Тарк қилинган суннатлар: намозда сафни тўғрилаш

0

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримизга салавот ва саломлар бўлсин!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Сафларингизни тўғриланглар, зеро сафни тўғрилаш намозни тўлиқ адо этиш туркумидандир” (Муттафақун алайҳ).

Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ё сафларингизни тўғрилайсизлар ёки Аллоҳ таоло юзларингизни бир-бирига тескари қилиб қўяди” (Муттафақун алайҳ).

Бушайр ибн Ясордан ривоят қилинишича, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу Мадинага келганларида у кишидан: “Мадинада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларидаги ҳолатдан нима ўзгаришларни сездингиз?” – деб сўрашди. Шунда у киши: “Ҳеч ўзгариш сезмадим. Фақат сафларни тўғриламас экансизлар” – деб жавоб бердилар (Бухорий (724) ривояти).

Аксар мусулмонлар намоз ўқишда сафнинг тўғри бўлишига аҳамият бермайдилар. Ваҳоланки, бир неча ҳадисларда сафнинг тўғри бўлиши жуда ҳам муҳим эканлиги ва унинг жамиятда мусулмонлар бирлигини сақлашда тутган ўрни ҳақида такрор ва такрор айтилган. Ҳатто Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозни бошлашдан олдин шу мавзуга алоҳида тўхталиб ўтиб, баъзан бу ишга саҳобаларни қизиқтирсалар, баъзан эса бу ишга беэътибор бўлиш оқибатларини айтиб, уларни огоҳлантирар эдилар.

Биз моддий сабабларни маҳкам тутамиз, унга риоя қилмаган киши бизнинг назаримизда калтафаҳм ҳисобланади. Масалан, олов ёндиради, сув оловни ўчиради, биз бу нарсаларни яхши биламиз. Лекин минг афсуслар бўлсинки, Аллоҳ таоло бизга баён қилган шаръий сабабларга беэътибор қараймиз. Шулардан бири намозда сафни тўғрилаш. Намозда сафни тўғриламаслик юқоридаги ҳадисда айтилганидек, одамлар ўртасида бирликнинг ёқолишига сабаб бўлади. Оловнинг ёндириши қанчалик ҳақиқат бўлса, бу ҳам худди шунчалик ҳақиқатдир. Бизнинг намозда сафни тўғриламасдан уммат ўртасидаги тарқоқликка қарши курашишимиз худдики олов ичида турган ўтинни ёнмаслигига қарши курашишимиз кабидир. Ҳар қанча ҳаракат қилсак ҳам, оловни ўчирмаган ҳолда ўтинни ёнишдан қутқара олмаганимиздек, намозда сафларни тўғриламаган ҳолда умматни бирлаштира олмаймиз.

Жобир ибн Самура розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Сизлар худди фаришталар Парвардигорлари ҳузурида саф тортгандек саф тортсангизлар бўлмайдими?!”. Шунда саҳобалар: “Фаришталар Парвардигорларининг ҳузурида қандай саф тортишади?” – дея сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Биринчи сафни тўлдирадилар ва сафда тиқилиб турадилар” – дея жавоб бердилар (Муслим (119) ривояти).

Келинг, азизлар! Бу суннатни ҳам ҳаётимизга татбиқ қилиб, қолганларни ҳам шунга тарғиб қилайлик, фарзандларимизга ҳам ўргатайлик, одамлар ўртасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг яна бир суннатларини тирилтириб, уммат бирлашишига ўз ҳиссамизни қўшайлик.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг