Ҳайз ёки нифос кўрган аёллар рўзаси

0

Тўртинчидан: ҳайз ёки нифос кўрган аёллар рўзаси

Ҳайз ёки нифос кўрган аёллар рўзасини очишлари вожиб. Уларнинг рўза тутишлари дуруст эмас, балки рўза тутишлари ҳаромдир. Борди-ю, рўза тутсалар гуноҳкор бўладилар ва тутган рўзалари ботил бўлади. Бундай аёллар ҳайз ва нифосдан поклангач, рўзанинг қазосини тутиб беришлари вожибдир.

Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида ҳайз кўрар ва рўзанинг қазосини тутишга буюрилар, намознинг қазосини ўқишга буюрилмас эдик[1].

Агар ҳайз кўрган аёл кундузи ҳайздан покланса, кундузнинг қолган қисмида рўза тутиши шарт эмас. Чунки уни бундай қилишга буюрадиган бирон далил йўқ. Бироқ унга ўша кунги рўзанинг қазосини тутиб бериш вожиб бўлади.

Агар ҳайз кўрган аёл бир лаҳза бўлсада субҳи содиқдан олдин покланса, у ҳолда субҳдан олдин ғусл қиладими ёки йўқми рўза тутишни ният қилади ва тутган рўзаси дуруст бўлади.

Агар аёл киши қуёш ботишидан бир лаҳза бўлсада олдин ҳайз кўрса, у ҳолда ўша кунги рўзанинг қазосини тутиш вожиб бўлади. Аммо оғриқ ва безовталик сингари ҳайз аломатларини ҳис қилса-ю, бироқ қуёш ботгандан кейингина қон чиққанини кўрса, у ҳолда тутган рўзаси дуруст саналиб, ўша кунги рўзанинг қазосини  тутиши вожиб бўлмайди.

Эслатма:

  1. Истиҳоза қони кўрган аёлнинг рўзаси ҳар қандай ҳолатда ҳам дурустдир. Истиҳоза қони кўришлик рўза тутишни ман қилмайди.

  2. Агар аёлнинг ҳомиласи қирқ кундан олдин тушиб қолса, айрим уламоларнинг фикрига кўра, ҳомила ортидан чиққан қон нифос қони ҳисобланмайди. Бундай ҳолатда аёл рўза тутиб, намоз ўқийвериши мумкин.

Шайх Албоний роҳимаҳуллоҳ аёлнинг ҳомиласи қирқ кундан олдин ёки кейин тушишидан қатъий назар, чиққан қоннинг нифос қони саналишини рожиҳ деб билади. Чиндан ҳам мазкур фикр рожиҳ бўлиб, тиббиёт ҳам бу фикрни қўллаб-қувватлайди, валлоҳу аълам.

  1. Агар аёл киши ҳайз келишини ман қиладиган дорилар истеъмол қилса ва оқибат қон кўрмаса, у ҳолда тутган рўзаси дурустдир. Шундай бўлсада, аёл киши Аллоҳ таолога ҳайз ҳолатида рўза тутмаслик ва бошқа пайтларда рўза тутиши билан тоат-ибодат қилиши, ўзига ортиқча машаққатни юкламаслиги афзалдир. Қолаверса, бундай дорилар аёл соғлигига зиён етишига ҳам сабабчи бўлиши мумкин.

[1] Муслим (335), Абу Довуд (263), Термизий (787), Насоий (4/191) ва Ибн Можа (1670) ривоят қилишган.

Изоҳ қолдиринг