Тарк қилинган суннатлар: мисвок ишлатиш

0

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Инсон табиатан тозалик ва хушбўйликка интилади. Шундай бўлсада, Аллоҳ таоло бандаларига раҳмат қилиб, инсонлар наздида одатий саналган бу ишларга улуғ ажру мукофотлар ваъда қилган. Мисвок ишлатиш ҳам шу ишлар жумласидандир. Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мисвок оғизни тозалайди, Парвардигорни рози қилади” (“Муснад”, 24249-ҳадис).

Ислом дини оғиз тозалашга қаттиқ эътибор қаратган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига назар солсак, у киши ҳаётлари давомида, ҳатто ўлим тўшагида ётганларида ҳам мисвокни тарк қилмаганларига гувоҳ бўламиз. Шундан келиб чиқадики, оғиз тозалаш ҳар қандай вақтда мустаҳабдир. Бироқ баъзи ўринларда янада таъкидлироқ бўлади, жумладан:

  1. Уйқудан турганда: Ойша розияллоҳу анҳо шундай дейдилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кечаси уйқудан турганларида оғизларини мисвок билан тозалар эдилар” (Бухорий (889) ривояти).

  2. Таҳорат олишда: бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар умматимга машаққат бўлмаганида, уларни ҳар таҳоратда мисвок ишлатишга буюрган бўлардим” – деганлар (“Муватто”, 115-ҳадис).

  3. Намоздан олдин: бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар умматимга машаққат бўлмаганида, уларни ҳар намоздан олдин мисвок ишлатишга буюрган бўлардим” (Муслим (510) ривояти).

  4. Уйга кирганда: Ойша розияллоҳу анҳодан Шурайҳ ибн Ҳонеъ: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уйга кирсалар, биринчи навбатда нима қилардилар?” – деб сўраганида у киши: “Мисвок ишлатардилар” – дея жавоб берганлар (Муслим (511) ривояти)

  5. Жума куни: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Жума куни ғусл қилиш, мисвок ишлатиш, имкони борича хушбўйлик ишлатиш ҳар бир балоғатга етган кишининг бурчидир” – деганлар (Муслим (1912) ривояти).

  6. Шунингдек, оғизнинг ҳиди ўзгариб кетганида мисвок билан уни тозалаш янада таъкидлироқ бўлади. Зеро, мисвок ишлатишдан кўзда тутилган мақсад оғизни ҳар хил ёқимсиз ҳидлардан тозалашдир.

Оғизни тозалаш учун арок деган дарахтнинг новдасидан қилинган мисвок ёки бугунги кунимизда янги ихтиро қилинган тиш чуткасини ишлатиш мақсадга мувофиқ бўлади. Мисвок ишлатишнинг кўринишига келсак, фуқаҳоларимиз мисвок билан тиш, милк, тил ва оғизнинг тепа қисмларини тозалаш афзал дейишган. Шунингдек, мисвок ишлатишдан олдин уни ювиш ва оғизнинг ўнг тарафидан бошлаш суннатга мувофиқ бўлади. Бу ҳақда Ойша розияллоҳу анҳо шундай деганлар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам мисвокни ювиш учун менга берардилар. Мен уни ўзим ишлатардим. Сўнг уни ювиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга берар эдим” (Абу Довуд (52) ривояти). Бошқа бир ҳадисда эса Ойша розияллоҳу анҳо: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам соч тарашда, оёқ кийим кийишда, покланишда, хуллас, барча ишларда ўнг тарафдан бошлашни маъқул кўрар эдилар” – деганлар (Бухорий (168) ривояти).

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, мисвок ишлатиш фақат эркаклар учун эмас, балки аёллар учун ҳам мустаҳабдир. Кўриб турганингиздек, мисвок ишлатиш ҳақида жуда ҳам кўп ҳадислар келган бўлса-да, биз бу суннатни эътибордан четда қолдиришимиз асло дуруст бўлмайди, оғизнинг ҳидланиб юриши мусулмон кишига умуман ярашмайди. Келинг, аввало, бир суннатни қайта тирилтириш савобига муяссар бўлиш учун, қолаверса, оғиз ҳидлангани боис ён-атрофимиздагиларга, хусусан турмуш ўртоқларимизга зарар бермаслик учун бугундан бошлаб, мисвок ишлатишни ўзимизга одат қилайлик.

Изоҳ қолдиринг