Қазо рўзасини тутмасдан вафот этган киши

0

Қазо рўзасини тутмасдан вафот этган киши

Қазо рўзасини тутмасдан вафот этган кишининг номидан бошқа биров рўза тутадими ёки йўқлиги хусусида қуйидагича ихтилоф бор:

Биринчи фикр:

Қазо рўзасини тутмасдан вафот этган кишининг номидан валийси рўза тутади. Бу ўринда тутиши лозим бўлган рўза фарз рўза бўлса бўлгани, унинг рамазон, назр ва ҳоказо рўза бўлишининг аҳамияти йўқ. Бу фикр эгалари қуйидаги ҳадисларни далил қилишади:

А) Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дейдилар: “Ким бўйнида рўзаси бўлган ҳолида вафот этса, унинг номидан валийси рўза тутади[1]. Кўриб турганингиздек, ҳадисда умумий тарзда фарз рўза назарда тутилган, фақат назр рўзаси кўзда тутилмаган.

Б) Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб деди: “Эй Расулуллоҳ, онам зиммасидаги бир ойлик рўзасини тутмасдан вафот этиб кетдилар. Мен унинг номидан рўза тутишим керакми?”. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Агар онангнинг зиммасида (биронтадан) қарзи бўлганида, ўша қарзни унинг номидан ўтармидинг?”. “Ҳа” – деди ҳалиги киши. “Аллоҳнинг қарзи (бандаларнинг қарзидан кўра) ўташликка ҳақлироқдир” – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам”[2].

Ҳадисдаги “Аллоҳнинг қарзи (бандаларнинг қарзидан кўра) ўташликка ҳақлироқдир”, деган сўздан ҳукмнинг назр рўзага ҳам, бошқа фарз рўзаларга ҳам тааллуқли экани тушунилади. Бу фикр зоҳирийлар, шунингдек, Имом Шофеийнинг икки фикридан биридир.

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Мана шу фикр биз эътиқод қиладиган тўғри фикрдир. Шунингдек, бу фикрни мазкур саҳиҳ ва очиқдан-очиқ ҳадисларга таяниб фиқҳ ва ҳадис илмини яхши ўзлаштирган шофеий мазҳабининг муҳаққиқ уламолари тўғри деб билган”[3].

Иккинчи фикр:

Бир гуруҳ уламоларнинг фикрича, маййит номидан унинг валийси фақат назр рўзасинигина тутади, рамазон рўзаси учун эса маййит номидан фидя – таом бериши кифоя.

А) Улар ўз фикрларини исботлаш учун Ойша ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумларнинг фатволарини далил қилишади. Юқорида биринчи фикр эгалари зикр қилишган ҳадисларни бу икки саҳобий ривоят қилган бўлиб, бу ҳадислардан нима назарда тутилганини, рўзадан мақсад назр рўзаси эканини улар яхшироқ биладилар.

Ойша розияллоҳу анҳонинг фатвоси қуйидагича:

Амрадан ривоят қилинишича, унинг онаси рамазон рўзасидан бўлган қазосини тутмасдан вафот этади. Шунда Ойша розияллоҳу анҳодан: “Онамнинг номидан рўзасининг қазосини тутайми?” – деб сўрайди. Ойша розияллоҳу анҳо айтади: “Йўқ, балки онангнинг номидан ҳар бир куннинг ўрнига бир мискинга ярим соъ (тақрибан 1.5 кг)дан таом садақа қил”[4].

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо айтади: “Агар бир киши рамазонда касал бўлиб рўза тутолмаса, сўнг қазосини тутишдан олдин вафот этса, у ҳолда унинг номидан таом берилади, қазоси тутилмайди. Агар зиммасида назр рўзаси бўлса, унинг номидан валийси (назр) қазосини тутади”[5].

Б) Шунингдек, бу фикр тарафдорлари юқорида биринчи фикр эгалари далил қилишган Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиснинг баъзи ривоятларида келган қўшимчани далил қилишади. Унда шундай дейилади: “Онам зиммасидаги назр рўзасини тутмасдан вафот этиб кетдилар”.

Бу фикр эгалари мазкур далилларга таяниб, валийнинг маййит номидан рўза тутиши фақат назр рўзасига тааллуқли, дейишади. Бу фикр Имом Аҳмад, Лайс, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ ва Абу Убайдларнинг фикридир.

Учинчи фикр:

Бу фикр эгаларининг айтишларича, маййит номидан назр рўзаси ҳам, бошқа рўзалар ҳам тутилмайди. Бу фикр Имом Абу Ҳанифа ва Имом Моликнинг фикрларидир.

Рожиҳ фикр биринчи фикрдир. Негаки, Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадис, шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ривоят қилган ҳадисдаги “Аллоҳнинг қарзи (бандаларнинг қарзидан кўра) ўташликка ҳақлироқдир”, деган сўз умумий бўлиб, ҳар қандай фарз рўзаларни ўз ичига олади. Энди бу икки саҳобийнинг фатволарига келсак, бу борадаги қоидага кўра, ровий ўз ривоятига хилоф ўлароқ фатво берса, унинг фатвоси эмас, ривояти инобатга олинади, валлоҳу аълам. Қолаверса, мазкур биринчи фикрни Ибн Ҳажар ва Нававий[6] ҳамда замондош фақиҳлардан шайх Ибн Усаймийн[7] роҳимаҳуллоҳ рожиҳ деб билганлар.

Мавзуга оид мулоҳазалар:

(1) Юқорида зикр қилинган ҳукмлар рўзанинг қазосини тутишга имкон топиб, сўнг қазосини тутмасдан вафот этган инсонларга тааллуқли. Аммо узри давом этиб, қазо тутишга имкон топмай оламдан ўтган кишилар зиммасида қазо ҳам, таом – фидя ҳам йўқдир. Шунингдек, ўз навбатида уларнинг валийлари маййит номидан рўза ҳам тутмайдилар, таом ҳам бермайдилар.

(2) Маййит номидан рўза тутадиган киши унинг валийсидир. Уламолар валийдан мақсад ким экани: маййитнинг меросхўрларими ёки ҳар қандай қариндошларими эканида ихтилофлашганлар. Валийдан мақсад маййитнинг меросхўрлари, дейиш афзал, чунки улар қариндошлар ичида маййитга энг яқин инсонлардир.

Нававий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Агар маййитга бегона одам валийнинг рухсати билан унинг номидан рўза тутса дуруст, акс ҳолда, яъни валийнинг рухсатисиз тутса, рожиҳ қарашга кўра дуруст эмас”[8].

(3) Маййит номидан қазо намозларини ўқиш масаласига келсак, ҳеч кимса унинг номидан намоз ўқимайди. Қози Иёз бу борада, шунингдек, ҳеч кимса бошқа бир кимсанинг номидан ҳаётлик даврида рўза тутмаслиги хусусида уламолар ижмо – иттифоқ қилганини зикр қилади. Ихтилоф маййит номидан рўза тутиш ҳақида, холос[9].

(4) Валийлар маййит зиммасидаги рўзани бир вақтнинг ўзида тутмасдан, ўзаро бўлиб олиб, галма-галдан тутиб беришлари афзал. Баъзи уламоларнинг фикрича, агар ўттиз киши бир вақтнинг ўзида бир кун рўза тутсалар маййит зиммасидаги ўттиз кунлик рўзанинг ўрнига ўтади. Валийлар биринчи тариқага кўра рўза тутиб беришлари афзалроқдир, валлоҳу аълам.

[1] Бухорий (1952), Муслим (1147), Термизий (718) ва Абу Довуд (3311) ривоят қилишган.

[2] Бухорий (1953), Муслим (1148), Термизий (717), Абу Довуд (3307) ва Насоий (6/254), Ибн Можа (1758) ривоят қилишган.

[3] Нававийнинг “Саҳиҳи Муслим”га ёзган шарҳи (8/25).

[4] Саҳиҳ. Таҳовий “Мушкилул осор”да (2/142) ва Ибн Ҳазм “Ал-Муҳалло”да (7/4) ривоят қилишган.

[5] Саҳиҳ. Абу Довуд (2401), Ибн Абу Шайба (3/113) ва Ибн Ҳазм “Ал-Муҳалло”да ривоят қилишган.

[6] “Фатҳул Борий” (4/154) ва “Шарҳун Нававий” (8/35).

[7] “Аш-шарҳул мумтеъ”.

[8] Нававийнинг “Саҳиҳи Муслим”га ёзган шарҳи (8/26).

[9] Собиқ манбага қаранг.

Изоҳ қолдиринг