Фитр садақасига оид аҳкомлар хулосаси

0

Фитр садақасига оид аҳкомлар хулосаси

  1. Фитр садақаси ҳар бир мусулмон ҳайит намозидан олдин шариат белгилаб берган маълум миқдорда муайян нарсалардан муайян шахсларга бериладиган садақадир.

  2. Фитр садақаси каттаю кичик, эркагу аёл, ҳур ёки қул бўлишидан қатъий назар ҳар бир мусулмонга фарздир.

  3. Фитр садақаси рўзада билиб-билмай ва беҳуда айтилган сўзлар ҳамда ножўя қилинган ишлардан покланиш ҳамда фақир ва мискинлар учун таомдир.

  4. Ҳайит куни ўзи ва бола-чақасининг кундалик зарур эҳтиёжларидан ортиқча бир соъ таомга эга бўлган киши гарчи закот учун белгиланган нисобга молик бўлмаса-да фитр садақаси бериши фарздир.

  5. Балоғатга етмаган ва мол-мулкка эга бўлмаган ёш болалар номидан моддий имкониятлари бўлган оталари фитр садақаси бериши фарз. Агар балоғатга етмаган ёш бола мол-мулкка эга бўлса, у ҳолда ўзининг мол-мулкидан фитр садақаси берилади.

  6. Киши аёлининг номидан фитр садақаси бериши фарз бўлмай, балки аёл ўз номидан ўзи чиқариши лозим. Агар аёл мол-мулкка эга бўлмаса, эри унинг номидан бериши мустаҳаб.

  7. Ҳомила номидан фитр садақаси бериш мустаҳаб.

  8. Рамазон ойининг охирги куни қуёш ботиши билан фитр садақаси бериш фарз бўлади.

  9. Фитр садақасини ҳайит куни ҳайит намозидан олдин, яъни намозгоҳга кетаётиб бериш афзал саналади.

  10. Фитр садақасини ҳайит кунидан кўпи билан бир ёки икки кун олдин бериш жоиз.

  11. Ҳайит намози бошланиши билан фитр садақаси бериш вақти ниҳоясига етади.

  12. Фитр садақасини ҳайит намозигача бермаган киши қазосини бериши лозим.

  13. Фитр садақаси ҳар бир диёрда ўша диёр аҳли ейишга одатланган асосий тўйимли озиқ-овқат маҳсулотларидан берилади. Масалан, бизнинг диёрда одамлар кундалик ҳаётида ун, макарон, гуруч, ловия, мош, нўхат, картошка, гўшт, балиқ, пишлоқ, сут, шунингдек, майиз, туршак каби қуруқ мевалар ейишга одатланган ва улар асосий озиқ-овқат маҳсулотлари саналади. Бинобарин, мазкур ва шунга ўхшаш озиқ-овқатлардан фитр садақаси бериш жоиздир.

  14. Фитр садақасининг миқдори бир соъ таом (озиқ-овқат)дир.

  15. Фитр садақасида бериш вожиб бўлган бир соъ тақрибан 2175 грамга тенг келади. Бир соънинг вазни озиқ-овқат зичлигига қараб 2100 грамдан 2800 грамгача бўлган оралиқда бўлиши мумкин. Аксар замондош уламолар, жумладан, Саудия доимий фатво қўмитаси бир соъни тақрибан уч килограмга тенг келишини айтганлар. Эҳтиёт юзасидан бир соъни уч килограм деб эътибор қилиш афзалдир.

  16. Фитр садақасида асли таом бериш лозимлиги хусусида уламолар иттифоқ қилганлар. Чунки бу борадаги ҳадис ва асарларда таом зикр қилинган. Бироқ фитр закотида таомнинг қийматини бериш хусусида уламолар ихтилоф қилганлар. Шофеий, моликий ва ҳанбалий мазҳабларидан иборат жумҳур уламоларнинг фикрига кўра, таомнинг қийматини бериш жоиз эмас. Ҳанафий мазҳаби, шунингдек, имомлардан Суфён Саврий, Бухорий ва шайх Ибн Таймия таомнинг қийматини бериш жоиз деганлар. Қадим хилофдан келиб чиқиб, бу борада замондош уламолар ўртасида ҳам ихтилоф бор. Баъзилар таом қийматини беришни жоиз, десалар, бошқалар ножоиз, дейдилар. Бу борада жумҳур уламоларнинг фикри рожиҳдир. Қолаверса, хилоф доирасидан чиқиш ва вожибларни адо этишдаги эҳтиёткорлик ҳам жумҳур уламолар фикрига эргашишни тақозо қилади. Чунки таом бериш масаласи барча уламолар иттифоқ қилган, қийматни бериш масаласи эса ихтилофий масаладир. Шундай бўлса-да, қийматни бериш жоиз, деган уламолар фикрига эргашиб, фитр садақасини қиймат – пул билан адо қилган кишиларнинг тутган йўли ҳам инкор этилмайди, валлоҳу аълам.

  17. Рожиҳ фикрга кўра, фитр садақаси фақат фақир ва мискинларга берилади. Мискин ёки фақир деб топган пули ёхуд даромади ўзи ҳамда қарамоғидаги кишилар эҳтиёжларини қондиришга етмайдиган киши назарда тутилади. Инсонларнинг эҳтиёжлари замон ёки макон ўзгариши билан ўзгариб туради. Еб-ичиш, кийим-кечак, турар жой, маиший (коммунал) тўловлар, даволаниш, асосий таълим харажатлари ва ҳоказо ишлар ҳозирги кунда ҳар бир инсоннинг асосий эҳтиёжлари саналади. Шунга кўра, инсонниг даромади мазкур эҳтиёжларни қоплашга етарли бўлмаса, закот ҳамда фитр садақасини олишга ҳақли бўлади, валлоҳу аълам.

   Фитр садақасига оид батафсил аҳкомлар билан танишиш учун қуйидаги боғичларга мурожаат қилинг:

   Фитр садақаси ҳақида (1)

   Фитр садақаси ҳақида (2)

   Фитр садақаси ҳақида (3)

Изоҳ қолдиринг