Ота-онага оқ бўлиш ҳақида

0

Савол:

Ассалому алайкум раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Бир танишимнинг бир ўғил ва тўрт қизи бор. Ўғли кўп куйдирди, ёши ўттизга бориб қолган, бешинчи марта қамалиши. У бу йил турмадан чиқаркан. Шу йигитни қамалишидан олдин бир айби учун отаси оқ қилиб юборганди. Воқеа кўз ўнгимда содир бўлган, 5-6 кундан кейин милитсияда, деб эшитдик, хуллас қамалганди. Энди нима бўлади, у чиқса, шу уйга келади-ку? Ота-онаси билан бирга яшаса бўлаверадими, ота-она боласини кечириб, у билан бирга яшашига рухсат борми?

 (Савол матни ўзгартирилмасдан келтирилди)

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ!

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз, у кишининг аҳли оиласи, саҳобалар ва уларга эргашган солиҳ инсонларга салавот ва саломлар бўлсин!

Аввало, ота-онага оқ бўлиш нима экани ва унинг асл моҳиятини яхши англаб етишимиз лозим. Оқ бўлиш араб тилидаги “уқуқ” сўзидан олинган бўлиб, бир нарсани узиш, ёриш ёки синдириш маъноларини англатади. Шариатимизда эса ота-онага азият берадиган ҳар қандай иш ёки сўзга оқ бўлиш деб айтилади.

Албатта, ота-онага оқ бўлиш гуноҳи кабиралардан саналади. Шариатимиз ота-онага яхшилик қилиш ҳамда уларни доим ҳурмат-эҳтиром қилишга буюрган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Ота-онангизга яхшилик қилингиз!” [Нисо: 36].

Бошқа бир оятда эса уларга қандай муносабатда бўлишимиз кераклиги баён қилиниб шундай дейилади: “Парвардигорингиз ёлғиз Унинг Ўзига ибодат қилишингиз ҳамда ота-онага яхшилик қилишингизни амр этди. Агар уларнинг (яъни ота-онангдан) бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар,  уларга қараб уф тортма ва уларнинг (сўзларини) қайтарма! Уларга (доимо) яхши сўз айт, меҳрибонлик билан гўзал муомалада бўл ва Парвардигорим, мени (улар) гўдаклик чоғимдан тарбиялаб-ўстирганларидек, сен ҳам уларга раҳм-шафқат қилгин, деб (ҳақларига дуо қил)!” [Исро: 23-24].

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобаларга: “Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг катталарини айтиб берайми?”, деб уч бор айтдилар. Улар: “Ҳа, ё Расулуллоҳ”, деганларида у зот шундай дедилар: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, деб, ёнбошлаб ўтирган эдилар, сўнг ўтириб олдиларда:Билиб қўйинг, ёлғон сўзлаш ва ёлғон гувоҳлик бериш”, дея ушбу сўзларни қайта-қайта айтавердилар, ҳатто биз кошки у зот жим бўлсалар эди, деб қолдик”  [Бухорий (2654) ва Муслим (143)].

 Бизнинг диёрда ота ёки она ўз фарзандига “сени оқ қилдим!”, “оқпадар”, “сендай ўғлим йўқ” ва ҳоказо сўзларни айтса, гўё ота-она билан фарзанд ўртасидаги ришта қайтиб боғланмайдиган даражада узилиши тушунилади. Албатта, ота-онани бундай сўзларни айтадиган ҳолатгача олиб бориш гуноҳи кабира бўлган оқ бўлиш ҳисобланади. Бироқ бундан ота-она билан фарзанд ўртасидаги ришта узилиб, улар бир бирларига етти ёт бегонага айланади, деган тушунчага бориш нотўғри. Зеро, фарзанд бу иши билан катта гуноҳга қўл урган бўлса-да, бироқ улар ўртасидаги ота-она ва фарзандлик ришталари узилмайди. Қолаверса, фарзанд ота-онасига азият берадиган бирон сўз айтса ёки иш қилса, ота-она “оқ қилдим”, деб айтмаса ҳам оқ бўлган саналади. Зеро, шариатимизда оқ бўлиш деганда нима назарда тутилишини юқорида баён қилиб ўтдик. Шу боис, ҳар бир инсон ота-онасига яхши муносабатда бўлиши ҳамда уларни ранжитадиган сўз айтмаслиги ёки улар ёқтирмайдиган бирон иш қилмаслиги лозим.

Ота ёки она ўз фарзандини кечирса, албатта, бу уларнинг ҳаққи бўлиб, Аллоҳ таоло ҳам уни кечиради. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Мен тавба қилган ҳамда иймон келтириб яхши амаллар қилган, сўнгра тўғри йўлга юрган кишиларни мағфират қилгувчидирман” [Тоҳа: 82].

Бошқа оятда шундай дейди: “Ким бирон бир ёмон иш қилса ёки ўз жонига жабр қилса, сўнгра Аллоҳдан мағфират сўраса, Аллоҳни мағфират қилгувчи ва меҳрибон эканини кўрар” [Нисо: 110].

Шунга биноан, ота-она ўз фарзандини кечириб, бирга яшашга рухсат берса, нафақат улар бирга яшашлари жоиз, балки бу шариатимиз тарғиб қилган амаллардандир. Негаки, фарзанд ота-онаси билан бирга яшар экан, уларнинг хизматида бўлади ва шу орқали улкан ажр-савоб ва ризқида барака бўлишига эришади, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг