Жамоавий зикрлар (2): Жамоавий тарзда зикр қилишнинг келиб чиқиши ва кенг тарқалиши

0

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Жамоавий тарзда зикр ва дуолар қилиш илк бор саҳобалар даврида пайдо бўлган. Бироқ саҳоба ва ўша даврдаги тобеинлар бу ишни қаттиқ қоралаб, ундан қайтаришлари туфайли бу иш мусулмонлар орасида кенг тарқалмай қолган[1]. Орадан вақтлар ўтиб, Маъмун мусулмонлар устига халифа бўлгач, Бағдоддаги ноиби Исҳоқ ибн Иброҳимга мусулмонлар беш вақт намоз кетидан жамоавий тарзда такбир айтишни буюриб, мактуб йўллайди.

Имом Табарий ўзининг “Тарих” китобида ҳижрий икки юз ўн олтинчи йилда бўлиб ўтган воқеаларни зикр қилиб шундай дейди: “Шу йили Маъмун Исҳоқ ибн Иброҳимга “Мусулмон лашкарлари ҳар намоз кетидан такбир айтишсин!”, дея мактуб йўллайди. Улар бу ишни илк бор шу йил рамазон ойининг 15 ё 16- жума куни Мадинаи Мунаввара ва Расофа масжидларида амалга оширдилар” [“Тарих Табарий”, 8/626].

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Жамоавий тарзда “Аллоҳу акбар” деб айтиш илк бор (икки юз ўн олтинчи йил) рамазон ойининг 15 ё 16- жума куни Мадинаи Мунаввара ва Расофа масжидларида бошланди. Шу куни одамлар намоз ўқиб бўлганларидан сўнг тик туриб, уч бор “Аллоҳу акбар” деб айтишади, кейин қолган намозларда ҳам шу тарзда зикр қила бошлайдилар. Бу бидъатни Маъмун бирон далилга асосланмасдан пайдо қилган. Зеро, ундан илгари бу ишни бирон киши қилмаган эди” [“Ал-бидоя ван-ниҳоя”, 10/270].

Халифа Маъмуннинг қўллаб-қувватлаши ёрдамида жамоавий тарзда зикр қилиш кескин суратда кенг тарқала бошлади. Маълумки, қайси бир ҳукмдор бир ишни қўлласа ёки бир фикрни ёқласа, куч ишлатиб бўлсада одамлар орасида шу ишни ёяди. Шу боис бу тарзда зикр қилиш ҳам инсонлар орасида кенг тарқаб ёйилиши табиий эди. Зеро, аксар ҳолатларда авом халқ ҳукмдорларининг ортидан боришади.

Кейинчалик, жамоавий тарзда зикр ва дуо қилишнинг кўринишлари кўпая бошлади. Одамлар масжид ёки уйларнинг бирида йиғилиб, бир овоздан муайян зикрлар айтиши пайдо бўлди. Муҳаммад Шақийрий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Намоздан кейин жўр бўлиб бир овоздан истиғфор айтиш бидъатдир. Зеро, намоздан кейин ҳар инсон ичида уч марта истиғфор айтиши суннат ҳисобланади. Шунингдек, истиғфор айтиб бўлгандан сўнг “Йа арҳамарроҳимийн бизни раҳм айла!” деб айтиш ҳам бидъатдир. Чунки бу ўринда мазкур сўзларни айтиш суннатда келмаган” [“Сунан вал мубтадаот”, 70-бет].

        Ҳозирги кунда баъзи мусулмонлар орасида жамоавий тарзда зикр ва дуолар қилишнинг айрим кўринишлари:

  • Намоздан кейинги зикр ва дуоларни бир овоздан жўр бўлиб айтиш. Азраий айтади: “Имом Шофеийнинг фикрича, намоздан кейинги зикрларни овоз чиқариб айтишга далолат қилувчи ҳадислардан мақсад, ушбу зикрларни билмаганларга таълим беришдир” [“Ислоҳул масожид”, 111-бет].

  • Ҳар намоз кетидан имом қулларини кўтарган ҳолда овозини чиқариб дуо қилиши ва қолган намозхонлар имомнинг дуосига “омийн” деб туриши.

  • Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва шаҳидлар қабрларини ёки Бақеъ қабристонини зиёрат қилишда саловат ёки махсус дуо ва зикрлар айтиш.

Агар жамоавий тарзда зикр ва дуолар қилиш кўринишларини бирма-бир санайдиган бўлсак, адоғига ета олмаймиз. Зеро, илмсиз кишилар ва дин душманлари томонидан бу каби бидъатлар жуда кўп пайдо қилингандир. Аллоҳ таоло бизни ҳақ йўлдан адаштирмасин!

(Давоми бор)

[1]Келгуси мақоламизда бу ҳақида батафсил сўз юритамиз.

Ўзбек даъватчиси. Бошланғич диний таълимни ва араб тилини ўз юртидаги масжид имомларидан олди, сўнгра Мисрга бориб, Ал-Азҳар университетига кирди. Талабалик йилларида аҳли суннат вал жамоат машойихларидан таълим олди. Жумладан, шайх Содиқ Самарқандий, шайх Саидаҳмад Нуриддин, Сирожиддин Шоший, шайх Мустафо Адавий, Аҳмад Абул Айнайн, Аҳмад Ийсавий ва бошқаларни санаб ўтиш мумкин. 2015 йилдан бери ўзбек тилидаги ИхлосОрг исломий веб саҳифасида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг