Тарк қилинган суннатлар: оғиз очишга шошилиш ва саҳарликни кечиктириш

0

Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавот ва саломлар бўлсин!

Саҳл ибн Саъд Соидий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Инсонлар (рўзада) ифтор – оғиз очишга шошилар эканлар, улардан яхшилик аримайди” (муттафақун алайҳ). Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Саҳарлик қилингиз, зеро, саҳарликда барака бор” – деганлар (муттафақун алайҳ).

Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳу шундай дейди: “Мен оилам билан саҳарлик қилиб, бомдод намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўқиш учун шошилар эдим” (Бухорий ривояти). Анас ва Зайд ибн Молик розияллоҳу анҳумолар шундай дедилар: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан саҳарлик қилдик. Сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам намозга турдилар”. Даврадошлардан бири: “Саҳарлик билан азон ўртасида қанча вақт бор эди?” – деб сўраганида: “Эллик оят ўқигулик вақт” – деб жавоб берганлар (Бухорий ривояти).

Бугун кўпчилик инсонлар рўзага оид тарк қилинган баъзи суннатлар, аниқроғи, саҳарликни кечиктириш ва оғиз очишга шошилиш ҳақида сўз юритамиз. Бу суннатларга назар солсангиз, динимиз нақадар енгил ва марҳамат дини эканига яна бир бор амин бўласиз. Чунки динимиз бизни Аллоҳ таолонинг буйруғи ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига қандай бўлса шундайлигича, яъни унга ҳеч нарса қўшмасдан ва ҳеч нарсани камайтирмасдан амал қилишга буюради. Зеро, динга қўшимча қилиш ҳаддан ошиш бўлса, диндаги буйруқларга тўлиқ бўйсунмаслик сусткашликдир.

Инсонлар (рўзада) ифтор – оғиз очишга шошилар эканлар, улардан яхшилик аримайди” ҳадисининг шарҳида имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Модомики бу уммат оғиз очишга шошилар экан, унинг иши тартиб-интизомли бўлади ва улардан яхшилик аримайди. Агар улар оғиз очишни ўз вақтидан кечиктирсалар, бу улардаги бузулишнинг бир аломати бўлади”. Барвақт, яъни қуёш ботиши билан ифторлик қилиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларини маҳкам тутиш демакдир. Зеро, қуёш ботиши билан рўза вақти тугайди. Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Агар бу тарафдан кеча келиб, кундузи бу тарафга кетса ва қуёш ботса, рўзадорнинг оғзи очилади” (муттафақун алайҳ). Бу вақтдан кейин ҳам ифторлик қилмай, ифторликни кечиктиришнинг ҳеч бир фойдаси йўқ. Демак, қуёш ботиши билан ифторлик қиладиганлар суннатга амал қилишлари билан бирга фойдасиз иш билан ўзларини қийнамайдилар.

Саҳарлики кечиктириш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг феълий суннатларидан бири саналади. Бу ҳақда кўплаб саҳобалар турли хил лафзлар билан бир неча ҳадисларни ривоят қилишган. Юқорида зикр қилинган Зайд ибн Собит ва Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадис шулар жумласидан. Саҳл розияллоҳу анҳунинг: “Мен оилам билан саҳарлик қилиб, бомдод намозини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам билан ўқиш учун шошилар эдим” – деган сўзларидан шуни тушуниш мумкинки, саҳарлик тугаши билан бомдод намозининг ўқилиши ўртасида саноқли дақиқалар бор экан. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш лозимки, саҳарликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига эргашиш ниятида кечиктириш керак. Шунда инсон бу суннатга эргашиш савобига эришади. Қолаверса, саҳарлик қилиш аҳли китобларга хилоф иш тутиш саналади. Бу ҳақда Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг мавлоси Абу Қайс шундай дейди: “Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу бизни саҳарликка овқат қилишга буюрарди. Бироқ ўзи у овқатдан кўп емас эди. Биз унга: “Саҳарликка овқат қилинглар, дейсизу, лекин ўзингиз озгина ейсиз?!” – десак, у: “Мен егим келгани учун овқат қилинглар, демайман. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: “Биз билан аҳли китобларнинг рўзаси ўртасидаги фарқ саҳарлик қилиш” – деганларини эшитганим учун айтаман” – деб жавоб берар эди” (Муслим ривояти).

Саҳарликни кечиктириш деганда уни бомдод вақтигача кечиктириш назарда тутилади. Бу дегани бомдод вақти кирганидан кейин ҳам овқат еявериш суннат дегани эмас. Бироқ бугунки кунимизда эҳтиёткорликни пеш қилиб, бомдод намозининг вақти киришидан ярим соат ёки бир неча дақиқа олдин овқат еб бўлмайди, деб билиш, ҳатто тақвимларга “оғиз ёпиш вақти” деган вақтларни киритиш Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига хилоф ва динда асли бўлмаган ишлардан биридир. Келинг, азизлар, яқинлашиб келаётган рамазон кунларидан бошлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу суннатларини ҳам “тирилтирайлик” ва унинг ўрнини эгаллаган бидъатларга қарши курашайлик.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг