“Тасбеҳлар намози” ҳақида

0

Савол:

“Тасбеҳлар намози” ҳақида тўлиқроқ маълумот берсангиз. Бу намоз ҳақида қуйидаги ҳадислар келган экан:

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аббос ибн Абдулмутталибга: “Эй, Аббос! Эй, амаки! Сенга ато берайми? Сенга марҳамат қилайми? Сенга лутф кўрсатайми? Сени ўнта хислатли қилиб қўяйми? Қачон сен ўшаларни қилсанг, Аллоҳ сени гуноҳингни: аввалгиси-ю охиргисини, қадимгиси-ю янгисини, хатоси-ю, қасддан қилинганини, каттаси-ю кичигини, сирини-ю ошкорини мағфират қилади. Ўша ўн хислат – тўрт ракаат намоз ўқимоғинг. Ҳар ракаатда Фотиҳаи Китобни ва бир сура ўқийсан. Қачон биринчи ракаатда қироатдан фориғ бўлсанг, тик турган ҳолингда: “Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи валаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар”, деб ўн беш марта айтасан. Сўнг рукуъ қиласан ва рукуъда турган ҳолингда уларни ўн марта айтасан. Кейин саждага йиқиласан ва уларни сажда қилган ҳолингда ўн марта айтасан. Сўнг бошингни саждадан кўтариб, яна уларни ўн марта айтасан. Кейин сажда қилиб яна ўн марта айтасан. Сўнг саждадан бош кўтариб уларни ўн марта айтасан. Ана ўша бир ракаатда етмиш бештадир. Буни тўрт ракаатда ҳам қиласан. Агар, бу намозни ҳар куни ўқий олсанг, қил. Агар қила олмасанг, ҳар жумада бир марта, агар уни ҳам қила олмасанг, ҳар ойда бир марта, агар уни ҳам қила олмасанг, ҳар йили бир марта, агар уни ҳам қила олмасанг, умрингда бир марта қил”, дедилар”.

Бошқа бир ривоятда: “Агар сен ер аҳлининг энг катта гуноҳкори бўлсанг ҳам, албатта, бу намоз сабаб гуноҳларинг мағфират қилинур”, деган жумла зиёда қилинган (Абу Довуд ривояти).

Термизийнинг иборасида: “Агар гуноҳларинг қум тепалигидаги қум зарралари мислича бўлса ҳам, Аллоҳ уларни сендан мағфират қилади”, дейилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадисни Абу Довуд ва Термизийдан бошқа, Ибн Можа, Байҳақий, Ибн Хузайма, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Ибн Муборак, Табароний, Хатиб Бағдодий, Ожурий, Абу Саид Самъоний ва Абу Мусо Мананий ва Имом Бухорий “Жузъул Қуръон”да ривоят қилган.

Ибн Абу Сайф Яманий “Ал-ламъа фи рағоиби явмил Жумуа” китобида Термизийнинг қуйидаги гапларини келтиради: “Тасбеҳлар намозини Жума куни завол пайтида ўқимоқ мустаҳабдир. Биринчи ракаатда “Фотиҳа”дан кейин “Такосур”ни ўқийди, иккинчисида “Вал-аср”ни, учинчисида “Кофирун”ни, тўртинчисида “Ихлос”ни ўқийди”, дея, охирида ўқиладиган қўшимча дуони ҳам келтирган.

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

“Тасбеҳлар намози”нинг ҳукми ҳақида уламоларнинг икки хил фикрлари бор: баъзилар уни мустаҳаб дейишса, баъзилар бидъат дейишган. Бу ихтилофнинг сабаби шу намоз ҳақида ривоят қилинган юқоридаги ҳадисларнинг саҳиҳ ёки заифлигига бориб тақалади, яъни бу ҳадисларни саҳиҳ деганлар “тасбеҳлар намози”ни мустаҳаб дейишса, уларни заиф деган уламолар эса бу намозни бидъат дейишади.

Бу ҳадисларни Ибн Ҳажар, Ибн Ҳиббон, замондош олимлардан шайх Албоний каби уламолар саҳиҳ дейишган. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал, Нававий, Ибн Жавзий ҳамда Ибн Таймия каби уламолар эса бу ҳадисларни заиф дейишган.

“Тасбеҳлар намози”нинг ўқилиш тартиби юқоридаги Ибн Аббос розияллоҳу анҳумонинг ҳадисида батафсил айтиб ўтилди. Бироқ унинг муайян вақти ёки ҳар бир ракаатида муайян сураларни ўқиш ҳақида ҳеч қандай далил келмаган. Шунга кўра “тасбеҳлар намози” ҳар қандай вақтда ўқилиши ва унинг ҳар бир ракаатида ҳар қандай сура тиловат қилиниши мумкин. Лекин намоз ўқиш макруҳ вақтларда, яъни бомдод намозига азон айтилганидан кейин то қуёш чиққунича, қуёш тик келган вақтда ҳамда аср намозидан кейин қуёш ботиб бўлгунича бўлган вақтларда нафақат “тасбеҳлар намози”ни, балки мутлақ нафл намозларни ўқиб бўлмайди. Термизий роҳимаҳуллоҳдан “тасбеҳлар намози”нинг ўқилиш тартиби ҳақида келтирилган гапини унга мансуб бирон бир китобдан топа олмадик.

Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, “тасбеҳлар намози” ҳақида уламолар ўртасида хилоф бор экан, мусулмонлар бу намознинг мустаҳаб ёки макруҳ эканида тортишиб, ҳар икки тараф ҳам бошқаларни ўз йўлида юришга мажбурлаши, бир-бирини маломат қилиши ва ўртада низо чиқариши асло ва асло дуруст эмас. Чунки ҳар икки фикрнинг ҳам далиллари бор, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг