Иккинчи ҳадис: (8) илоҳий китобларга иймон келтириш

0

китобларига…иймон келтиришингдир”:

Китоблардан мақсад Аллоҳ таоло пайғамбарларига нозил қилган китоблардир. Зеро, Аллоҳ таоло ҳар бир пайғамбарга китоб нозил қилди. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: “Одамлар бир уммат эдилар. Сўнг (ораларида келишмовчиликлар пайдо бўлгач), Аллоҳ (мўминларга) хушхабар элтгувчи ва (кофирларни жаҳаннам азобидан) қўрқитувчи пайғамбарларни юборди ва уларга қўшиб одамлар орасида чиққан тортишувларга ҳакам бўлсин,  деб ҳақ китобларни нозил қилди” [Бақара: 213]. Шунингдек, Аллоҳ таоло Нуҳ ва Иброҳим алайҳимуссаломлар тўғрисида шундай дейди: “Қасамки, Биз Нуҳ ва Иброҳимни пайғамбар қилиб юбордик ҳамда пайғамбарлик ва китобларни (яъни Таврот, Инжил, Забур ва Қуръонни) ҳам икковининг зурриётларига (ато) қилдик” [Ҳадид: 26]. Шуни билиш лозимки, собиқ илоҳий китобларнинг барчаси улар устидан ҳукмрон бўлган Қуръони Карим билан мансух, яъни бекор қилинган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: “Сизга эса (эй Муҳаммад), ўзидан олдинги китобларни тасдиқлагувчи ва улар устидан гувоҳ ва ҳукмрон бўлган бу китобни ҳақ билан нозил қилдик” [Моида: 48]. Демак барча илоҳий китоблар Қуръон билан насх қилинган бўлиб, шариатимизда уларга амал қилинмайди.

Уламолар (Аллоҳ уларни раҳмат қилсин) бизлардан олдинги умматларнинг шариатида собит бўлган ҳукмлар хусусида, яъни бу ҳукмлар бизларга ҳам тегишли бўладими ёки йўқлиги хусусида ихтилофлашганлар. Чунки собиқ умматларга нозил қилинган шариатлар уч қисмга бўлинади:

  1. Ислом шариатига мувофиқ шариатлар;

  2. Ислом шариатига тескари шариатлар;

  3. Ислом шариатига мувофиқ ҳам, тескари ҳам бўлмаган, балки исломда улар ҳақида бирон нарса дейилмаган шариатлар.

Биринчи тур, яъни ислом шариатига мувофиқ собиқ шариатларга келсак, албатта бундай шариатлар ҳақ эканига уламолар ижмо қилишган. Бундай аҳкомларга эргашишимизга сабаб унинг собиқ илоҳий китобларда келгани учун эмас, балки шариатимизга мувофиқлигидир.

Шунингдек, иккинчи тур шариатлар ислом шариатига тескари бўлгани боис уларга амал қилмасликка уламолар иттифоқ қилганлар. Негаки, бундай аҳкомлар насх – бекор қилингандир. Бу турга Бани Исроил, хусусан яҳудларга туя гўшти ейиш ҳаромлигини мисол қилиш мумкин. Бу ҳукм ислом шариатига зид бўлгани боис унга амал қилинмайди.

 Энди учинчи тур, яъни ислом шариатига мувофиқ ҳам, тескари ҳам бўлмаган, балки исломда улар ҳақида бирон нарса дейилмаган аҳкомларга келсак, бу хусусда уламолар ихтилофлашганлар. Баъзи уламолар бу аҳкомлар бизга ҳам шариат бўлади, десалар, бошқа бир жамоат уламолар бу аҳкомлар бизга тегишли эмас, дейдилар. Ҳар икки гуруҳнинг ўзига яраша далиллари мавжуд бўлиб, бу масалага оид тафсилотлар “усулул фиқҳ” илмида зикр қилинади.

Илоҳий китобларга иймон келтириш тўрт нарсани ўз ичига олади:

Биринчидан: Аллоҳ таоло пайғамбарларга Ўзи томонидан китоблар нозил қилганига иймон келтирамиз. Бироқ бу ҳозирда аҳли китобларнинг қўлида мавжуд китоблар айнан Аллоҳ нозил қилган китоблар эканини ифода этмайди. Негаки, бу китоблар улар томонидан ўзгартириб юборилган. Балки пайғамбарларга нозил қилинган китобларнинг Аллоҳ томонидан нозил қилинган ҳақ китоблар эканига иймон келтирамиз.

Иккинчидан: бу китоблардаги, айниқса Қуръони Карим ёки ўзгартирилмаган олдинги китоблардаги хабарларнинг тўғри ва ҳақиқат эканига иймон келтирамиз.

Учинчидан: “модомики ислом шариатига тескари келмас экан, олдинги умматларнинг шариати бизга ҳам тегишлидир”, деган фикрга кўра, бу китоблардаги аҳкомларга иймон келтирамиз.

Тўртинчидан: бу китоблардан Қуръон, Таврот, Инжил, Забур, Иброҳим ва Мусо алайҳиссаломларнинг саҳифалари каби номлари маълум бўлганларига батафсил иймон келтирамиз.

Борди-ю, бир инсон “мен Таврот исмли илоҳий китоб борлигига ишонмайман”, деса кофир бўлади. Зеро, Аллоҳга иймон келтириш Унинг китобларига ҳам иймон келтиришни ўз ичига олади.

Изоҳ қолдиринг