Суннат намозларни жамоат бўлиб ўқиш мумкинми?

0

Савол:

Ассалому алайкум! Биз акам иккимиз уйда жамоат бўлиб намоз уқиймиз. Саволим шуки, биз фақат фарз намозларнигина жамоат тарзида укиймизми ёки суннат намозларни ҳам бирга жамоат бўлиб ўқишимиз керакми?
Иқомат фақат фарз намоздан олдин айтиладими ёки суннат намоздан ҳам олдин айтиш керакми? Агар иқомат суннат намоздан олдин айтилмаса, азонни ўзи билан кифояланамизми?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ ва барокатуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Суннат намозларни жамоат бўлиб ўқиш 

Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам фарз намозларни жамоат билан, суннат намозларни эса кўпинча уйларида ёлғиз ўқиганлари саҳиҳ ҳадисларда собит бўлган. Бироқ у зот суннат намозларни жамоат бўлиб ўқиганлари маълум эмас. Шунга биноан ҳар бир намозхон фарз намоздан аввал ва кейин ўқиладиган суннат намозларни алоҳида ўқиши керак[1].

Суннат намозларга иқомат айтиш  

“Саудия доимий фатво қўмитаси” (7/231) уламолари шундай деган: “Ҳар қандай нафл намозлар учун иқомат айтиш шариатга хилофдир. Чунки соф шариатимизда бу ҳақда бирон далил келмаган”. Шунингдек, 7-жилд, 234-бетдаги фатвода: “Иқомат фақат беш вақт фарз намозида айтилади” дейилган.

Шунга биноан иқомат фақат фарз намозлардан олдин айтилади. Фарз намозлар учун айтилган азон суннат намозлари учун ҳам кифоя қилади, валлоҳу аълам.

[1] Айрим уламолар фарз намоздан олдин ва кейин ўқиладиган суннат, чошгоҳ ва таҳажжуд каби нафл намозларни баъзан жамоат бўлиб ўқиш жоиз дейишган.

Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Нафл намозни жамоат бўлиб ўқиш икки тур бўлади:

1) Кусуф, истисқо ва таровеҳ намозлари каби жамоат бўлиб ўқиш суннат бўлган нафл намозлар. Бу турдаги нафл намозлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларида келганидек, доимо жамоат бўлиб ўқилади.

2) Таҳажжуд, фарз намоздан олдин ва кейин ўқиладиган суннат, чошгоҳ, “таҳийятул масжид” ва шу каби жамоат бўлиб ўқиш суннат бўлмаган нафл намозлар. Бу турдаги нафл намозларни гоҳида жамоат бўлиб ўқиш жоиз. Бироқ уларни доимий равишда жамоат тарзда ўқиш жоиз эмас, балки макруҳ ва бидъатдир. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таҳажжуд намозини ёлғиз ўзлари ўқир эдилар. Шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳоба ва тобеинлар бу каби нафл намозларни доимий равишда жамоат бўлиб ўқишмаган. Лекин, у зот гоҳида бундай нафл намозларни жамоат бўлиб ўқиганлар” [“Мажмуулфатово”, 23/414].

Изоҳ қолдиринг