Ёмон ишлардан қайтармаган намознинг қазоси ўқиладими?

0

Савол:

Ассалому алайкум! Ёшим йигирмада, балоғатга етишим билан намоз ўқишни бошлаганман. Лекин шу йиллар давомида намозга беэътибор бўлган пайтларим ҳам бўлган. Намоз фаҳш ва мункардан кайтаради, дейилган. Шу йилларда кўп гуноҳлар қилганман. Шу ўқиган намозларим фаҳш ва мункардан қайтармагани сабабли қазосини ўқийманми? Қилаётган хизматларингизни Аллоҳнинг Ўзи давомли қилсин.

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Намозхон одам доим Аллоҳни эслаб юргани учун гуноҳ ишларга қўл уришга иймони йўл қўймайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло “Намоз фаҳш ва мункар ишлардан қайтаради” – деган (Анкабут: 45). Бироқ фаҳш ва мункар ишлардан қайтариш намознинг дуруст бўлиш шартларидан эмас. Балки, бу намознинг бўлажак самараларидан саналади. Бунга далил қуйидаги ҳадисдир:

Ибн Ҳиббон ўзининг “Саҳиҳ”ида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Фалончи кечаси намоз ўқийди, кундузи ўғрилик қилади” – дейишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Намоз уни ҳадемай бу ишлардан тийиб қўяди” – деб жавоб берганлар (“Саҳиҳи Ибн Ҳиббон” 2560-ҳадис). Бироқ имом Табароний ривоят қилган “Кимни ўқиган намози фаҳш ва мункар ишлардан қайтармаса, унинг намози намоз эмас” ҳадиси санади жиҳатидан заиф, матн-мазмуни жиҳатидан эса юқоридаги ҳадисга зид келгани сабабли мункардир.

Демак, шу йиллар давомида ўқиган намозингиз сизни фаҳш ва мункар ишлардан қайтармагани учун бу намозларнинг қазосини ўқимайсиз. Қолаверса, шу йиллар давомида ўқиган намозингиз сизни фаҳш ишлардан қайтармади, дейиш нотўғри. Чунки орадан вақт ўтиб, қилган гуноҳларингизга пушаймон бўлишингизнинг ўзи ҳам ўша вақтда ўқиган намозларингизнинг самараси ҳисобланади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг