Аллоҳнинг исм ва сифатлари: Бореъ исмининг маъноси

0

Аллоҳ таолонинг “Бореъ” исми араб тилидаги “қутулди”, “воз кечди”, “узри йўқ эканини айтиб огоҳлантирди” маъноларини ифодалайдиган “бариа” феълидан олинган. Бу исм Қуръони Каримда уч ўринда келган:

1)     “У Аллоҳ Холиқ, Бореъ ва Мусаввирдир” (Ҳашр: 24).

2-3) “Бореъга – сизларни яратган зотга тавба қилинглар, ўзингизни қатл қилинглар. Мана шу ишингиз Бореъ – сизларни яратган зотнинг наздида ўзингиз учун яхшидир” (Мўъминун: 14) (Бу оятнинг маъноси тавба қилиш учун инсон ўз жонига қасд қилиши керак, дегани эмас, албатта. Бу оятда Мусо алайҳиссалом йўқликларида бузоққа ибодат қилганларга берилган жазо ҳақида сўз юритилмоқда).

Ибн Жарир роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бореъ – борлиқни яратган, уни ўз қудрати ила йўқдан пайдо қилган зот дегани”[1].

Хаттобий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бореъ Холиқ маъносини ифодалайди. Бироқ бу сўз Холиқ сўзига қараганда кўпроқ жонзотларга нисбатан ишлатилади. Осмону ерлар ҳамда тоғлар каби жонсиз нарсаларни яратиш хусусида сўз борар экан Бореъ сўзи кам қўлланилади”[2].

Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Халқ” режалаштириш, “буръ” эса режалаштирилган нарсани амалга ошириш демакдир. Аллоҳдан бошқаси ҳамма режалаштирган ишларини амалга ошира ололмайди”[3].

Ҳалимий роҳимаҳуллой айтадилар: “Бу исмнинг икки хил маъноси бор:

Бири – Ўз илмидаги мавжудотларни пайдо қилувчи. Бу маънога қуйидаги оят далолат қилади: “Ерга ёки ўзингизга нима мусибат етмасин, биз уни пайдо қилишимиздан олдин у лавҳул маҳфузда битилган бўлади” (Ҳадид: 22)…

Иккинчиси – Бореъ исмидан “мавжудотларнинг аслини яратувчи” маъноси назарда тутилади, яъни У зот сув, тупроқ, олов ҳамда  ҳавони йўқдан пайдо қилган. Сўнгра қолган мавжудотларни ушбу тўрт унсурдан яратган. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди: “Биз барча жонзотларни сувдан яратдик” (Анбиё: 30), “Мен лойдан инсон яратурман” (Сод: 71), “Аллоҳнинг мўъжизаларидан бири – У сизларни тупроқдан яратди” (Рум: 20), “У зот инсонни сополдек қотган лойдан яратди. Жинни эса оловнинг тутунсиз алангасидан яратди” (Раҳмон: 14-15)…”[4].

Демак, Аллоҳ таолонинг Бореъ исмининг маъноларини қуйидагича хулоса қилишимиз мумкин:

1)    Бореъ – пайдо қилувчи ва яратувчи маъноларида бўлиб, бу исм Аллоҳ таолонинг Холиқ исмига маънодошдир;

2)    Бореъ – мавжудотларни бирини бошқасидан ажратувчи, яъни турлича қилиб қўйган зот маъносини билдиради;

3)    Бореъ – инсонни тупроқдан яратган зот дегани. Шунга кўра бу исм арабча “буръ” (яратиш) сўзидан эмас, балки тупроқ маъносида “баро” сўзидан олингандир.

[1] “Тафсири Ибн Жарир” (28/37).

[2] “Тафсирул асмо” (27-бет).

[3] “Тафсру Ибн Касир” (4/343).

[4] “Минҳож” 1/192-193.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг