Расулуллоҳнинг отбоқарлари ҳақида

0

Савол:

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг отбоқарлари ким бўлган? Машҳур саҳобий экан.

Жавоб:

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Маълумки, от Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида инсонларнинг оғирини енгил қиладиган ва Аллоҳ таоло айтганидек, уларни бир жойдан иккинчи бир жойга ҳеч бир қийинчиликсиз элтиб қўювчи уловлардан ҳисобланган.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг отлари сони еттита бўлган. Ибн Қаййим раҳимаҳуллоҳ “Зодул-маод” (1/128) китобида шундай дейди: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам отларидан бирининг номи “Сакб” бўлиб, айтилишича, Пайғамбаримиз сотиб олган дастлабки от ҳисобланади. Пайғамбаримиз уни бир аъробийдан ўн уқия (тахминан 400 дирҳам)га сотиб олганлар. Унгача отнинг эгаси – аъробий уни “Дирс” деб номлар эди.

Шунингдек, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг  “Муртажаз”, “Луҳайф”, “Лизоз”, “Зорб”, “Сабҳа” ва “Вард” деб номланган отлари ҳам бўлган. Мазкур еттита от Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг отлари эканлиги уламолар ўртасида иттифоқ қилинган масаладир. Баъзи уламолар бундан бошқа ҳам ўн бешта отлари бўлган дейишган”.

Қастилланий раҳимаҳуллоҳ Пайғамбаримизнинг хизматкорларини зикр қилиб шундай дейди: “Уқба инб Омир ибн Абс ибн Амр Жуҳаний Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг хизматкорларидан бўлиб, у зотнинг хачирларига қарар ва сафарларда уни етаклаб юрар эди” [“Мавоҳибул- ладуния”, 1/526].

Бироқ ожизона изланишлар натижасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг отларини ким боққан экани хусусида бирон бир маълумот топа олмадик, валлоҳу аълам.

 

Изоҳ қолдиринг