Куёв танлаш

2

Куёв танлаш

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Агар сизларга дину диёнати ва ахлоқи манзур бўлган киши қизларингиз (ёки қариндошларингизнинг қизлари)дан бирининг қўлини сўраб келса, албатта қизингизни унга турмушга беринг. Аксинча, қизингизни унга турмушга бермасангиз, (балки фақат бой-бадавлат ёки мансабдор кишиларгагина турмушга берсангиз, у ҳолда, эҳтимол кўпчилик йигитлар хотинсиз, қизлар эса эрсиз қолади ва фаҳш ва бузуқликларга йўл очилади. Охир-оқибат,) ер юзида фитна ва катта фасод юзага келади[1].

Куёв танлашда қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

1) Юқоридаги ҳадисга биноан йигитнинг диёнатли ва хулқли бўлиши.

2) Олийжаноб ва соғлом ахлоқий муҳитдан чиққанлиги. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида шундай дейдилар: “Одамлар (хулқ-атворларининг хилма-хиллигида) тилла ва кумуш конларига ўхшайдилар. Агар динда илмли бўлсалар одамларнинг жоҳилият давридаги яхшилари исломда ҳам яхшиларига айланадилар[2].

3) Шунингдек, бепушт бўлмаган куёф танлаш мустаҳабдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “…Зеро, (умматлар ичида) сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман[3].

4) Бўлажак куёвнинг рафиқасини моддий жиҳатдан таъминлашга қодир бўлиши. Чунки моддий имконият эр-хотинлик риштасининг давомийлиги учун зарурдир. Фотима бинти Қайс Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан Муовия розияллоҳу анҳуга турмушга чиқиш хусусида маслаҳат сўраганида у зот: “Муовияга келсак, мол-давлати йўқ бир камбағалдир[4] – деганлар.

Шайх Муҳаммад ибн Исмоил Муқаддим ҳафизаҳуллоҳ шундай дейди: “Ота-ота қизини турмушга бериш борасида Аллоҳдан тақво қилиши, бўлажак куёвнинг ахлоқ-одобига эътибор бериши вожибдир. Қизини ахлоқсиз, дину диёнатсиз, хотинининг ҳақ-ҳуқуқига риоя қилмайдиган кишига турмушга бермаслиги лозим. Зеро, никоҳ баъзи жиҳатдан қулликга ўхшайди. Шу боис қиз боланинг келажаги борасида эҳтиёт бўлиш ўта муҳимдир. Негаки, аёл киши никоҳ сабабли эрига ипсиз боғланади, ундан осонликча халос бўла олмайди. Эр эса, ҳар қандай ҳолатда талоқ воситасида хотиндан қутилиши мумкин. Амр ибн Аҳвасдан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламдан айтадилар: …Аёлларга яхшилик қилинглар (ёхуд менинг улар ҳақида айтган васиятимни қабул қилинглар). Зеро, улар сизларнинг ҳузурингиздаги асиралардир…[5].

Аёл киши эрининг уйида бамисоли қул ва асирдир. У эрининг уйидан унинг рухсатисиз чиқишга ҳаққи йўқ. Ҳатто, уламолар иттифоқ қилишганки, аёлнинг ота-онаси ёки улардан бошқа азиз қариндошларидан бири буюрса ҳам, эрининг изнисиз уйдан чиқиши жоиз эмас[6].

Эслатма ва мулоҳазалар:

1) Киши солиҳ ва тақводор кишиларга ўз қизи ёки синглисига уйланишни таклиф қилиши жоиздир. Ҳатто баъзи фуқаҳолар бу ишнинг мустаҳаб эканини очиқ айтганлар. Аллоҳ таолонинг солиҳ банда Шуайб тили билан Мусо алайҳиссаломга айтган гапи бу ишнинг жоиз эканига далилдир: “(Шуайб) айтди:  “(Эй Мусо,  агар рози бўлсанг),  менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман…” [Қасас: 27]. Шунингдек, қуйидаги ҳадис ҳам бу ишнинг жоиз эканига далил бўлади:

Умар ибн Хаттобнинг қизи Ҳафсанинг эри Хунайс ибн Ҳузофа Ас-саҳмий Мадинада вафот этади. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобийларидан бир эди. Натижада, Ҳафса бинти Умар бева қолади. Бу ҳақда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу шундай ҳикоя қилади: “Мен Усмон ибн Аффоннинг олдига бориб, унга Ҳафсага уйланишни таклиф қилдим. “Мен бир ўйлаб кўрай” – деди Усмон. Орадан бир неча кун ўтгач, Усмон менга йўлиқди ва: “Шу кунларда уйланмаслик фикри пайдо бўлди менда” – деди. Шундан сўнг Абу Бакрга учрадим. “Истасанг, қизим Ҳафсани сенга турмушга бераман” – дедим унга. Абу Бакр сукут қилиб, менга бирон жавоб қайтармади. Усмондан кўра кўпроқ Абу Бакрдан ранжидим. Орадан бир-неча кунлар ўтди. Ҳафсага Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам совчи қўйдилар ва қизимни у зотга турмушга бердим. Шундан сўнг Абу Бакр билан учрашдим. “Ҳафсага уйланишни таклиф қилганингда ва мен сенга ҳеч бир жавоб қайтармаганимда мендан хафа бўлгандирсан-а?” – деди Абу Бакр. Мен: “Ҳа” – дедим. Абу Бакр деди: “Мен сенга айтсам, таклифингга бажонидил рози бўлар эдим. Бироқ мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Ҳафсага уйланиш нияти борлигини билар эдим. Шу боис, асло у зотнинг сирини ошкор қилишим мумкин эмасди. Агар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга уйланмаганларида, албатта уни хотинликга қабул қилган бўлур эдим[7].

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу ҳадисдан тушуниладики, қизига уйланишни таклиф қилишнинг зиёни йўқ. Бу хусусда куёв бўлмишнинг уйланган бўлишининг ҳам зиёни йўқ. Негаки, Абу Бакр розияллоҳу анҳу ўша пайтда уйланган эди[8].

2) Шунингдек, аёлнинг ўзи шаръий одоб-ахлоқ доирасидан чиқмаган ҳолда солиҳ кишилардан унга уйланишни таклиф қилиши ҳам жоиз. Бу ҳолатда ҳар икки томоннинг турмуш қуриш рағбати бўлса, никоҳ ақдининг шарт ва рукнлари тўла-тўкиш рўёбга чиқиши билан оила қуришлари жоиздир. Анас ибн Молик  розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир аёл Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурига келиб, у зотга турмушга чиқишни таклиф қилиб: “Эй Расулуллоҳ, менга бирон эҳтиёжингиз борми?” – дейди…[9].

Ҳофиз Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ушбу икки[10] ҳадисда аёл киши ўзини эркакга таклиф қилиши, унга турмушга чиқиш рағбати борлигини билдиришининг жоизлиги ҳамда  бу унинг қадр-қиммати ва обрўсига путур еткизмаслигига далил бор[11].

Хотин-қизлар ўзларининг турмуш қуриш истагини газета ва журналларда  ёки интернет саҳифаларида эълон қилиши, эълонга шахсий сурати ва ўзи ҳақидаги турли маълумотларни илова қилишига келсак, албатта бу исломий ахлоқ-одоб, ҳаё ва иффатга зид хатти-ҳаракатдир[12].

3) Келин ёки куёв танлашда баъзан тамал қоидага хилоф ўлароқ, бу иш ортидан келиб чиқадиган фойда ва зарар инобатга олинади. Мисол учун, аслида бокира қизга ўйланиш афзал. Бироқ айрим ҳолларда бева хотинга уйланишни тақозо қиладиган сабаб мавжуд бўлиши ва шунга кўра бевани ихтиёр қилиш афзал бўлиши мумкин. Масалан, бева аёлнинг етим фарзандлари бўлиши ва инсон унга уйланиш орқали етим бола парваришлаш савобига сазовор бўлиши мумкин. Шунингдек, бева аёл кўнглини кўтариш ёхуд илм ва диёнатли бева аёлдан диний манфаат олиш ёки солиҳ кишилар билан қуда-анда бўлиш каби мақсадларда ҳам бева аёлга уйланиш афзал бўлган ҳолатлар бўлиши мумкин.

Ундан ташқари айрим уламоларнинг фикрича, келин ёки куёв танлашда қариндош бўлмаган ёки узоқ қариндошлардан танлаш афзалдир. Уларнинг айтишларича, бу – боланинг соғлом ва заковатли бўлиши ҳамда қуда-андалар ўртасида айрим келишмовчиликлар юз берган чоғда қариндошлик ришталари узилишининг олдини олишга сабаб бўлади.

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар қариндошлар ичида қайсидир сабабга кўра бегона қиздан афзали мавжуд бўлса, у ҳолда қариндошига уйланиши афзал. Аммо қариндоши билан бегона қиз ҳар жиҳатдан тенг бўлса, у ҳолда бегона қизга уйланиши афзалдир.

Бу масалада қатъий риоя қиладиган бирон бир оят ёки ҳадис йўқ. Шу боис, инсон ўзига кўпроқ муносиб ва манфаатли деб ўйлаган қизига уйланиши мумкин[13].

4) Уйланмоқчи бўлган йигит ва турмушга чиқишни истаган қиз, шунингдек, уларга бош-қош бўлган ота-она ёки қариндошлар келин ёки куёв танлаш борасида Аллоҳдан истихора қилишлари ва Ундан тавфиқ сўраб илтижо қилишлари мустаҳабдир. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Зайнаб (бинти Жаҳш)нинг иддаси тугагач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Зайдга: “Зайнабга мендан совчи бўл” – дедилар. Зайд шундай дейди: “Мен унинг олдига бордим ва: “Эй Зайнаб, суюнчи бер! Мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳузурингга совчи қилиб юбордилар” – дедим. Зайнаб: “Мен то Раббимдан истихора қилмагунча ҳеч нарса қилмайман” – дея, намоз ўқиш учун ўрнидан қўзғалди”. Шундан сўнг (бу хусусдаги) оят нозил бўлди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам келиб, изнсиз Зайнабнинг ҳузурига кирдилар[14].

5) Келин ёки куёв танлашда ҳар икки томон қарши томон ҳақида сўраб-суриштириши, холис кишилардан маслаҳат сўраши лозимдир. Шунингдек, маслаҳат сўралган кишилар холис фикр билдиришлари вожибдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Маслаҳат сўралган киши омонат топширилган кишидир”[15] – деганлар. Шу боис, маслаҳат сўраган одам муҳтож бўладиган ҳеч нарсани яширмаслиги, келин ёки куёв бўлмишнинг таърифлаш лозим бўлган айб ва камчиликларини айтиши лозимдир. Бироқ шундай бўлсада, айбларини латиф иборалар билан ва айтиш зарур бўлганларинигина айтиши лозим. Ҳатто маслаҳат сўралган одамнинг ўзи совчи бўлган тақдирда ҳам, айтиш зарур бўлган камчиликларни маълум қилиши керак. Токи, қарши томон келин ёки куёв ҳақида тўғри маълумотга эга бўлиб, шунга биноан онгли равишда қарор қилсинлар.

Қиз ёки йигит ҳақида сўралган киши барча нарсани рўй-рост гапиришининг жоизлигига қуйидаги ҳадис далилдир: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Муовия ва Абул-Жаҳм совчи қўйган Фотима бинти Қайсга қарата шундай дейдилар: “Муовияга келсак, у мол-давлати йўқ бир камбағал, Абул-Жаҳм эса, хотинларни кўп урадиган одати бор”[16].

[1] Шавоҳидлари билан ҳасан ҳадис. Термизий (1084), Ибн Можа (1967) ва Табароний “Авсат”да (1/141) ривоят қилишган. Ҳадисни Албоний “Ат-тарғиб”да (3090) ҳасан деган.

[2] Бухорий (3353, 3374, 3493, 3495) ва Муслим (2526) ривоят қилган.

[3] Ҳасан. Абу Довуд (2050), Насоий (6\ 65) ва Ибн Ҳиббон (4056) Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳудан ривоят қилган.

[4] Муслим (1480), Абу Довуд (2284), Термизий (1135), Насоий (6/75) ва Ибн Можа (1869, 2035) ривоят қилишган.

[5] Термизий (1163), Ибн Можа (1851) ва Насоий “Кубро”да (9124) ривоят қилишган. Ҳадисни Термизий ҳасан саҳиҳ деган.

[6] “Авдатул-ҳижоб” (“Ҳижобнинг қайтиши”) китоби, 2-жилд / 357-бет.

[7] Бухорий (5122) ва Насоий (6/77) ривоят қилишган.

[8] “Фатҳул-Борий” китоби (9/178).

[9] Бухорий (5120), Муслим (1425), Насоий (6/78) ва Ибн Можа (2001) ривоят қилишган.

[10] Ибн Ҳажар юқоридаги ҳадисдан ташқари яна бир ҳадисни келтиради. Бу ҳадисни Бухорий (5121) ва Муслим (1425) Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

[11] “Фатҳул-Борий” (9/175).

[12] Мазкур масала хусусидаги фатво билан танишиш учун қаранг: Саудия Арабистони “Доимий Фатво Қўмитаси”, (18/ 40), 17930 – сонли фатво.

[13] “Аш-шарҳул мумтеъ” (5/123).

[14] Муслим (1428) ва Насоий (6/79) ривоят қилишган.

[15] Саҳиҳ. Абу Довуд (5128), Термизий (2822) ва Ибн Можа (3745) ривоят қилишган.

[16] Муслим (1480), Абу Довуд (2284), Термизий (1135), Насоий (6/75) ва Ибн Можа (1869, 2035) ривоят қилишган.

Discussion2 fikr

  1. Pingback: Бенамозга қиз бериш жоизми?

Изоҳ қолдиринг