Рўза рукнлари: ният

0

Рўза рукнлари

Рўзанинг иккита асосий рукни бор:

Биринчи рукн: ният

Аллоҳ таоло айтади: “Ҳолбуки, улар ихлос билан ягона Аллоҳга ибодат қилишгагина буюрилдилар” [Баййина: 5]. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: “Албатта амаллар(нинг солиҳ ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир кимса учун (амали ила) ният қилган (яхшиликнинг савоби ёки ёмонликнинг жазос)и  насиб қилур”[1].

Ниятнинг моҳияти:

 Ният – Аллоҳнинг амрига бўйсуниб бирон ишни бажаришга азму қарор қилиш. Шунга кўра инсон қачон дилида рўза тутишни қасд қилса, ният ҳосил бўлади ва уни талаффуз қилиши шарт эмас. Аксинча, ниятни талаффуз қилиш бидъатдир.

Ниятга тааллуқли бир неча масалалар бор.

Биринчи масала: ниятнинг вақти:

Маълумки, рўза фарз[2] ёки нафл рўзадан иборатдир.

  1. Фарз рўзанинг нияти бомдод вақти киришидан олдин, кечанинг бирон бир қисмида вужудга келиши зарур. Бунга далил Ҳафса розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис. Унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Тунда рўза тутишни ният қилмаган кишининг рўзаси рўза бўлмайди”. Бошқа бир ривоятда: “Субҳи содиқдан аввал рўза тутишга азму қарор қилмаган кишининг рўзаси рўза эмас”[3], дейилган.

  2. Нафл рўзаси эса кундузи ният қилиш билан дуруст бўлаверади. Фақат бу ҳолатда ниятдан олдин еб-ичиш ва шунга ўхшаш рўзага зид бўлган ишлар қилмаган бўлиши шарт қилинади. Бунга Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис далилдир: “Кунлардан бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам кириб келдиларда: “Сизларда бирон егулик борми?”, дедилар. Биз: “Йўқ”, дедик. “Ундай бўлса, мен рўзаман”, дедилар”[4]. Бошқа бир ривоятда: Ундай бўлса, мен рўза тутаман”[5], дедилар”.

Мазкур ҳукм саҳобалардан бир гуруҳидан собит бўлган, Ойша, Ҳузайфа, Али, Абу Ҳурайра ва Абуд Дардо розияллоҳу анҳумлар шулар жумласидандир.

  • Нафл рўзаси учун кундузнинг қай вақтига қадар ният қилиши жоиз?

Бу борада уламолар икки хил фикр билдиришган:

  1. Ҳанафий мазҳаби ва Имом Шофеийнинг эски фикрига кўра, инсон туш пайтида қуёш заволга оққунга қадар ният қилиши жоиз.

  2. Ҳанбалий мазҳаби ва Имом Шофеийнинг янги фикрига кўра, кундузнинг ҳар қандай вақтида: хоҳ заволдан олдин, хоҳ заволдан кейин бўлсин ният қилиш жоиздир. Ушбу фикр рожиҳдир. Негаки, заволдан олдин жоиз, ундан кейин жоиз эмаслигини кўрсатадиган бирон далил йўқ, валлоҳу аълам.

Иккинчи масала: ҳар кун учун алоҳида ният қилиш:

Мазкур масаладаги рожиҳ фикрга кўра, рўза тутиладиган ҳар бир кун учун алоҳида ният қилиш вожиб. Бу ҳукмда рўза тутиладиган кунларнинг кетма-кет ёки тарқоқ бўлиши баробардир. Чунки ҳар кунлик рўза алоҳида ибодатдир. Зеро, баъзи кунларда тутилган рўзанинг бузилиши бошқа кунларда тутилган рўзага таъсир қилмаслиги ҳам шуни кўрсатади. Ушбу фикр Имом Абу Ҳанифа, Имом Шофеийларнинг мазҳаби ҳамда Имом Аҳмаддан нақл қилинган бир ривоятдир[6].

Учинчи масала: ниятни бузиш:

Ниятни бузишдан мақсад рўзани бузишни ният қилишдир. Инсон рўзани бузишни (оғиз очишни) ният қилиши билан гарчи ҳеч нарса тановул қилмасада рўзаси бузилади. Негаки, ният рўзанинг рукни саналиб, рўза давомида ниятнинг давом этиши рўзанинг дуруст бўлиши учун шартдир[7]. Агар инсон қасддан ниятини бузса, нияти бузилиб, рўзаси ҳам ботил бўлади.

Мавзуга доир айрим мулоҳазалар:

1. Ниятнинг қатъий бўлиши шарт қилинади. Шунга биноан, инсон ниятида иккиланса, масалан, “эртага рўза тутсаммикин ёки йўқмикин”, дея тараддуд қилса, нияти дуруст бўлмайди.

2. Ой киргани тўғрисида иккиланиш бўлсада ният дуруст бўлаверади. Айтайлик, эртага рамазон ойининг биринчи куни эканини аниқ билмаса ва шунга кўра “агар эртага рамазоннинг биринчи куни бўлса, рамазон рўзасини тутаман, акс ҳолда рўза тутмайман ёки назр ва шунга ўхшаш рўза тутаман”, деса, рожиҳ фикрга кўра нияти дуруст бўлаверади. Негаки, бу, собиқ масаладаги каби ниятдаги тараддуд бўлмай, балки ой кирган ёки кирмаганлигидаги иккиланишдир. Мазкур фикр Шайхулислом Ибн Таймия роҳимаҳуллоҳ рожиҳ деб билган фикрдир.[8]

3. Баъзи ҳолатларда фарз рўзаси учун ҳам кундуз асносида ният қилиш жоиздир. Жумладан:

  • кундузи рамазон ойи кўрингани хабари келса;

  • кечқурун қуёш ботишидан олдин уйқуга кетиб, бомдод вақтига киргач уйқудан уйғонса;

  • ёш бола кундузи балоғатга етса;

  • ақлдан озган киши кундузи ўзига келса;

  • кофир кимса кундузи исломни қабул қилса.

Мазкур кишиларнинг барчалари кундузнинг қолган қисмида рўза тутадилар ва кечаси ният қилмаганлари сабаб шу кунги рўзани қайтадан тутиб беришлари шарт эмас.

4. Юқорида айтиб ўтганимиздек, нафл рўзаси учун кундузи ният қилиш жоиздир. Бироқ кундузи рўзани ният қилган киши қанча миқдорда савобга эга бўлади?

Шофеий ва ҳанбалий мазҳабларига кўра, инсон ният қилган вақтидан бошлаб тутган рўзасининг савобига эга бўлади. Негаки, ҳадисда “Ҳар бир кимса учун (амали ила) ният қилган (яхшиликнинг савоби ёки ёмонликнинг жазос)и  насиб қилур”, дейилган.

Ҳанафий мазҳабига кўра, тўлиқ бир кунлик рўза савобини олади. Бу масала жамоат намозининг бир қисмига етишган киши тўлиқ жамоат савобини олганига ўхшайди. Бу Аллоҳнинг фазли-марҳаматидир[9].

[1] Бухорий  (“Ваҳийнинг бошланиши китоби”, “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга ваҳийнинг қандай бошланганлиги ҳақидаги боб”, 1-рақамли ҳадис) ва Муслим (“Амирлик тўғрисидаги боб”,  “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Албатта амаллар(нинг солиҳ ёки яроқсизлиги, мақбул ёки номақбуллиги) фақат ниятга боғлиқ”,-деган сўзлари ва бунга ғазот қилиш ва ундан бошқа амалларнинг ҳам кириши тўғрисидаги боб”, 1907, 155- ҳадислар) ривоят қилишган.

[2] Рамазон рўзаси, назр, каффорат ва қазо рўзалари  фарз рўзалардир.

[3] Саҳиҳ. Абу Довуд (2454), Термизий (730), Ибн Можа (1700) ва Насоий (4/196) ривоят қилишган.

[4] Муслим (1154), Абу Довуд (2455), Термизий (733), Насоий (4/194) ва Ибн Можа (1701) ривоят қилишган.

[5] Байҳақий ривояти (4/203). Имом Байҳақий ҳадис санади тўғрисида “Бу саҳиҳ санаддир”, дейди.

[6] Имом Моликнинг мазҳаби ва Имом Аҳмаддан нақл қилинган бир ривоятга кўра, рамазон рўзаси учун ой бошида бир марта ният қилиш кифоя. Юқорида баён қилинган фикр рожиҳдир, валлоҳу аълам.

[7] Ниятнинг давом этишидан мақсад кишида рўзани бузувчи нарсалар: еб-ичиш ва жинсий яқинликдан тийилишга бўлган азму қарор кундуз бўйи давом этишидир.

[8] “Ал-ихтиёротул фиқҳийя” (191-бет).

[9] Шайх Ибн Усаймийн роҳимаҳуллоҳ юқорида зикр қилинган ҳадисга биноан биринчи фикрни рожиҳ деб билади.  Ҳанафийларнинг қиёси тўғри эмас. Негаки, жамоат савобига эришган одам жамоатга етишни ният қилган ва шу нияти сабаб воқеликда эриша олмаган тўлиқ жамоат савобига эришган. Бироқ кундузи рўза тутишни ният қилган киши ўша кунни бошидан рўза тутишни ният қилмаган, балки ният қилган вақтидан бошлаб рўза тутишни бошлаган. Шунинг учун ҳам кундуздан рўза тутишни ният қилган қисмининг савобигагина молик бўлади, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг