Соқолни қисқартириш жоизми?

0

Олдинги мақолаларимизда соқолни ўстириш фарзлиги ҳамда уни қириб олиш ҳаром эканини баён қилиб ўтган эдик. Ушбу мақоламизда узун ва қуюқ соқолни қисқартириш ёхуд уни тартибга солиш жоиз ёки йўқлиги хусусида сўз юритамиз.

Уламолар узун ва қуюқ соқолни қисқартириш ёхуд уни тартибга солиш борасида икки хил фикр билдиришган.

Биринчи фикр:

Жумҳур уламолар, жумладан, аксар саҳоба ва тобеинлар, шунингдек, ҳанафий, моликий ва ҳанбалий мазҳаблари ҳамда Ҳасан Басрий, Ибн Сирин, Ато, Ибн Абдулбар ва бошқа талай уламоларнинг фикрига кўра, соқол узун ва қуюқ бўлса ёки ҳаддан ташқари ўсиб кетса уни бир қабза миқдорича қисқартириш ёки тартибга солиш жоиздир. Қуйида мазкур уламоларнинг бу борада билдирган фикрларини келтириб ўтамиз:

  1. Ибн Обидийн роҳимаҳуллоҳ айтади: “Соқол ҳаддан ташқари ўсиб кетса, ёнларидан ёки учларидан қисқартиш жоиз” [“Ҳошияти Ибн Обидийн”, 2/418].

  2. Абул Валид Божий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Ибн Қосим Имом Моликдан ривоят қилишича, у шундай деган: “Ажралиб, тарвақайлаб кетган соқолни қисқартирса бўлади. Имом Моликдан сўралди: “Соқол ҳаддан ташқари узун бўлиб кетсачи? Имом Молик: “Менинг фикримча, қисқартирса бўлади. Абу Ҳурайра ва Ибн Умар розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинишича, улар бир қабзадан ортиғини кесган эканлар” [“Ал-мунтақо”, 4/367].

  3. Ибн Ҳонеъ роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мен Имом Аҳмаддан юзнинг икки ёнидаги соқолни олиш ҳақида сўрадим. У киши: “Соқолнинг бир қабзадан ортганини кесса бўлади”, деди. Мен: “Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Мўйловни яхшилаб олинглар ва соқолга тегманглар”, деган ҳадисичи?” – дедим. У: “Соқолнинг буйидан қисқартирса ва томоқдаги тукларни олса бўлади”, деб жавоб берди”.

 Ибн Ҳонеъ айтади: “Мен Имом Аҳмадни юзининг икки ёнидаги соқолни қисқартиргани ва томоқдаги тукларини олганини кўрдим” [“Масоил Ибн Ҳонеъ”, 2/151].

  1. Ибн Баттол роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ато роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Соқол кўп бўлса, унинг бўйи ва икки ёнидан оз миқдорда олса бўлади” [“Шарҳи Бухорий” 9/147].

  2. Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Соқол ҳаддан ташқари ўсиб кетса, уни қисқартириш жоизлиги хусусида уламолар ихтилоф қилишган. Баъзи уламолар “бир қабзадан ортиғини олса бўлади. Зеро, Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ва бир гуруҳ тобеинлар соқолнинг бир қабзадан ортганини олганлар”, дейишган. Имом Шаъбий ва Ибн Сиринлар бу ишни маъқуллаган бўлса, Ҳасан Басрий ва Қатода роҳимаҳумаллоҳлар эса, уни макруҳ санаб, шундай дейишган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “соқолга тегманглар”, деган ҳадисига биноан соқолга тегмаслик афзал ва эҳтиётга яқинроқдир” [Иҳёул улумид-дин”, 1/143].

Соқолни бир қабзадан ортиғини кесиш жоизлигини бундан бошқа кўпгина уламолар ҳам айтган. Шунингдек, саҳоба ва тобеинлардан биронтаси соқолнинг бир қабзадан ортиғини кесиш ҳаром, деб айтгани ҳам маълум эмас.

Баъзи уламолар соқолнинг бир қабзадан ортганини олиш мустаҳаб дейишган. Ибн Обидийн роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳанафий мазҳаби уламолари шундай дейишган: ““Соқолга тегманглар” ҳадисидаги “тегманглар”, деган сўзнинг маъноси қалин бўлиб ўсгунга қадар тегмасликдир. Соқолни бир қабзадан ортганини кесиш суннат ҳисобланади. Ушбу фикрни Имом Муҳаммад “Осор” китобида Абу Ҳанифадан нақл қилиб, шу фикрни ёқлаймиз”, деган” [“Ал-баҳрур роиқ”, 3/12].

Имом Қуртубий роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Соқолни қириш, юлиш ёки аксар қисмини кесиш жоиз эмас. Бироқ кишининг соқоли тарвақайлаган ёки одамлар орасида ажралиб турадиган даражада узун ва қалин бўлса, у ҳолда соқолининг бўйи ва ёнларидан қисқартириши Имом Молик ва бошқа салаф уламолар наздида афзладир” [“Муфҳим”, 1/512].

Қози Иёз роҳимаҳуллоҳ айтади: “Соқолни икки ёни ва бўйидан қисқартириш маъқулдир” [“Икмолул муълим”, 2/36].

Бу фикр эгаларининг далиллари:

Ибн Умар розияллоҳу анҳумо ҳаж ёки умра қилса, соқолини ушлаб, бир қабзадан ортганини кесар эди [Бухорий: 5892].

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу соқолининг бир қабзадан ортганини кесар эди [Ибн Абу Шайба “Мусаннаф” (5/225) китобида ривоят қилган, санади заиф].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо, Мужоҳид ва Муҳаммад ибн Каъб Қуразийлар Аллоҳ таолонинг “Сўнгра (қурбонлик қилганларидан кейин) кирларини кетказсинлар” оятидаги “кирларини кетказсинларсўзини “мўйлов, соч, тирноқ ва соқолни олиш”, деб тафсир қилишган [Абу Шайба “Мусаннаф”да (3/429) ривоят қилган, санади саҳиҳ].

Абу Зубайр Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилади. “Биз ҳаж ва умрадан бошқа вақтларда соқолимизга тегмас эдик” [Абу Довуд: 4201, санади ҳасан].

Баъзи уламолар мазкур асарларга таяниб соқолни фақат ҳаж ва умрада қисқартириш жоиз дейишган. Бироқ Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ айтганидек, “агар соқолнинг бир қабзадан ортганини олиш жоиз бўлмаганида ҳаж ибодатида ҳам жоиз бўлмас эди” [“Истизкор”, 4/317].

Шунингдек, ушбу фикр эгаларининг наздида, “соқолга тегманглар” ҳадисидаги “тегманглар”, деган сўздан кўпайтириш ва ўстириш маъноси назарда тутилган. Шунга биноан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “соқолга тегманглар”, деган буйруқларидан мақсад соқол ўсиб, қуюқ бўлгунга қадар унга тегмасликдир.

Иккинчи фикр:

Баъзи уламоларнинг фикрига кўра, ҳар қандай ҳолатда ҳам соқолни олиш ёки қисқартириш жоиз эмас.

Ибн Ҳажар роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Табарий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бир гуруҳ уламолар соқолни ўстириш хусусида келган ҳадисларнинг зоҳирига биноан соқолни икки ёни ёки бўйидан қисқартиришни макруҳ санашган” [“Фатҳул Борий”, 10/350].

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Соқолни қисқартириш борасидаги тўғри фикр ҳар қандай ҳолатда ҳам соқолни қисқартириш жоиз эмас, макруҳлигидир. “Соқолга тегманглар”, деган саҳиҳ ҳадисга биноан унга тегмасдан ўз ҳолича тарк қилиш керак” [“Мажмуъ”, 1/290].

Шайх Абдулазиз ибн Боз роҳимаҳуллоҳ айтади: “Соқолни қуюқ ва узун қилиб ўстириш ҳамда унга тегмаслик вожибдир” [“Мажмуъ фатова”,4/443].

Шайх Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Соқол қўйиш вожиб, шунингдек, уни қисқартирмаслик ва қирмаслик лозим” [“Фатова нурун алад-дарб”, 10/173].

Бу фикр эгаларининг далили

Уларнинг фикрига кўра, “соқолга тегманглар” ҳадисидаги “тегманглар”, деган сўздан мурод соқолга тегмасдан ўз ҳолича тарк қилишдир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам на ҳаж ва на бошқа вақтларда соқолларини олганлари собит бўлмаган, балки соқолни мутлақ ўстиришга буюрганлар.

Хулоса қиладиган бўлсак, соқол узун ва қуюқ бўлса, бир қабзадан ортганини олиш ёки тарвақайлаган соқолни тартибга солиш жоиздир. Бироқ соқолни ўстиришга буюрган ҳадисларга биноан, шунингдек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирон марта соқолларини кесганлиги собит бўлмагани[1] боис соқолни ҳар қандай ҳолатда ҳам қисқартирмаган афзал, валлоҳу аълам.

[1] Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилишича, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам соқолларини қисқартириб турар эдилар”. Ушбу ҳадис заифдир. Чунки бу ҳадис санадида Умар ибн Ҳорун деган ровий бўлиб, Ибн Ҳажар “Тақриб” китобида у ҳақда “матрук” деган.

Изоҳ қолдиринг