Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми иймон келтиришидан ноумид бўлиши (6)

0

Нуҳ алайҳиссаломнинг қавми иймон келтиришидан ноумид бўлиши

Нуҳ алайҳиссалом билан қавми ўртасидаги тортишув узоқ муддат давом этди. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Нуҳ уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди. Шундай қилиб уларни золим-кофир бўлган ҳолларида тўфон (балоси) тутди” [Анкабут: 14]. Нуҳ алайҳиссалом улар орасида узоқ вақт туришига қарамасдан улардан жуда озчилигигина иймон келтирдилар.

Улардан бирон бир авлод тугаш арафасида бўлса, албатта ўзларидан кейинги авлодга Нуҳ алайҳиссаломга иймон келтирмаслик, унга қарши курашиш ва унга қарши иш тутишни васият қилар эдилар. Ота ўз боласи балоғатга етиб, оқ-қорани танийдиган бўлса, у билан холи қолиб, унга модомики тирик экан асло Нуҳга иймон келтирмасликни васият қилар эди.

Бу қавмнинг табиати шунақа: иймон келтириш ва ҳаққа эргашишни хушламас эди. Шу боис Нуҳ алайҳиссалом деди: “Улар фақат кўрнамак,  фожир кимсаларни туғиб-кўпайтирурлар”  [Нуҳ: 27].

Шу сабабдан Нуҳ қавми дедилар: “Эй Нуҳ,  биз билан роса талашиб-тортишдинг.  Агар гапинг рост бўлса,  бизга ваъда қилаётган  азобни келтир-чи”.  (Нуҳ) деди: “Уни сизларга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи хоҳлаган пайтида келтирур ва сизлар (ўшанда) ҳеч қаёққа қочиб қутула олмассиз” [Ҳуд: 32-33]. Яъни, бу нарсага фақат Аллоҳ таологина қодирдир. У  шундай зотки, Уни ҳеч нарса ожиз қолдирмайди ва У ҳеч нарсага парво қилмайди. Аксинча, У бирон нарсага “бўл” деса, шу заҳоти бўлади.

Агар Аллоҳ сизларни йўлдан оздиришни истаса, мен насиҳат қилишга уринганим билан насиҳатим сизларга фойда бермайди. Парвардигорингиз Унинг Ўзидир ва фақат Унинг Ўзига қайтарилурсизлар” [Ҳуд:34]. Яъни, Аллоҳ таоло кимни йўлдан оздиришни хоҳласа, ҳеч бир кимса уни ҳидоят қила олмайди. У зот истаган кишисини ҳидоят қилади ва истаган кишини адаштиради. У зот хоҳлаган ишини қилувчи Азиз (Қудратли ва Енгилмас) ва Ҳаким зотдир. Ким ҳидоятга ҳақли, ким залолатга ҳақли эканини билгувчи, Унинг учун (қилган ҳар бир ишида)  етук ҳикмат ва кучли ҳужжат  бўлган зотдир.

Изоҳ қолдиринг