Қамоқда узоқ муддат қолиб кетган бу улуғ тобеиннинг диндаги матонати, тақвоси ва ибодатини кўрган қамоқ нозири унга раҳми келиб шундай дейди:

– Эй шайх, кеч киргач уйингизга бориб, оилангиз билан кечани ўтказиб кела қолинг, тонг отгач қайтарсиз. Қамоқдан озод бўлиб чиққунингизгача шундай қилишингиз мумкин.

– Аллоҳга қасамки, мен асло бундай қилмайман, – деди Муҳаммад ибн Сийрин.

– Нима учун?

– Волийга хиёнат қилишингда сенга ёрдамчи бўлиб қолмаслигим учун!

 Муҳаммад ибн Сийриннинг қамоқга тушиши улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг дунёдаги охирги дамларига тўғри келиб қолди. Улуғ саҳобий вафотларидан сўнг уни ювиш, кафанлаш ва жанозаларини ўқишни Муҳаммад ибн Сийрин бажаришини васият қиладилар. Анас ибн Молик вафот этгач, одамлар волийга келиб, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўн йил хизмат қилган улуғ саҳобийнинг сўнги васиятлари ҳақида хабар бериб, васиятни бажариш учун Муҳаммад ибн Сийринни қамоқдан чиқариб туришга изн сўрайдилар. Волий рухсат беради. Аммо қамоқга бориб Муҳаммад ибн Сийринга ҳолатни баён қилишганида, улуғ тобеин: “Токи қарзимнинг эгаси изн бермагунича чиқмайман. Чунки мен устимда унинг ҳаққи борлиги учун қамалганман” – деб жавоб беради. Ҳақдор ҳам рози бўлгач, қамоқдан чиқиб, Анас розияллоҳу анҳуни ювиб, кафанлаб, жанозаларини ўқиб, сўнг аҳли-оиласини кўриш учун уйига ҳам бормай яна қамоқга қайтиб келади.

 Муҳаммад ибн Сийрин етмиш етти йил умр кечирди. Умри ниҳоясига етиб, ўлим келганида, ўлим уни дунё юкларидан енгил, ўлимдан кейинги ҳолатлар учун салмоқли захира ҳозирлаган ҳолатда топди.

Ўз замонасидаги обида аёллардан бўлган Ҳафса бинти Рошид шундай ҳикоя қилади: “Тоат-ибодатга берилган, жуда обид киши бўлган Марвон Маҳмалий бизнинг қўшнимиз эди. Шу киши вафот этганида қаттиқ ғамга ботган эдик. Туш кўрибман, тушимда ана шу обид қўшнимизни кўриб:

–  Эй Абу Абдуллоҳ, Аллоҳ таоло сизни нима қилди? – деб сўрадим.

–  Раббим мени жаннатга киритди – деди у.

– Кейин нима бўлди?

– Кейин ўнг тараф эгаларининг олдига олиб чиқилдим.

– Кейин нима бўлди?

– Кейин муқарраблар (Аллоҳга яқин қилинган пешқадамлар) олдига олиб чиқилдим.

– У ерда кимларни кўрдингиз?

– Ҳасан Басрий ва Муҳаммад ибн Сийринни.

Аллоҳ Муҳаммад ибн Сийринни Ўз раҳматига олсин, ислом умматига тақдим қилган хизматлари сабаб улуғ ажр-мукофотлар билан сийласин!

Манба: IslamNuri

Изоҳ қолдиринг