Исломий нашидалар айтиш ёки эшитишнинг ҳукми

0

Савол:

Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ. Саволим нашида эшитиш ёки айтиш ҳақида. Нашида айтиш динимизда қайси даражада туради, яъни мубоҳми, мустаҳабми ва ҳоказо? Бироз бўлса-да таъсирли бўлган нашидалар бор. Шундай нашидаларни эшитиш ҳақидагина эмас, балки айтиш ҳақида ҳам батафсилроқ тушунтириб берсангиз?

Жавоб:

Ва алайкум ассалом ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳ! Бисмиллаҳ. Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Нашида айтиш аслини олганда мубоҳ ишдир. Чунки Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, саҳобалар ҳам нашида эшитишган ва баъзан якка тарзда, баъзан эса жўр бўлиб нашида айтишган. Лекин улар эртаю кеч доимий суратда шу иш билан машғул бўлмаганлар. Сабаби, шеъриятга ҳаддан ташқари эътибор қаратган киши Қуръони каримдан узоқлашиши табиий. Салафларимиз узоқ сафарларга чиқишганида, ишлаб ҳолдан тойишганида тетиклашиш мақсадида нашида айтганлар. Масалан, Хандақ ғазотида саҳобалар хандақ қазир эканлар елкаларига тупроқ кўтариб: “Биз умримиз сўнггига қадар жиҳод қилишга Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга байъат қилдик” деган мазмундаги шеър айтишган. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аллоҳим, ҳақиқий ҳаёт охират ҳаётидир. Ансор ва муҳожирларни ўз мағфиратингга ол” деган маънодаги шеър билан жавоб берганлар (Бухорий ривояти, 3536).

Агар нашиданинг матнида эътиқодга путур етказадиган ёки беҳаё ва бемаъни сўзлар бўлса ёки нашида инсонларни ҳаром ишга ундаш учун айтилган бўлса ёхуд унга мусиқа аралашган бўлса, у ҳолда бундай нашидани айтиш ҳам, эшитиш ҳам ҳаром бўлади. Нашида айтиш аслида мубоҳ иш бўлса-да, одамларга даъват бўлиши учун нашида айтиш мустаҳаб саналади. Чунки аслида мубоҳ бўлган ишларнинг ҳукми бошқа хайрли ишларга сабаб бўлгани туфайли ўзгаради, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг