Иккинчи ҳадис (7) фаришталарга иймон келтириш

0

Унинг фаришталарига…иймон келтиришингдир”:

 Жаброил алайҳиссалом пайғамбарлар ва илоҳий китобларни айтмасдан дастлаб фаришталардан бошлади. Негаки, фаришталар ғайб оламидир. Пайғамбарлар ва илоҳий китоблар эса ҳиссий оламга оиддирлар. Фаришталар фақат Аллоҳ хоҳласагина кўзга кўринишлари мумкин. Аллоҳ таоло уларни нурдан яратди. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳиҳ ҳадислар собит бўлган[1]. Улар инсу жин тоифаси каби еб-ичишга муҳтож эмаслар. Фаришталар ҳақида “улар “сомад”, яъни уларнинг ичи ғовак эмас”, дейилади. Шу боис, еб-ичишга муҳтож бўлмайдилар. Демак, ғайб олами бўлмиш фаришталарнинг борлигига иймон келтирамиз.

Инсонларнинг турлари ва ҳар бир турнинг ўзига хос вазифаси бўлганидек, фаришталар ҳам бир неча турлардан иборат бўлиб, улардан ҳар бирининг ўз вазифалари бор.

Фаришталарга иймон келтириш бизга номма-ном билдирилган муайян фаришталарга иймон келтириш, шунингдек, уларга топширилган вазифаларга иймон келтиришни ўз ичига олади. Масалан, биз Жаброил исмли фаришта борлиги, унинг ваҳий фариштаси экани, Аллоҳнинг ҳузуридан пайғамбарларга ваҳий олиб келишига иймон келтирамиз. Шунингдек, Микоил ёмғир ва ўсимликлар фариштаси, Исрофил эса сур чалиб, қиёмат қойим бўлганини эълон қилувчи фаришта эканига иймон келтирамиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тун намозини ўқимоқчи бўлсалар, такбири таҳримадан кейин ўқиладиган “сано”да мазкур уч фаришта номини зикр қилиб шундай дер эдилар: “Эй Аллоҳ, Жаброил, Микоил ва Исрофилнинг Рабби…[2]. Бунинг ҳикмати шундаки, мазкур фаришталардан ҳар бирига ҳаётбахш вазифалар топширилган. Жаброил қалбларга ҳаёт бағишловчи ваҳий келтирувчи фариштадир. Аллоҳ таоло айтади: “(Эй Муҳаммад) шундай қилиб (худди аввалги пайғамбарларга ваҳий қилганимиздек) Биз Ўз амримиз билан сизга Руҳни — Қуръонни ваҳий қилдик” [Шўро: 52]. Микоил ер юзида ҳаёт пайдо бўлишига сабабчи бўлган ёмғир ва ўсимликлар фариштасидир. Шунингдек, Исрофил қиёматда сур чалувчи фаришта бўлиб, шундан сўнг одамлар абадий ҳаётга қадам қўядилар.

Тунда намоз ўқиш учун уйқудан уйғониш ва санода бу зикрни ўқиш ўртасидаги муносабат зоҳирдир. Зеро, уйқудан уйғонар экансиз, гуёки қайта тирилгандек бўласиз. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “У кечаси сизларни “вафот эттирадиган” ва кундузи қилган ишингизни биладиган зотдир. Сўнгра белгиланган муддат – умрингизни яшашингиз учун кундузи сизларни “тирилтирур” [Анъом: 60], “Жонларни ўлим вақтларида,  ҳануз ўлмаганларини эса ухлаётган пайтларида Аллоҳ олур. Сўнг ўлимга ҳукм қилган жонларни (баданларга қайтармасдан) ушлаб қолур, бошқаларини эса белгиланган бир муддатгача (яъни ажаллари етгунича) қўйиб юборур” [Зумар: 42].

Шунингдек, айрим фаришталарга топширилган алоҳида вазифаларга ҳам иймон келтириш вожиб. Масалан, шундай фаришталар борки, уларга бандаларнинг амалларини ёзиш беркитилган. Аллоҳ таоло айтади: “Аниқки, инсонни Биз яратганмиз, (демак), унинг нафси васваса қиладиган (яъни кўнглидан ўтган барча) нарсаларни ҳам билурмиз. Биз унга жон томиридан ҳам яқинроқдирмиз.  Зотан ўнг ва чап (томон)да ўтирган икки қабул қилгувчи (ёзиб тургувчи фаришта инсоннинг айтган ва қилган барча яхши-ёмон сўз ва хатти-ҳаракатларини) қабул қилиб – ёзиб турурлар.  У бирон сўз талаффуз қилмасин, албатта унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатгувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)” [Қоф: 16-18]. Демак, бу фаришталарга Одам боласининг барча амалларини ёзиб бориш топширилган. Аллоҳ таоло бошқа бир оятда шундай дейди: “Йўқ,  балки сизлар жазо (қиёмат кунини) ёлғон дерсизлар (шунинг учун ҳам Аллоҳ буюрган эзгу амалларни қилмайсизлар ва У зот қайтарган ёмон амаллардан қайтмайсизлар)! Ҳолбуки, шак-шубҳасиз сизларнинг устингизда (қилган ҳар бир амалингизни) ёд олиб,  ёзиб тургувчи улуғ (фаришта)лар бордир” [Инфитор: 9-11]. Оятлардан маълум бўладики, улар инсон сўзлаган барча нарсани: унинг фойдасига ёки зиёнига бўлган нарсаларни, ҳаттоки, унинг фойдасига ҳам ёки зиёнига ҳам бўлмаган нарсаларни ҳам ёзадилар. Бироқ банданинг фойдаси ёки зиёнига бўлмаган ишлар учун ҳисоб-китоб қилинмайди, балки бу унинг дунёда кўп яхшиликларни ўтказиб юборганнии эслатиш учун ёзилади.

Айтишларича, бир киши Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳнинг ҳузурига кирса, у киши баданидаги оғриқдан инграб ўтирган экан. Шунда у Имом Аҳмадга қараб: “Эй Абу Абдуллоҳ, Товуснинг “Фаришта ҳатто касалнинг инграшини ҳам ёзади”, деганини эшитиб ҳам инграяпсизми?!” – дебди. Имом Аҳмад шу заҳоти инграшдан тўхтаган экан. Бу салафи солиҳларимизнинг салафлар сўзига бўлган ҳурмат-эҳтиромидандир.

 Яна шундай фаришталар борки, улар илм ва зикр давраларини излаб, ер юзида кезиб юрадилар. Агар шундай давраларни топсалар, бориб у давраларда ўтирадилар.

Шунингдек, Одам боласини турли бало-офатлардан сақловчи фаришталар ҳам бор.

Фаришталардан Одам боласининг жонини олишга беркитилганлари, қабрда маййитни савол-жавоб қиладиганлари ҳамда қиёмат кунида мўминларни истиқболига чиқиб, уларни қарши оладиган фаришталар мавжуд. Аллоҳ таоло айтади: “Фаришталар уларни: “Мана шу сизларга ваъда қилинган кундир”, деб кутиб олурлар” [Анбиё: 103].

Фаришталар ичида жаннат аҳлига салом бериш вазифаси топширилган фаришталар  бор. Аллоҳ таоло айтади: “Фаришталар уларнинг ҳузурларига ҳар эшикдан кириб: “(Аллоҳ йўлида меҳнат-машаққатларга) сабр-тоқат қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу жаннатларда) сизларга салом (тинчлик-осойишталик) бўлсин.  Бу охират диёри нақадар яхши!” – дерлар” [Раъд: 23-24].

Қолаверса, фаришталар ичида кеча-кундуз ибодат билан машғул бўлганлари бор. Аллоҳ таоло айтади: “Улар туну кун сусткашлик қилмасдан Аллоҳга тасбеҳ айтадилар” [Анбиё: 20]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Осмон ғирчиллади. Чиндан ҳам ғирчилласа арзийди. Зеро, осмонда бирон тўрт бармоқ миқдори жой йўқки, албатта унда бир фаришта тик турган, рукуъ қилган ёки сажда қилган ҳолда Аллоҳга ибодат қилади[3].

[1] Муслим ривояти, “Зуҳд китоби”, 2996 ҳадис.

[2] Муслим ривояти, “Мусофирлар намози ва намозни қаср ўқиш китоби”, “Тунги намозда дуо қилиш боби”, 770, 200 ҳадислар.

[3] Имом Аҳмад “Муснад”да (5 /173), Термизий (2312) ва Ибн Можа (4190) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг