Ғийбат

0

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин! Аллоҳ таоло исломни бирлик ва баробарлик дини қилди. Бу динда оқу қора, арабу ажам ўртасида фарқ йўқ. Бу динда инсоннинг тақвоси унинг мартабасини белгилайди. Бу ҳақда Парвардигори олам шундай марҳамат қилади: “Эй инсонлар, албатта биз сизларни бир эркак ва бир аёлдан (яъни Одам ато ва момо Ҳаводан) яратдик ҳамда бир-бирингизни танишингиз учун сизларни қабила ва миллатларга бўлдик. Албатта Аллоҳнинг ҳузурида энг обрўлиларингиз энг тақводорларингиздир” (Ҳужурот: 13).

Қалбида заррача иймони бор одам тақвога интилиши, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишлардан ҳазар қилиши табиий. Бироқ бизнинг тақводорлигимиз фақат ҳиссий нарсаларга чекланиб қолиши катта хатодир. Айтайлик, сигарет чекишдан ҳазар қиламиз, кашандага нафрат кўзи билан қараймиз. Лекин бировни ғийбат қилиб, унинг гўштини еяётганларни кўрсак, унинг гапларига маҳлиё бўлиб тинглаймиз. Ваҳоланки, ғийбат қилишнинг гуноҳи сигарет чекиш каби ишларнинг гуноҳидан бир неча баробар оғир. Шунчалик оғир гуноҳ жамиятимизда шу даражада кенг тус олдики, усиз йиғинлармиз қизимайдиган бўлиб қолди. Бирга ўтириб, Аллоҳ таолонинг оятлари ёхуд Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатлари ҳақида сўз юритсак, ҳаммамизни уйқу босади, йиғинимиз “кўнгилдагидек” ўтмайди. Мавзу ғийбатга ўтса, ҳамманинг уйқуси қочиб, кайфиятлар аълолашади. Ғийбат қилаётган кишига: “Биродар, бу гапингиз ғийбат бўлади, ғийбат қилиш эса ҳаром” – десангиз: “Нима, энди гапирмайликми?!” – дея жавоб беради. Бизга нима бўлди, ахир?! Шу даражада тубанлашиб кетдикми ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гапларни гапирсин ёхуд сукут сақласин[1] – деган ҳадисларини унутдикми?! Аллоҳ таоло ғийбатнинг ҳаром ва у ғийбат қилинаётган шахснинг мурдасини ейиш билан баробар эканини айтиб, шундай дейди: “Бир-бирингизни ғийбат қилманглар. Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?!  Ана ёмон кўрдингизми?!  (Шундай экан,  гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)!” (Ҳужурот: 12). Тасаввур қилинг, жаноза вақтида бир киши келиб, ўликни емоқчи бўлса, уни бу ишдан қайтармайсизми?! Биз ғийбат қилинганида одамларни бу ишдан қайтармай, сукут сақлашимиз худди шу иш билан баробар.

Ҳеч ўйлаб кўрганмисиз, ғийбат қилиш шуналик катта гуноҳ бўлса-да, нега бу даражада кенг тарқалган? Бунинг жавоби қуйидагича:

  1. Ғийбат аслида қалбдаги ҳасаддан келиб чиқади. Одамлар бировни мақташса, ҳасадгўй дарров унинг айбларини айтишга ошиқади. Инсон кўра олмаган кишисини ғийбат қилиши билан қалби бироз “таскин” топади. Чунки у бу иши билан қалбида беркиниб, уни узоқ вақтлардан буён қийнаб келаётган нафратини маълум миқдорда ташқарига чиқаради ва шу билан “роҳатланади”;

  2. Инсон ўзгаларни ерга уриш билан ўз обрўсини кўтармоқчи бўлади. Одатда бу хислат мутакаббир инсонларда кўп учрайди;

  3. Инсон гоҳида ўйин-кулгу ва ҳазил-мутойиба қилиб, бировларни кулдириш ниятида бошқаларни ғийбат қилиб қўяди;

  4. Бекорчилик ҳам ғийбатга сабаб бўлади. Гоҳида инсон қилишга иш топа олмагани учун ҳам бировларнинг айбини қидира бошлайди;

  5. Бошлиқ ва мудирлар кўзига яхши кўриниш учун баъзан инсон улар ёқтирмаган кишиларни ғийбат қилади ва бу билан улар олдида обрў қозонишга ҳаракат қилади;

  6. Ғийбат жамиятда кенг тус олгани боис инсон ғийбатга қарши чиқиши билан ёру биродарларига, қариндош-уруғларига қарши чиққан бўлади ва бу кўпчиликка маъқул келмайди;

Азиз биродарлар, муҳтарам ака-ука ва опа-сингиллар, бировни ғийбат қилишдан олдин бу ишнинг ҳаром экани, қиёмат кунида барча яқинларимиз олдида биз ғийбат қилган одамлар келиб, ўз ҳақларини ундириб олишларини эслайлик. Анас ибн Молик ривоят қилган ҳадисда келишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Мен меърожга чиққанимда баъзи одамларнинг олдидан ўтдим. Улар мис тирноқлари билан юз ва кўкракларини тирналар эдилар. Шунда мен: “Эй Жаброил, булар ким бўлди?” – деб сўрадим. У эса: “Улар одамларнинг гўштларини еб, обрўларини тўкадиган инсонлар” – дея жавоб берди[2]. Аллоҳ таоло барчамизни бола-чақа, молу дунё фойда бермайдиган кунда шу аҳволга тушиб қолишдан Ўзи сақласин!

[1] Бухорий (6018) ва Муслим (77) ривояти.

[2] Имом Аҳмад (13340) ривояти.

Изоҳ қолдиринг