Қай бири имомликка ҳақлироқ: муқимми ёки мусофир?

0

Савол:

Жамоатда  6­–7 киши бўлиб, баъзилари муқим, баъзилари мусофир бўлса, улардан қай бирлари намозда имомга ўтишга ҳақлироқдирлар?

Жавоб:

Оламлар Раббиси Аллоҳга ҳамду санолар бўлсин! Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам, у зотнинг барча оилалари ва асҳобларига Аллоҳнинг салом ва саловотлари бўлсин!

Дастлаб шуни эслатиб ўтиш мақсадга мувофиқки, муқим инсон мусофирга иқтидо қилиши жоиздир. Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ғазотда қатнашдим, у зот билан Макка фатҳида иштирок этдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Маккада ўн саккиз кеча қолдилар, (шомдан бошқа) барча намозларни фақат икки ракаатдан ўқир ва: “Эй шаҳар аҳли, сизлар тўрт ракаат ўқинг, биз мусофир қавммиз” – дер эдилар [Абу Довуд (1229), Албоний заиф деган]. Мазкур ҳадис заиф бўлсада, бироқ унинг маъносига тўрт мазҳаб вакиллари ва бошқа уламолар иттифоқ қилишган. Қолаверса, ривоят қилинишича, Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Маккага келса, одамларга икки ракаатдан намоз ўқиб берар, сўнгра уларга: “Эй Макка аҳли, намозни тўлиқ ўқинглар, зеро, биз мусофир қавммиз” – дер эди” [Имом Молик “Муватто”да (2/206) ривоят қилган, санади саҳиҳ].   Шавконий роҳимаҳуллоҳ “Найлул автор” китобида бу ишнинг жоиз эканига уламолар ижмоси борлигини айтади.

Косоний роҳимаҳуллоҳ айтади: “Муқимнинг мусофирга иқтидо қилиши дурустдир…  Агар имом икки ракаат ўқиб салом берса, муқим салом бермайди. Негаки, унинг зиммасида ҳануз намоз шартлари турибди. Агар имомга қўшилиб салом берса, намози бузилади. Балки муқим ўрнидан туриб, намозни тўрт ракаат қилиб тугатади…” [“Бадоиус саноиъ” (1/101)].

Муқим ва мусофир кишилар йиғилиб қолган жамоатда улардан қай бирлари имомликка ҳақлироқ, деган масалада бирон кескин ҳужжат йўқлиги сабаб қадимда ҳам, ҳозирда ҳам уламолар турлича фикр билдирганлар. Қуйида ана шундай фикрлардан айримларини келтириб ўтамиз:

Ибн Муфлиҳ роҳимаҳуллоҳ “Ал-фуруъ” китобида шундай дейди: “Қаср намоз ўқийдиган мусофирнинг муқимга имомлик қилиши макруҳ бўлмайди. Бироқ муқим имомликка ҳақлироқдир…”.

Имом Нававий роҳимаҳуллоҳ “Ал-мажмуъ” китобида айтади: “Модомики мусофирлар ичида ҳоким ёки унинг ноиби бўлмас экан, муқим мусофирдан кўра имомликка ҳақлироқдир. Бироқ мусофир муқимга имомга ўтса, макруҳми ёки йўқми? Бу хусусда (шофеий мазҳабида) икки хил фикр бор. Тўғрироғи, бу макруҳ эмас. Негаки, бу борада бирон шаръий қайтариқ собит бўлмаган”.

Ҳофиз Ибн Абдулбар роҳимаҳуллоҳ “Ал-кофий” китобида шундай дейди: “Имом Моликнинг фикрича, муқим ва мусофир кишилар йиғилиб қолсалар мусофирлардан бири имомга ўтиши афзалдир. Мусофир бўлмиш имом салом бергач, орқадаги муқимлар якка тартибда намозни қолганини ўқиб оладилар. Муқимнинг имомга ўтиши макруҳ бўлиб, бироқ ўқилган намоз дурустдир. Бу ҳолатда муқимга иқтидо қилган мусофирлар намозни тўлиқ (тўрт ракаат) ўқишлари лозим бўлади”.

Аллома Мувоқ Ал-Моликий роҳимаҳуллоҳ “Ат-тож вал иклил” китобида шундай дейди: “Ал-Лахмий айтади: “Имом Моликнинг сўзидан жамоат билан ўқилган намознинг қаср қилиб ўқилган намоздан афзаллиги чиқади. Чунки уларнинг ҳар иккиси суннат бўлсада, жамоат ажр-савоб кўплиги билан устундир”.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, агар муқим ва мусофирлар масжидда йиғилиб қолсалар, у ҳолда масжид имоми ёхуд муайян имом тайин қилинмаган бўлса муқим кишилардан бири намоз ўқиб бергани афзал. Агар улар масжиддан бошқа жойда йиғилиб қолсалар ва мусофирлар ичида имомликка яроқли киши бўлса, у ҳолда мусофирнинг имомга ўтиши афзал. Мазкур ҳолатда мусофир бўлмиш имом намоз бошлашдан аввал ёки салом бергач, унга иқтидо қилган муқимларга намозни тўлдириб қўйиш лозимлигини эслатиши суннатдир. Агар орқадагиларга бу суннат маълум бўлса, у ҳолда эслатмасликнинг зиёни йўқ, валлоҳу аълам.

Изоҳ қолдиринг