Аёл киши автомобил ҳайдаши жоизми?

0

Савол:

Аёл киши автомобил ҳайдаши жоизми?

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Аслида аёл киши бошқа уловларга миниши жоиз бўлганидек, автомобил ҳайдаши ҳам жоиз. Чунки аёлларнинг улов минишлари ҳаром эканига далил қилиб келтирилган ҳадисларнинг баъзиси тўқима, қолганлари эса заифдир. Жумладан, “От минган аёллар лаънатланган” ҳадиси асли йўқ, тўқима ҳадисдир. Бу ҳадис ҳақида Аллома Мулло Али Қорий роҳимаҳуллоҳ “Ал-асрорул марфуаҳ фил-ахборил мавзуаҳ” китобида: “Бу ҳадиснинг асли йўқ” – деган. Бу борада далил қилинган ҳадислардан яна бири қуйидаги ҳадис: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Мени ҳақ дин билан Пайғамбар қилиб юборган Зотга қасамки, қиёмат қоим бўлишидан олдин баъзи одамларни ер ютади, баъзилари бошқа ҳайвонларга айлантириб қўйилади, баъзиларининг устига осмондан тош ёғади”. Шунда мен: “Бу қачон бўлади, ё Расулуллоҳ?” – деб сўрадим. Расули Акрам жавоб бердилар: “Аёллар от минишса, мусиқа кенг тарқалса, ёлғон гувоҳлик бериш кенг тус олса, ароқлар ошкора ичилса, намозхонлар мушрикларнинг идишларида, яъни тилла ва кумуш идишларда ичишса, аёллар аёллар билан, эркаклар эркаклар билан бўлиб, эркак аёлдан беҳожат бўлса. Агар шу ишлар содир бўлганини кўрсанглар, у ердан қочинглар ва осмондан тош ёғишига тайёр туринглар” (Табароний “Авсат”да (5061), Ҳоким “Мустадрак”да (8349), Байҳақий “Шуабул иймон”да (5083), барчалари Сулаймон ибн Довуддан ривоят қилишган. Сулаймон ибн Довуд ҳақида имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ: “Унинг ҳадиси мункар” – деганлар. Биз биламизки, агар имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ: “Агар мен бировни “унинг ҳадиси мункар” десам, унинг ҳадисларини ривоят қилиш ҳаромдир” – деганлар. Сулаймон ибн Довудни Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ бир ўринда заиф, бошқа бир ўринда эса матрук деганлар). Аёллар уловларга миниши жоиз эканига Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзлари далил бўлади: “Туя минган аёлларнинг энг яхшиси Қурайш аёлларидир” (Бухорий (5365) ва Муслим (2527) ривояти). Агар туя миниш аёлларга ҳаром бўлганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу иш билан аёлларни мақтамаган бўлардилар.

Шунга кўра, модомики маҳрамсиз сафарга чиқиш, номаҳрам эркаклар билан ёлғиз қолиш каби ношаръий бирон иш ёки ҳолатларга дуч келишига олиб бормаса, у ҳолда аёл кишининг автомобил ҳайдаши аслида жоиздир. Эслатиб ўтиш лозимки, аёл кишининг автомобил ҳайдаши аслида жоиз бўлса-да, бироқ бу ҳукм шу ишнинг ортидан келиб чиқадиган манфаат ва зарарлар ўртасини таққослашга, шунингдек, жамиятларнинг ҳолати ҳамда замон ва маконга қараб ўзгариши мумкин. Умумий ҳолатда манфаат ва зарарлар солиштирилганда ҳозирги даврда ва умуман аёл кишининг автомобил ҳайдаши яхши оқибатларга олиб бормайди. Чунки ҳайдовчилик хотин кишининг турли ношаръий ҳолатларга тушишига сабаб бўлади. Масалан, тафтиш постларида, йўл ҳаракати қоидаларини бузган ёки автомобил ҳодисалари юз берган пайтларда ҳамда ДАН ходимлари олдида, баллонларни дамлаш ёки йўлда автомобил бузилган чоғда таъмирчи гуруҳ келишини кутиб турган ҳолатларда хотин кишининг ҳоли нима кечади?! Бироқ аёлнинг пиёда юриши унинг соғлигига зарарли бўлса, эри автомобил бошқара олмайдиган касал бўлиб, эридан бошқа автомобил бошқарадиган маҳрамлари бўлмаса ёки боқувчиси йўқ, рўзғор тебратиши учун автомобил ҳайдашга зарурат туғилган кезда аёл кишининг автомобил бошқариши жоиздир. Бироқ автомобил ҳайдашга ҳеч қандай эҳтиёжи бўлмаса-да, ўзини кўрсатиш ёки мақтаниш учун автомобил миниш жоиз эмас эканида ҳеч қандай хилоф йўқ, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг