Усмон розияллоҳу анҳу: Қуръонни ҳаётига татбиқ қилгани (давоми)

0

Усмон розияллоҳу анҳунинг Қуръони Каримни ҳаётига татбиқ қилгани ҳақида сўз юритар эканмиз, унинг ваҳий котиби, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нозил бўлган ваҳийни ёзиб борувчи котибларидан бири бўлганини айтиб ўтиш ўринлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ҳамроҳ ва шогирд бўлган Усмон розияллоҳу анҳу ҳаётдаги йўлини Қуръондан ўрганди. У ўзи ибодат қилаётган маъбуди Аллоҳни яхши танир эди. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларни тарбиялаш жараёнида уларга Парвардигорлари ҳақида тўғри тушунча бериб, У зотнинг бандалар зиммасидаги ҳақларини баён қилиб берардилар. Негаки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу тушунчалар соф қалбли кишиларнинг иймон-эътиқодларини янада зиёда қилишини яхши билардилар.

Усмон розияллоҳу анҳунинг Қуръон оятларидан олган борлиқ, ҳаёт, жаннат ва дўзах, инсон ва шайтон ўртасидаги битмас жанжаллар тўғрисидаги тушунчалари қуйидагича эди:

  • Усмон розияллоҳу анҳунинг коинотнинг яратилиши ҳақидаги тушунчаси қуйидаги оятга асосланган эди: “Айтинг: “Сизлар Ерни икки кунда яратган Зотга кофир бўлиб, Унга шериклар қиласизларми?! Ахир У оламлар Парвардигори-ку?! У зот роппа-роса тўрт кунда ерда тоғларни яратди, ерга барака ато этди ва унинг озуқаларини тақсимлади. (Бу тафсилот) сўровчилар учундир. “Сўнг осмонга қаради, осмон эса тутундан иборат эди. Шунда осмону ерга: “Буйруқларимни хоҳ истаб, хоҳ мажбуран бажаринглар” – деди. Шунда осмону ер: “(Эй Парвардигор), биз сенинг буйруқларингни ихтиёрий равишда бажарамиз” – дейишди. Сўнг икки кунда осмонни етти қат қилди ва ҳар бир осмонга ўз вазифасини юклади. Биз дунё осмонини чироқдек порлоқ юлдузлар билан зийнатладик ва бу юлдузлар билан осмонни қўриқлаймиз. Мана бу Азиз ва Алийм зотнинг ўлчовидир” (Фуссилат: 9-12).

  • Бу дунё ҳар қанча узоқ давом этмасин ўткинчи, охират ҳаёти эса боқийдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай деган: “Дунё ҳаёти (учун қилинган ишлар) ўйин-кулгудан бошқа нарса эмас. Тақво қилувчилар учун охират ҳовлиси яхшидир. Ақл юритмайдиларми?!” (Анъом: 32).

  • Аллоҳ таоло барча нарсадан хабардор, ҳамма нарсани олдиндан билади. Ҳаттоки вужудга келмаган ишлар вужудга келса уларнинг қандай бўлишини ҳам У зот яхши билади. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Ер юзида зарра миқдорича нарса ҳам, ундан катта ёки кичиклари ҳам Раббингиздан махфий бўлмайди. Буларнинг барчаси очиқ китоб (яъни лавҳул маҳфуз)да битилгандир” (Юнус: 61).

  • Аллоҳ таолонинг қудрати чексиз, У зот нимани хоҳласа шу иш бўлади. Бу тушунча қуйидаги оятдан олинган: “Албатта Аллоҳ Алийм ва Қодир зотдир” (Фотир: 44), “Бу Аллоҳ сизларнинг Парвардигорингиздир. Ундан ўзга илоҳ йўқ, Унга ибодат қилинглар. У барча нарсанинг устида вакилдир” (Анъом: 102).

  • Бу дунёда холис қилинган ишлар асло ва асло зое бўлмайди. Зеро, Аллоҳ таоло: “Мўмин бўлиб, солиҳ амаллар қилган эркагу аёлларга покиза ҳаёт ато этамиз ва уларни қилган амалларидан кўра яхши савоблар билан мукофотлаймиз” (Наҳл: 97), дейди.

Бу тушунчалар Усмон розияллоҳу анҳунинг қалбига мустаҳкам ўрнашгани боис бутун ҳаётини исломга бағишлади, исломни тарқатиш йўлида молию жони билан жиҳод қилди, ҳатто ўзидан кейингиларга ибрат ва намуна бўладиган халифалар қаторидан ўрин олди. Иншааллоҳ, Қуръондан олинган бу тушунчалар Усмон розияллоҳу анҳуга ҳаёти давомида қанчалар фойда берганини келгуси мақолаларимизда батафсил баён қиламиз.

 (Давоми бор)

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг