Аёл киши сочини қириб олиши

0

Балоғатга етган хотин-қизлар сочини қириб олишининг ҳукми

Кўпчилик уламоларнинг фикрига кўра, аёл киши сочини бирон заруратсиз қириб олиши Аллоҳ яратган хилқатни бузиш бўлгани боис жоиз эмасдир.

Ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳ бу ҳақда шундай деган: “Аёл киши заруратсиз сочини қириб олиши ҳаромдир” [“Муҳалло” 1907-масала].

Алоуддин Косоний Ҳанафий роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисга биноан аёл киши (ҳаж ва умра ибодатларида) сочини қириб олиши жоиз эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аёл киши (ҳаж ибодатида) сочини қириб олмайди, балки қисқартиради[1]”. Қолаверса, аёл киши сочини қириб олиши Аллоҳ яратган хилқатни бузиш саналади. Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг аёлларидан биронтаси бу ишни қилмаган” [“Бадоиус-саноиъ” 2/141].

Абул Ҳасан Моликий роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Аёл киши сочини қириб олиши макруҳдир. Баъзи уламолар эса ҳаром, дейишган”. Али ибн Аҳмад Адавий роҳимаҳуллоҳ Абул Ҳасаннинг ушбу сўзини изоҳлаб шундай дейди: “Муаллиф, яъни Абул Ҳасан Моликий “Таҳқиқ” номли китобда аёл киши сочини қириб олиши ҳаром, деган фикрга чекланиши, бу фикрнинг мазҳабдаги тўғри ва мўътабар фикр эканини ифодалайди [“Ҳошиятул Адавий” 1/549].

Мансур Баҳутий Ҳанбалий роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Аёл киши сочини қириб олиши Аллоҳ яратган хилқатни бузиш бўлгани боис, ҳаж амалларида уни қиришга эмас, балки қисқартишга буюрилган” [“Кашшофул қаноъ” 2/502].

Ибнул Мунзир роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Уламолар аёл киши ҳаж ва умра ибодатида сочини қириб олмай, балки қисқартириши лозим эканига ижмо қилишган. Бир гуруҳ уламолар аёл киши сочини қириб олиши Аллоҳ яратган хилқатни бузиш ҳисобланади, деган фикр билдиришган” [“Ал-ишроф” 3/359]. Шунингдек, Ибн Абдулбар, Ибн Қудома ва Имом Нававийлар аёл киши ҳаж ва умра ибодатида сочини қириб олмай, балки қисқартириши лозим экани ҳақида уламолар ижмосини нақл қилишган.

Муҳаммад Амин Шинқитий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Аёл киши сочини қириб олиши аслида жоиз бўлганида ҳаж ва умра ибодатларида улар ҳам сочни қириб олишга буюрилган бўлар эди” [“Азвоул баён” 5/188].

Қолаверса, Имом Термизий ва Насоий Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёл киши сочини қириб олишидан қайтарганлар[2]. Имом Термизий роҳимаҳуллоҳ мазкур ҳадиснинг санади заиф эканини баён қилиб, ортидан шундай деган: “Уламолар ушбу ҳадисга амал қилиб келишган. Уларнинг фикрича, аёл киши сочини қириб олиши жоиз бўлмай, балки фақат уни қисқартиришигина жоиз.

Саудия Доимий Фатво қўмитаси уламолари шундай дейди: “Аёл киши бирон зарурат бўлмаса сочини қириб олиши жоиз эмас” [5-жуз, 196-бет. Қўмита аъзолари: Абдуллоҳ Манеъ, Абдураззоқ Афифий ва Абдулазиз ибн Боз].

Иордания умумий фатво идораси шундай фатво беради: “Аёл киши сочини қириб олиши ҳаромдир. Чунки бу иш Аллоҳ яратган хилқатни бузиш ҳисобланади” [2555-сонли фатво. 01.08.2012 йил].

Хулоса қиладиган бўлсак, балоғатга етган хотин-қизлар бирон заруратсиз сочларини қириб олиши жоиз эмас. Зеро, бу иш Шайх Муҳаммад Амин шинқитий айтганидек, аслида жоиз бўлганида ҳаж ва умра ибодатларида уларга ҳам сочни қириб олиш жорий қилинган бўлар эди. Шунингдек, бу иш Аллоҳ таоло яратган хилқатни бузиш, ўзини эркак ёки кофир аёлларга ўхшатиш саналади. Ҳолбуки, буларнинг ҳар бири ҳаром амалдир. Қолаверса, аёл киши ўз эри учун ясан-тусан қилиши ва унга имкон қадар энг гўзал ва латофатли суратда кўринишга буюрилгандир. Маълумки, аёл кишининг сочи унга жозибадорлик ва гўзаллик бағишлайдиган энг гўзал зеб-зийнатлардан биридир. Шу боис шариатимиз аёл кишини ҳаж ва умра ибодатида сочини қиришдан қайтариб, фақат қисқартириш билан кифояланишга буюрган.

Шуни эслатиб ўтиш лозимки, юқорида ўтган ҳукм балоғатга етган хотин-қизларга тааллуқлидир. Аммо балоғатга етмаган ёш қизлар сочини қириб олиши ёки ҳаддан ортиқ қисқартиришини баъзи уламолар макруҳ, деган бўлса, яна бир гуруҳ уламолар жоиз дейишган. Балоғатга етмаган ёш қизнинг сочини қириб олиш ёки ҳаддан ортиқ қисқартиришга бирон ҳожат бўлмаса унга тегмаган афзал, валлоҳу аълам.

 

[1] Абу Довуд (1984) ва Байҳақий (5/104) ривояти. Имом Нававий ва Ибн Ҳажар мазкур ҳадис санадини ҳасан санашган.

[2] Термизий (914) Насоий (5049). Санади заиф.

Изоҳ қолдиринг