Умавийлар: Муовия розияллоҳу анҳу (2)

0

Онаси Ҳинд бинти Уқба розияллоҳу анҳо

Муовия розияллоҳу анҳунинг онаси Ҳинд розияллоҳу анҳо Макка фатҳида эри Абу Суфён розияллоҳу анҳу билан бирга исломни қабул қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Макка фатҳида эркаклардан байъат олганларидан сўнг аёллардан ҳам байъат олдилар. У аёллар ичида Ҳинд бинти Уқба розияллоҳу анҳо ҳам бор эди. У Уҳуд жангидаги қилмишидан уялиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ўзини танитмасликка ҳаракат қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллардан байъат олар эканлар, ўғрилик қилмасликни шарт қилдилар. Буни эшитган Ҳинд: “Ё Расулуллоҳ, эрим бахил одам, берган нафақаси болаларимга етмайди. Эримга билдирмай ўзим ва болаларимга етадиган даражада олсам бўладими?” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Урфга кўра ўзинга ва фарзандларинга етадиган даражада олавер” – дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллардан байъат олишда давом этар эканлар, уларга зино қилмасликни шарт қилдилар.  “Ҳур аёл ҳам зино қиладими?!”, деди Ҳинд. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унинг Ҳинд бинти Уқба эканини билиб, ундан: “Сен Ҳинд бинти Уқбамисан?” – деб сўрадилар.  “Ҳа, бу менман. Ўтган ишларни кечиринг, Аллоҳ сизни кечирсин”, – деб жавоб берди Ҳинд. Шундай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уни кечирдилар. Байъат тугаганидан кейин Ҳинд розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга шундай деди: “Эй Расулуллоҳ, Аллоҳга қасамки, ер юзида сизни ҳаммадан хор бўлишингизни хоҳлар эдим. Энди эса ер юзидаги барча инсонлардан азиз бўлишингизни истайман!”. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳиндга қараб: “Жоним қўлида бўлган зотга қасамки, мен ҳам сен ҳақингда шундай фикрдаман” – дедилар. Ҳинд розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларидан чиқиб, уйига қайтди ва уйидаги бутни синдириб, парча-парча қилиб ташлади. Ҳинд бутни синдирар экан, унга қараб: “Сенга алданган эканман” – дер эди. Ҳинд Каъбада намоз ўқиётган мусулмонларни кўрганида шундай деди: “Аллоҳга қасамки, бу масжидда бугунгача Аллоҳга ҳақиқий ибодат қилинмаган эди. Аллоҳга қасамки, мусулмонлар кечаси билан ибодат қилиб чиқишса ҳам арзийди”.

Ҳинд розияллоҳу анҳо жоҳилиятда мусулмонларга қарши курашиб турган вақтида ҳам олийжаноблиги билан машҳур эди. Бунга қуйидаги воқеа яққол мисол бўла олади: Бадр жангида мушриклар мағлуб бўлишди. Бу урушда Ҳинд ҳам отасидан, ҳам акасидан, ҳам амакисидан ажралди. Худди шу жангда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг куёвлари Абулъос ибн Рабеъ мусулмонларнинг қўлига асир тушди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абулъосни қизлари Зайнабни Мадинага юбориши шарти билан озод қилдилар. Зайнаб ҳануз Маккада – эри Абулъос билан бирга яшаётган эди. Абулъос Маккага қайтиб келганида Зайнаб розияллоҳу анҳонинг Мадинага, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига кетиши бутун маккаликлар орасида тарқалди. Макка кўчаларида ҳаммани урушга тезлаб юрган Ҳинд Зайнаб розияллоҳу анҳони кўриб қолди ва унга: “Зайнаб, эшитишимча, дадангнинг олдига кетар экансан. Сафар учун бирон нарса ёки пул керак бўлса, тортинмасдан менга айтавер. Эркаклар ораси бузилгани биз аёлларнинг ўртаси бузилишига асло таъсир қилмайди” – деди. Бу ҳақда Зайнаб розияллоҳу анҳо шундай дейди: “Аллоҳга қасамки, Ҳинд бу гапни сидқидилдан айтган эди”. Зайнаб розияллоҳу анҳо Маккадан чиқишга отланганида Қурайшдаги баъзи пасткаш инсонлар унинг кетишига қаршилик кўрсатишди. Шунда Зайнаб розияллоҳу анҳо туясининг устидан йиқилди. Бу вақтда у ҳомиладор эди. Воқеадан хабар топган Ҳинд зудлик билан Зайнабнинг олдига етиб келди ва қавмига қарата: “Қуролсиз аёл киши билан урушасизларми?! Шунча жасур экансизлар, Бадрда қаерда эдинглар?!” – деб бақирди. Шу тариқа Зайнаб розияллоҳу анҳо Маккадан чиқиб кетди.

Ривоят қилинишича, Ҳинд розияллоҳу анҳо Абу Суфёнга турмушга чиқишидан олдин Фокиҳ ибн Мўғийранинг турмуш ўртоғи бўлган. Фокиҳ уни бошқа эркак билан зино қилган деб айблаган. Бу воқеа одамлар ўртасида шов-шувга сабаб бўлган ва улар фолбинга бориб аниқлашга келишишган. Фолбин Ҳиндни зино қилмагани ва келажакда Муовия исмли бир подшоҳ туғишини айтган(1). Фокиҳ бу хабарни эшитиб, хурсанд бўлиб кетган ва “мени кечир” деган маънода Ҳинднинг қўлидан ушлаганида Ҳинд: “Аллоҳга қасамки, туғилажак бола сендан бўлмайди!” – деб, Фокиҳ билан ажрашган ва Абу Суфён розияллоҳу анҳуга турмушга чиққан. Ҳинд розияллоҳу анҳо Умар розияллоҳу анҳунинг халифалик даврида вафот этган.

 

(1) –  Бу воқеадан фолбинга бориш жоизлиги келиб чиқмайди. Чунки бу иш содир бўлганда Ҳинд розияллоҳу анҳо мушрик бўлган. Саҳобийларнинг жоҳилиятдаги ишлари бизга далил бўлмайди. Шунингдек, бу воқеа фолбинлар ғайбни билишларига ҳам далил бўлмайди. Бунинг сабаби қуйидагича: бу иш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келишидан олдин содир бўлган. Маълумки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий келишидан олдин жинлар фаришталарнинг гапларини бемалол тинглай олишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий кела бошлаши билан жинлар осмондан қўвғин қилинишган ва фаришталарнинг гапларини ўғринча эшитиш олдингидай осон бўлмай қолган. Демак, фолбиннинг гапи тўғри чиқса, бунинг икки хил эҳтимоли бор ва бу икки эҳтимолнинг ҳар иккиси ҳам фолбиннинг ғайбни билишига далил бўлмайди:
1. Фолбин жиндан, жин эса фаришталардан ўғринча эшитган. Бундай ҳолатда “фолбин ғайбни билган”, дейилмайди. Чунки бир инсонга ғайб саналган нарса бошқа бир инсонга ғайб бўлмаслиги мумкин. Масалан, ҳозир биздан узоқ бир юртда содир бўлаётган воқеалар биз учун ғайб бўлса-да, у юрт аҳолисига ғайб эмас. Аксинча, улар бу воқеаларни кўзлари билан кўриб туришган бўлади.
2. Фолбиннинг айтган гапи воқеликка тўғри келиши у ғайбни билади дегани эмас. Масалан, бир фолбин бир ҳомиладор аёлга: “Сен ўғил туғасан” – деса ва у аёл ўғил кўрса, бу фолбин ғайбни билди, дегани эмас. Аксинча, унинг гапи тасодифан воқеликка тўғри келган бўлади, холос.

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг