Абу Бакр розияллоҳу анҳу: исломга даъват қилиши

0

Абу Бакр розияллоҳу анҳу исломни қабул қилганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бениҳоят хурсанд бўлдилар. Бу ҳақда Ойша розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (Абу Бакр розияллоҳу анҳуни даъват қилар эканлар), гапларини тугатишлари билан Абу Бакр розияллоҳу анҳу исломга кирди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абу Бакрнинг ҳузуридан қайтар эканлар, дунёда у зотдан кўра бахтиёр одам йўқ эди[1]. Абу Бакр розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ато этган энг катта неъматларидан бири эди. Сабаби, Абу Бакр розияллоҳу анҳу Қурайш ичида барчага бирдек суюкли киши бўлиб, Аллоҳ таоло унга ато этган гўзал ахлоқ сабабли қавми ичида энг шинаванда кишилардан бирига айланган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳақида айтган қуйидаги сўзлари бунга яққол далилдир: “Умматим ичида умматимга энг раҳмли киши Абу Бакрдир” (“Муснад”, 14022-ҳадис, саҳиҳ). Шунингдек, тарих ва одамлар насл-насабини билиш араблар ичидаги энг муҳим билимлардан эди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу эса бу икки илмни қанчалар пухта билишини олдинги мақолаларимизда айтиб ўтган эдик. У бу билимларни пухта билгани учун Қурайшдаги зиёли табақанинг заковатли ёш йигитлари, тижоратни пухта билгани учун тижоратчилар, хулқи гўзал бўлгани учун авом халқ, хуллас Қурайшнинг ҳамма табақаси унинг йиғинларида иштирок этишарди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу жамиятда обрў-эътиборли шахслардан бўлгани боис халқни исломга даъват қилиб, кўп инсонларнинг исломни қабул қилишига сабабчи бўлди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳу исломни қабул қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан бирга даъват қилар экан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан шуни ўргандики, ислом амал, даъват ҳамда жиҳод дини бўлиб, инсон Аллоҳ йўлида ўз жони ва мол-мулкини тикмаса, унинг иймони комил бўлмас экан. Шунинг учун Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: “Айтинг: Албатта,  намозим,  ибодатларим,  ҳаётмамотим бутун оламларнинг Парвардигори бўлмиш Аллоҳ учундир. У зотнинг биронта шериги йўқдир. Мана шунга (яъни ягона Аллоҳга ихлос-ибодат қилишга) буюрилганман. Ва мен бўйсунгувчиларнинг аввали — пешқадамиман” (Анъом: 162-163). Абу Бакр розияллоҳу анҳу Аллоҳ таолонинг: “(Эй Муҳаммад),  Парвардигорингизнинг йўли — динига донолик, ҳикмат ва чиройли панд-насиҳат билан даъват қилинг! Улар (сиз билан талашиб-тортишадиган кимсалар) билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг Ўзи Унинг йўлидан озган кимсаларни жуда яхши билур ва У зот ҳидоят топгувчи кишиларни ҳам жуда яхши билур” (Наҳл: 125), деган оятининг тирик намунаси эди.

Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даъвати “мақсад амалга ошмагунича тиниб-тинчимаслик” шиорига асосланган бўлиб, умрининг охиригача айни руҳда давом этди. У даъватни бошлаши билан Зубайр ибн Аввом, Усмон ибн Аффон, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Саъд ибн Абу Ваққос, Усмон ибн Мазъун, Абу Убайда ибн Жарроҳ, Абдураҳмон ибн Авф, Абу Салама ибн Абдуласад ҳамда Арқам ибн Абуларқам каби саҳобалар исломни қабул қилдилар. Абу Бакр розияллоҳу анҳу мазкур саҳобаларнинг барчаларини бирма-бир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб келди ва улар у зотнинг ҳузурларида исломни қабул қилдилар. Аллоҳ таоло динни бу саҳобалар билан азиз қилди. Улар сонлари оз бўлишига қарамай, даъватнинг устунлари эдилар. Ислом тарихида ҳали ҳеч ким улардан ўзиб кетиш нари турсин, уларга ета олгани йўқ! Ислом оёққа туриб олганидан кейин одамлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб исломга кира бошлашди. Аллоҳ таоло уларнинг барчаларидан рози бўлсин!

Абу Бакр розияллоҳу анҳу дастлаб даъватни ўз оиласидан бошлади. Қизлари Асмо ва Ойша, ўғли Абдуллоҳ, хотини Умму Рўмон ҳамда хизматкори Омир ибн Фуҳайралар исломни қабул қилишди. Юқорида айтиб ўтганимиздек, Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг чиройли одоб-ахлоқи одамларни даъват қилишда жуда ҳам қўл келди. Бугунги кунимизда ҳам одамларни даъват қиламан деганлар аввало ўзлари мана шу одоб-ахлоққа риоя қилмас эканлар қилган даъватлари кутилган самарани бермайди. Даъватимиз самарали бўлиши учун биз ҳам Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даъват услубидан ўзимизга керакли сабоқлар олишимиз лозим.

(Давоми бор)

[1] “Бидояа ва ниҳоя”, 3/29.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг