Майкада намоз ўқишнинг ҳукми ҳақида

0

Савол:

Майкада елка очиқ ҳолда намоз ўқиш жоизми? Олдиндан раҳмат.

Жавоб:

Бисмиллаҳ, Аллоҳ таолога ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога салавоту саломлар бўлсин!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Бирортангиз елкаси очиқ ҳолда битта кийимда намоз ўқимасин” – деганлар (муттафақун алайҳ). Жумҳур уламолар бу ҳадисдаги елка очиқ ҳолда намоз ўқишдан қайтариш бу ишнинг макруҳ эканига далил бўлади, деганлар. Чунки елка очиқ ҳолда намоз ўқиш жоиз экани бир неча ҳадисларда собит бўлган.

Юқоридаги ҳадиснинг шарҳида имом Нававий роҳимаҳуллоҳ шундай дейди: “Имом Молик, имом Абу Ҳанифа, имом Шофеий ва жумҳур уламолар бу ҳадисдаги қайтарув макруҳи таҳримийга эмас, балки макруҳи танзиҳийга далолат қилади, деганлар. Агар инсон битта кийимда авратлари беркитилган ва елкаси очиқ ҳолда намоз ўқиса, бу намози макруҳ саналса-да, дуруст бўлади. Бу ҳукмда у елкасини беркитишга қодир бўлиши ёки бўлмаслигининг фарқи йўқ. Имом Аҳмад ва баъзи салафлар юқоридаги ҳадиснинг зоҳирига биноан, елкасини беркитишга қодир бўла туриб беркитмаса, унинг намози дуруст бўлмайди, деганлар. Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳдан (бундай ҳолатда) намози дуруст бўлади, лекин елкасини беркитмагани учун гуноҳкор бўлади, деган ривоят ҳам бор. Жумҳурнинг далили Жобир розияллоҳу анҳунинг ҳадисидаги Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ушбу сўзларидир: “Агар кийим кенг бўлса, бир учини елканга, бир учини белинга қил. Агар кийим тор бўлса, уни белингдан пастига бойла” (Бухорий ва Муслим ривояти)”.

Хулоса шуки, майкада намоз ўқиш (танзиҳий) макруҳ бўлиб, бу намоз дуруст саналади, валлоҳу аълам.

Муҳаммад Ҳабибуллоҳ (Акбар Саматов): 1988 йил Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Ўрта мактабни тугатганидан сўнг диний илм ўрганиш ниятида Тошкент шаҳридаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. У ерда икки йил таълим олганидан сўнг араб тилини мукаммал ўрганиш мақсадида Миср Араб Республикасига бориб, у ердаги Ал-азҳар университетига ўқишга кирган ва университетнинг Исломий Шариат факултетини тугатган. Бошланғич ва асосий илмини шайх Содиқ Самарқандийдан олган. Шунингдек, Абу Исҳоқ Ҳувайний, Мустафо Адавий, Ториқ Эвазуллоҳ, Ваҳид Абдуссалом Болий, Ҳасан Ёсир каби шайхлардан таълим олган. IxlosOrg саҳифасининг асосчиларидан бири. 2013 йилдан буён Туркияда истиқомат қилиб, даъват ва диний таълим соҳаларида фаолият юритиб келмоқда.

Изоҳ қолдиринг