Қуръони Каримни таҳоратсиз ушлаш жоизми?

2

Савол:

Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳ. Қуръони Каримни таҳоратсиз ушлаш мумкинми?

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Уламоларимиз Қуръони Каримни таҳоратсиз ушлаш ҳақида икки хил фикр билдирганлар. Жумҳур уламолар, жумладан, тўрт мазҳаб имомлари Қуръони Каримни таҳоратсиз ушлаш ҳаром дейишган. Муҳаддислардан Имом Ҳоким, тобеинлардан Ҳаммод ибн Салама, шунингдек, Довуд Зоҳирийлар Қуръони Каримни бетаҳорат ҳолда ушлаш жоиз дейишган. Бу масаланинг ҳукми иккита далил: бир оят ва бир ҳадисга бориб тақалади.

Бу ҳукмга тегишли оят Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзидир: “Уни фақат пок кишиларгина ушлашади” (Воқеа: 79). Қуръони Каримни таҳоратсиз ушлаш ҳаром деган олимлар: “Бу оятдаги Аллоҳ таолонинг “Уни” деган сўзидан Қуръони Карим назарда тутилган” – деганлар. Бу фикрга кўра, “пок” сўзи “таҳоратли” маъносини ифодалайди. Қуръони Каримни таҳоратсиз ушлаш жоиз деган уламолар эса: “Оятдаги “Уни” сўзидан Лавҳул маҳфуз назарда тутилган ва шунга биноан “пок” сўзидан мурод фаришталардир” – дейишади.

Бу ҳукмга тегишли иккинчи далил қуйидаги ҳадисдир: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Амр ибн Ҳазм розияллоҳу анҳуга йўллаган мактубларида: “Қуръонни фақат таҳоратли кишилар ушласин” – деганлар (“Муваттоъ”, 680-ҳадис). Уламоларимиз бу ҳадисни саҳиҳ ёки заиф экани хусусида ихтилофлашганлари боис Қуръони Каримни таҳоратсиз ушлаш тўғрисида ҳам икки хил фикр билдирганлар.

Хулоса шуки, эҳтиёт юзасидан, шунингдек, ихтилоф доирасидан чиқиш мустаҳаб иш бўлгани сабаб Қуръони Каримни таҳоратсиз ушламаган афзалдир. Зеро, Аллоҳ таоло: “Ким Аллоҳнинг динига тааллуқли бўлган, эҳтиром  ва риоя қилиш лозим бўлган ишларни улуғласа, албатта бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшироқдир” – деб марҳамат қилади. (Ҳаж: 30).   Бироқ Қуръони Каримни таҳоратсиз ушласа бўлади, деган фикрдаги уламолар ва уларга эргашган кишиларга эътироз билдирилмайди. Бу гапларнинг барчаси Қуръони Каримни ушлаш ҳақида эди. Энди уни ушламасдан, ёддан ўқишга келсак, бу ишнинг жоиз эканида уламолар ўртасида ҳеч қандай хилоф йўқ, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Discussion2 fikr

  1. Ассалому алейкум ва рахматуллох. Куп инсонларга аъёнки хозирги кунда мобильный телефон воситаси ёрдамида курони каримдан жуда куп суралар гузал кироъатлар билан бирга телефон хотирасида саклаймиз вахоланки курони карим китоб шаклида хам телефонларимизда учиратиш мукин. Энди уз узидан савол тугиладики хар вакит кулимиздан куймай кутариб юрган смартфонларимизни бетахорот ушлашлигимиз бу ваъидга кириб колмаядими

    • Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳ.
      Алҳамдулиллаҳ;
      Йўқ, хотирасида Қуръони Карим сақланган телефонларни ушлашда таҳорат шарт эмас. Чунки у Қуръон эмас, ўзингиз айтганингиздек оддий телефон. Унга Қуръон киритилгани билан телефонлигини йўқотиб, мусҳафга айланиб қолмайди. Агар хотирасида Қуръон борлиги учун таҳорат шарт бўлганида инсон ўзининг бошини ҳам таҳорат билан ушлаши керак бўларди. Чунки ҳар бир мусулмон маълум миқдорда Қуръон ёдлаган. Бу гапни эса бирон бир олим айтмаган, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг