Савол:
Ассалому алайкум. Домла, менда бир савол туғилган эди. Эр-хотин бой бўлишса, хотин ўзининг яқинларига ёрдам бериш ниятида эрнинг олдидан ўтса-ю, эр бунга рози бўлмаса, бундай ҳолатда аёл эридан яшириб яқинларига ёрдам беришининг ҳукми нима бўлади? Жавоб учун олдиндан ташаккур.
Жавоб:
Ва алайкум ассалом ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ! Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!
Аёл ўз мол-мулкидан яқинлари ёки бошқаларга хайр-садақа қилиши учун эрининг розилигини олиши шарт эмас. Шариатимизда аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинган. Аёлнинг мол-мулкига эр хўжайинлик қилиши мутлақо нотўғри. Бу борада уламолар ўртасида ҳеч қандай хилоф йўқ. Бироқ аёлнинг ўз мол-мулки бўлмаса, унда аёл эрининг мол-мулкидан ўз яқинлари ёки бошқаларга хайру эҳсон қилиши уч турга бўлинади:
Аёл эрининг мол-мулкидан одатда рухсат сўралиши керак бўлган нарсаларни ундан берухсат садақа қилиб юбориши: бу ҳаромдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Аёл эрининг рухсатисиз унинг молидан ҳеч нарса эҳсон қилмасин” – деганлар (Термизий (670) ривояти).
Аёл одатда рухсат сўралмайдиган арзимас нарсаларни эридан берухсат эҳсон қилиши: бу жоиздир. Шундай ҳолатда қилинган эҳсоннинг ярим савоби эрига, қолган ярми эса аёлнинг ўзига бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Аёл эри топган мол-мулкдан унинг изнисиз эҳсон қилса, бу нафақанинг ярим савоби эрига бўлади” (Бухорий (5192) ва Муслим (1026) ривояти).
Эр олдиндан умумий шаклда рухсат бериб қўйган бўлиши: бундай ҳолатда аёл рўзғор иқтисодига зарар етмайдиган даражада эҳсон қилиши жоиз. Албатта, бу орқали эр ҳам, аёл ҳам шу эҳсоннинг тўлиқ савобига эга бўлади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар: “Агар аёл уйидаги таомлардан ҳаддан ошмаган ҳолда эҳсон қилса, эҳсон қилгани учун аёлга ҳам, бу пулни топгани учун эрига ҳам, хизматчига ҳам шу эҳсоннинг тўлиқ савоби бўлади, бирор бирларининг савоби бошқасиникини камайтирмайди” (Бухорий (1359) ривояти).
Discussion2 fikr
Изоҳингиз sizga qanday savol yuborsa buladi
Саҳифанинг юқори қисмида қизил рангда “САВОЛ ЮБОРИНГ” ёзуви бор. Шу ердан ўз саволингизни юборишингиз мумкин.