Шариат олишга ҳам, олмасликка ҳам буюрмаган туклар

0

Инсон баданининг қўл, оёқ, кўкрак, қулоқ ва буруннинг ичи каби жойларида ўсувчи туклар ҳақида шариатимиз томонидан уларни олиш ёки олмаслик хусусида бирон ҳукм айтилмаган. Шу боис уламолар ижтиҳодларидан келиб чиқиб, бу борадаги ўз фикрларини билдиришган.

Ҳанафий мазҳабига оид “Фатово ҳиндийя” (5/358) китобида шундай дейилади: ““Ғароиб” номли китобда айтилишича, лаб остида ўсадиган тукларни юлиш бидъатдир. Бурундаги тукларни юлиб бўлмайди. Чунки бу қичима касаллигини келтириб чиқаради. Шунингдек, “Қуня” китобида айтилишича, кўкрак ва елкадаги тукларни қириш одобга зиддир”.

Абул Ҳасан Адавий Моликий роҳимаҳуллоҳ шундай деган: “Эркак киши баданининг олд авратидан бошқа қўл, оёқ ва шу каби аъзоларидаги, ҳатто орқа аврат атрофида ўсувчи тукларни ҳам олса бўлади. Аёл кишининг баданида соқол каби унинг ҳусни жамолига путур етказадиган туклар ўсиб чиқса, уларни олиш вожибдир. Шунингдек, ўсиши  аёл кишининг ҳуснига ҳусн қўшадиган тукларга тегмаслиги вожибдир. Шу боис аёл киши сочини қириб олиши ҳаром қилинган” [“Ҳошиятул Адавий”, 2/444].

“Қувайт фиқҳ қомуси” да уламолар шундай дейдилар: “Кўпчилик фуқаҳолар аёл кишида соқол ёки мўйлов пайдо бўлса ёки лаби остидан туклар усиб чиқса, уларни қириб олса бўлади, деган фикрни айтишган. Моликий мазҳаби уламолари эса аёл кишида бундай туклар ўсиб чиқса, уларни олиш вожиб бўлади, дейишган.

 Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Аёл киши гарчи эри ёки ундан бошқаси учун зийнатланиш мақсадида мўйлов, соқол ёки лаб остидаги тукларини қириб олиши, шунингдек, асл хилқатидан бўлган бирон нарсани ўстириш ёки қисқартириш орқали ўз хилқатини ўзгартириши жоиз эмас. Чунки бу ишларнинг барчаси Аллоҳ яратган хилқатни бузиш ҳамда шариат қайтарган ишдан ҳатлаб ўтиш саналади”.

Моликий мазҳаби уламоларининг фикрича, аёл киши шариат олишга ҳам, олмасликка ҳам буюрмаган қўл, оёқ ва баданининг қолган жойларида одатдан ташқари ўсиб кетган тукларни олиши вожибдир.

Аммо эркак киши эса, баданидаги шариат олишга ҳам, олмасликка ҳам буюрмаган тукларни олиши мубоҳ, яъни жоиздир. Баъзи уламолар: “Бундай тукларни олиш суннат”, дейишган. Шофеий ва ҳанбалий мазҳаби уламоларининг бу масалада айтган сўзларини учратмадик” [“Қувайт фиқҳ қомуси” 18/100].

 “Саудия доимий фатво қўмитаси” (5/194) уламолари шундай фатво берганлар: “Аёл кишида мўйлов пайдо бўлса уни олиши жоиздир. Шунингдек, сон, болдир ва қўлидаги тукларни ҳам олиши жоиз”. Бошқа бир фатвода шундай деганлар (5/194): “Аёл киши сочи ва қошидан ташқари баданидаги бошқа барча тукларни олиши жоиз”.

Абдураҳмон Жазийрий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Шофеий мазҳаби уламолари шундай дейишган: “Бурундаги тукларни юлиш макруҳдир. Бироқ бу туклар ҳаддан ташқари ўсиб кетса, уни қисқартириш суннат саналади. Чунки бурун ичидаги тукларни юлмасликда тиббий манфаат бор.

Моликий мазҳаби уламолари шундай дейди: “Инсон баданининг кўкрак, қўл, думба ва орқа аврат каби жойларидаги тукларни олиш мубоҳдир” [“Ал-фиқҳ ало мазоҳибул арбаъ” 2/44].

Хулоса қиладиган бўлсак, аёл киши баданининг соч ва юзидан бошқа барча жойларидаги тукларни олиши жоиз, бироқ бу туклар ўта майин ва кўзга ташланмайдиган бўлса олмагани афзал.

Эркак киши баданининг – шариатимиз томонидан олиш ёки олмаслик ҳақида бирон ҳукм айтилмаган тукларни бирон зарурат бўлмаса олмагани афзал.

Шуни алоҳида таъкидлаб ўтишимиз лозимки, бурун ичида ўсувчи тукларни юлмасдан қисқартириб туриш лозим. Зеро, мазкур тукларни юлиш инсон соғлигига зарарлидир.

Бу ўринда Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ айтган сўзни айтиб ўтиш мақсадга мувофиқдир.

Ибн Усаймин роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Инсон Аллоҳ таоло уни яратган асл хилқатда қолиши, танасидаги бирон нарсани ўзгартирмагани афзалдир. Албатта, бундан қўлтиқ, аврат ва тирноқ каби олишга буюрилган туклар мустаснодир. Шу боис, шариат олишга буюрмаган тукларга тегмасдан ўз ҳолича қолдириш афзал. Бироқ икки қўл ва оёқдаги туклар ҳаддан ташқари қуюқ ва узун ҳамда кишига ноқулайлик туғдирадиган даражада бўлса, у ҳолда бу тукларни олиш жоиз бўлади” [“Фатово нурун алад-дарб” 2/22], валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг