Тарк қилинган суннатлар: аксирганда ҳамд айтиш

0

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Агар бирортангиз аксирса, “алҳамдулиллаҳ” (Аллоҳга ҳамд бўлсин) десин. Унга жавобан (ёнидаги) биродари “ярҳамукаллоҳ” (Аллоҳ сенга раҳм қилсин) деб айтсин. Агар ёнидаги киши аксирганга “ярҳамукаллоҳ” деса, у бунга жавобан “яҳдийкумуллоҳу ва юслиҳу балакум” (Аллоҳ сизни ҳидоятласин ва ишларингизни ўнгласин) деб жавоб қайтарсин” (Бухорий, 5870).

Аксирган киши Аллоҳ таолога ҳамд айтиши динимиздаги мустаҳаб амаллардан бири. Бу суннат ҳам бугун мусулмонлар орасида, хусусан, бизнинг ўзбекларда йўқолиб кетган суннатлардан ҳисобланади. Аксирган киши аввало Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрганлари, қолаверса, аксириш натижасида миясида тиқилиб қолган ҳаво чиқиб кетгани ва бу ҳавонинг зараридан қутилгани учун Аллоҳга ҳамд айтади. Агар бу ҳаво чиқиб кетмаганида турли хил оғир касалликларга сабаб бўлар эди.

Аксирган кишининг ёнидаги биродари унга “соғ бўлинг” ёки “умрингиз узоқ бўлсин” дейиш ўрнига, аксар мусулмонлар Аллоҳ таолонинг бу каби неъматлари шукрини адо этмаётганларини хотирлатиш мақсадида унга Аллоҳ таолодан раҳм-шафқат сўраб, “Аллоҳ сенга раҳм қилсин” маъносида “ярҳамукаллоҳ” деб, унинг ҳаққига дуо қилади. Бу мусулмонлар ўртасидаги муносабатлар янада кучайишига катта ҳисса қўшади. Аксирган киши “алҳамдулиллаҳ” демаса, унинг ҳаққига “ярҳамукаллоҳ” деб дуо қилинмайди. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Агар бирортангиз аксириб, Аллоҳга ҳамд айтса, унинг ҳаққига дуо қилинглар. Агар (аксирганидан кейин) Аллоҳга ҳамд айтмаса, унинг ҳаққига дуо қилманглар” (Муслим ривояти, 2991). Аксирган кишидан узоқроқда бўлгани учун унинг ҳамд айтганини яхши эшитмаса-да, оғзи қимирлаганидан ёки ёнидагилар унинг ҳаққига дуо қилганидан унинг ҳамд айтганини билса, унда дуо қилаверади.

Келинг, азизлар! Бу суннатни ҳаётимизга татбиқ қилиб, қолганларни ҳам шунга ундайлик, фарзандларимизга ҳам ўргатайлик, одамлар ўртасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна бир суннатларини тирилтирайлик.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг