Усмон розияллоҳу анҳу: Қуръонни ҳаётига татбиқ қилгани

0

Усмон розияллоҳу анҳу бошқа саҳобалар каби ўз ҳаётини Қуръон таълимотлари асосида кечирди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам оламлар Павардигорининг китоби бўлмиш Қуръони Карим  саҳобалар ҳаётларига татбиқ қилиши лозим бўлган ягона дастур эканини уларга уқдирган эдилар. Шунинг учун барча саҳобийлар оилавий, ижтимоий ёхуд шахсий бўлсин барча масалаларда Қуръонни ўзларига асос қилиб олишган эди. Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан эшитган оятларини дарҳол ҳаётига татбиқ қилар, бу билан унинг қалби покланар эди.

Абу Абдурраҳмон Суламий роҳимаҳуллоҳ айтади: Усмон ибн Аффон ва Абдуллоҳ ибн Масъуд каби бизга Қуръонни ўргатган саҳобийларнинг айтишларича, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўн оятни ўргансалар, ундаги илм ва амални ўрганмай, бошқасига ўтмас эканлар. Улар: “Биз Қуръон, илм ва амални бирга ўргандик” – дейишарди”. Улар битта сурани бир қанча муддат давомида ёдлашганининг сири ҳам шунда. Чунки Аллоҳ таоло Қуръон ҳақида шундай деган: “Бу Қуръон – инсонлар унинг оятларини тушуниб етишлари ҳамда ақлли кимсалар (ўзларига керакли) эслатма ва ибратлар олишлари учун биз сизга нозил қилган муборак китобдир” (Сод: 29). Усмон розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Сизларнинг энг яхшиларингиз Қуръонни ўрганган ва уни бошқаларга ўргатганларингиздир” – деганлар. Саҳобалар бу ҳадиснинг маъносини яхши тушунишган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадисда “Қуръонни ёдлаган ва бошқаларга ёдлатган” – демадилар, балки “уни ўрганган ва бошқаларга ўргатган” – дедилар.

Усмон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам вафот этишларидан олдин Қуръонни у кишига икки марта тўлиқ ўқиб берганлар. Келинг, Усмон розияллоҳу анҳу Қуръонга қанчалик муҳаббат қўйганини унинг ўзидан эшитайлик:

“Агар қалбимиз пок бўлса, Аллоҳ таолонинг каломидан тўймаган бўларди” (“Бидоя ва ниҳоя”, 7\225).

“Мен бир кунимни бўлсада Қуръонга қарамай ўтказишни ёмон кўраман” (“Бидоя ва ниҳоя”, 7\225).

“Мен бу дунёда уч нарсага муҳуббат қўйдим: оч-ночорларни тўйдириш, кийимсиз бечораларни кийинтириш ҳамда Қуръон тиловат қилиш” (“Иршодул ибод лил-истеъдоди лиявмил маод” китоби, 88-бет).

“Тўрт восита бор, улар фазилат бўлса-да, улардан кўзланган мақсадлар фарздир: солиҳлар орасида юриш фазилат, лекин уларга эргашиш фарз. Қуръон тиловат қилиш фазилат, унга амал қилиш эса фарз. Қабрларни зиёрат қилиш фазилат, қабрга бориш учун тайёргарлик кўриш эса фарз. Касални зиёрат қилиш фазилат, унинг васиятини олиш эса фарздир” (“Иршодул ибод лил-истеъдоди лиявмил маод” китоби, 90-бет).

“Ўнта нарса зое кетган ҳисобланади: савол сўралмайдиган олим, амал қилинмайдиган илм, қабул қилинмайдиган тўғри фикр, ишлатилмайдиган қурол, намоз ўқилмайдиган масжид, ўқилмайдиган Қуръон, садақа қилинмайдиган пул, минилмайдиган от (улов), дунёпараст ўрганган зоҳидлик илми, охиратга тайёргарлик кўрилмаган узоқ умр” (“Иршодул ибод лил-истеъдоди лиявмил маод” китоби, 91-бет).

Усмон розияллоҳу анҳу Қуръонни ёд олган, уни бағридан тушурмас ва у ҳақда: “Бу – муборак инсон келтирган муборак китоб” – дер эди (“Фароидул калом”, 278-бет).

Усмон розияллоҳу анҳу Қуръонни кўп ўқигани боис вафот этмасидан олдин у кишининг Қуръони эскириб, увадаси чиқиб қолган эди (“Бидоя ва ниҳоя”, 7\225).

Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятда айтган сифатлари Усмон розияллоҳу анҳудек инсонларга тўғри келади: “Ёки кечалари сажда қилиб, тик туриб ибодат қиладиган, охиратдан қўрқадиган ва Раббисининг марҳаматидан умид қиладиган киши билан кофир кимса тенг бўладими?!” (Зумар: 9).

(Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг