Қамоқдаги эридан талоқ сўраш жоизми?

0

Савол:

Ассалому алайкум! Мени бир дугонам турмушга чиқиб, фарзандли бўлган эди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай унинг эри қамалиб қолди. Мана эри қамалганига икки йил бўлдики, дугонам ҳали ҳам эри билан кўришгани йўқ. Эри билан гаплашишнинг иложи бўлмаяпти, ҳатто эрининг қариндошлари ҳам унинг олдига киргани қўрқишаётган экан. Дугонам ёлғиз ўзи боласи билан қолган. Унинг турмушга чиқиш нияти бор. Шундай ҳолатларда эридан талоқ сўраши жоизми? Олдиндан раҳмат.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳ! Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин! Аввало, Аллоҳ таолодан дин йўлида қамалиб қолган биродарларимизга нажот, уларнинг оилаларига эса сабр тилаймиз.

Дарҳақиқат, саволда айтилган ҳолатларда аёл эридан талоғини талаб қилиши шариатга хилоф эмас. Талоғини талаб қилган аёл жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламаслиги ҳақидаги ҳадислар ҳеч бир асос – сабабсиз талоғини сўраган аёлларга тааллуқлидир. Шунингдек, эр аёлини талоқ қилиши учун буни аёл ўз қулоғи билан эшитиши ёки қариндошлар гувоҳлигида бўлиши шарт эмас. Саволда айтилган ҳолатда талоқни ҳеч бўлмаганда эрнинг олдига кираётган адвокат орқали сўратиш ҳам мумкин. Агар эрининг олдига киришнинг умуман иложи бўлмаса, унда қариндошлардан бири кира оладиган ҳолат кутилади. Бундан бошқа йўл билан талоқ олишнинг имкони йўқ. Чунки бугунги кунимизда исломий қозихоналар йўқ. Агар шунақа қозихоналар бўлганида, у ердаги қозилар эрнинг номидан аёлга талоқ бериш ҳуқуқига эга бўлар эдилар, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг